Ўзбекистон | 14:01 / 27.03.2024
16250
2 дақиқада ўқилади

15 фоизга арзонлаштирилган дизел нархи 25 фоизгача кўтарилди

12 феврал кунги селекторда берилган топшириқдан сўнг биржа савдоларида тоннаси 11,1 млн сўмгача арзонлашган дизел ёнилғиси нархи шундан кейин ўтган вақт ичида 13,8 млн сўмгача ёки 24,7 фоизга қимматлашди.

Фото: AP

Жорий йил 12 феврал куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари «Ўзбекнефтгаз» АЖга биржа савдоларига қўйилаётган дизел ёнилғиси нархини 15 фоизга пасайтириш бўйича топшириқ берганди.

Шундан сўнг, 19 феврал куни «Ўзбекнефтгаз» ўзига қарашли нефт база омборларидан YEVRO-5 SSDF русумли дизел ёнилғисининг бир тоннасини 11 млн 608 минг 190 сўмдан арзонлаштирилган нархларда биржа савдоларига жойлаштириб борилишини маълум қилганди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, нархи 15 фоизга пасайтирилган дизел ёнилғиси кўп ўтмай яна қимматлашган.

«Топшириқдан бир кун ўтмаёқ, 13 феврал кунги биржа савдоларида дизел ёнилғисининг тоннаси 11 092,5 минг сўмгача арзонлашган эди. Бу феврал бошида кўтарилиб кетган нархларга нисбатан, масалан, 6 феврал кунги ўртача нархга нисбатан 16,6 фоизга арзонлашиш юз берди, дейишга асос ҳам бўлади. Феълан, топшириқ бажарилди. Лекин кейин-чи?

Амалда, феврал ойи тугамаёқ дизел ёқилғиси нархлари ошишни бошлаган ва шу тренд давом этмоқда. Кеча, 26 март кунги савдоларда 1 тонна дизел ёнилғисининг нархи 13 835,3 минг сўмгача кўтарилган. Яъни 40 кун ичида топшириқ бажарилиши учун арзонлаштирилган дизел, энди 24,7 фоизгача, нархлар арзонлашишидан аввалгидан кўра 8 фоизгача қимматроқ даражага чиқариб олинган», дея ёзди иқтисодчи.

Аввалроқ, 2024 йил 1 апрелидан бошлаб биржада дизел ёнилғисининг 1 тоннаси учун акциз солиғи 291 000 сўмдан 326 000 сўмгача оширилиши хабар қилинганди. Бу ҳам нархлар янада қимматлашишига таъсир қилиши мумкин.

Мавзуга оид