Ўзбекистон | 11:20 / 27.03.2024
9630
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда археологик ёдгорлик молхона қуриш учун бузиб юборилгани аниқланди

Денов туманидаги V-VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлиги 876 м3 майдони фуқаролар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 млрд сўмлик зарар етказилган.

Фото: Бош прокуратура

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V-VII асрларга оид Каттатепа археологик ёдгорлиги 876 м3 майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Навоий вилоятидаги Оқтепа-1 археология ёдгорлигининг 193 м3 тупроғи 3 нафар фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олиниб, ёдгорликка 2,6 млрд сўмлик, Бадахшонтепа археология ёдгорлигининг 164 м3 ҳудуди экин майдонига айлантирилгани натижасида 2,3 млрд сўмлик, Ёмонқиёттепа ёдгорлигининг 12 м3 майдони ковлаб олингани натижасида 163 млн сўмлик зарар етказилган.

Наманган вилояти Уйчи туманида ўрта асрларга оид Толмозортепа археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланиб, ёдгорликка 871 млн сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши белгиланган.

Мавзуга оид