Жаҳон | 11:09 / 27.03.2024
32079
5 дақиқада ўқилади

Темир ўпка билан 70 йил – темир ичида қандай қилиб шунча узоқ яшаш мумкин эди?

Бундан 72 йил аввал ҳали полиомиелитга қарши вакцина ихтиро қилинмасдан аввал 6 ёшли болакай уни юқтириб олади ва танаси фалажланади. Фалажлангани сабаб нафас олиш имконияти чекланган болакай темир цилиндр шаклидаги ўпка билан бир умр яшашга, қийинчилик билан қисқа муддатли нафас олишни ўрганишга мажбур бўлади.

1952 йил ёзида АҚШнинг Техас штатида ҳаво 38 даража иссиқ бўлишига қарамай шаҳардаги ҳамма бинолар: сузиш ҳавзалари, кинотеар, барлар, ҳамма-ҳаммаси ишини вақтинча тўхтатган. Буларнинг ҳаммасига сабаб ҳудудда полиомиелит тарқалгани эди.

Шундай кунларнинг бирида 6 ёшли болакай Пoл Александр ташқарида ёзги ёмғир остида ўйнарди. Лекин ўзини яхши ҳис қилмаётган болакайнинг томоғи оғрир, боши оғирлашиб бораётганди. Болакай полиомиелит юқтирган эди. Бироз муддат уйда даволанишдан сўнг Пoлни шифохонага олиб боришади. Шифохона ҳам касалланган болалар билан тўла эди.

Шифокор текшириб боланинг фалаж бўлган танаси вазифаларини бажара олмаётгани учун блокланган нафас йўлларини очиш мақсадида шошилинч трахеотомия қилишади.

3 кундан кейин кўзини очган болакай ўзини хириллаб ишлаб турган темир машина ичида кўрди. Ойналари буғланиб турган машина ичидаги бола ўзини ўлиб қолган деб ўйлайди. Бироқ темир найдан бошини чиқаришгач, атрофида ўзига ўхшаш қанча боланинг темир қутиларда ётганини кўради. Ҳамманинг боши кўриниб турар эди холос.

– Полиомиелитга чалинган темир ўпкалардан нафас олаётган болалар

Полиомиелит қандай касаллик?

Полиомиелит, кўпинча полио деб аталадиган, полиовирус томонидан келтириб чиқариладиган юқумли касалликдир. У кўпроқ болалар орасида тарқалади ва вирус оғиз орқали ёки ифлосланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши мумкин.

Полиовирус асосан ичакда кўпаяди ва қон оқими орқали марказий асаб тизимига тарқалиши, бу эса фалажликка сабаб бўлиши мумкин.

Пoлнинг оғриқли кунлари

Шифохонадаги кейинги 18 ой болакай учун азобли ўтади. Темир қутидан унинг фақат боши чиқиб турар, трахеотомия сабаб гапира олмасди ҳам, фақат болаларнинг йиғлаган овозларини эшитиб ётарди.

Кейинроқ Пoл полиодан тузалиб кетади, бироқ танасида асоратлар қолганди. Болакайнинг бўйнидан пасти бутунлай фалаж бўлиб қолган. Диафрагмаси ўз вазифасини бажара олмагани учун темир ўпка бу вазифани бажариши керак эди. Темир цилиндр мотор ёрдамида ҳавони сиқиб ўпкани ишлашга мажбур қилиб турарди. Пoл эса нафас олиш учун доим унинг ичида бўлишга маҳкум эди. Тиббиёт ходимлари цилиндрни очган пайтда эса нафасини тутиб туришга мажбур бўларди.

Вакцинадан сўнг

Пoл Александр полиомиелит билан оғриган 1952 йил унга қарши вакцина ҳали ўйлаб топилмаган эди. Ўша йили АҚШнинг ўзида 58 минг бола полиомиелит юқтирган.

Вазият 1955 йилда полиога қарши вакцина ўйлаб топилгандан сўнг яхшиланади.

– болакай Пoл темир силиндр ичида

Қурбақа нафас олиш усули

Пoл 8 ёш бўлганда махсус мутахассис унга темир ўпкасиз қисқа муддат нафас олиш усулини ўргатади. Бу техника тилни текислаш ва "аҳҳ" дегандай бўлиб, томоқни очиш орқали ҳавони оғиз ва томоқ бўшлиғида ушлаб туриш орқали бажарилади. Оғиз ёпиқ бўлганда томоқ мушаги ҳавони вокал симлардан ўтказиб, ўпкаларга итаради. Пoл буни "қурбақа нафас олиш" деб атаган.

Пoлга шифокор нафас олиш усулини ўрганса, кучукча олиб беришни ваъда қилганди. Ниҳоят, бир йил деганда болакай 3 дақиқачага эркин тарзда нафас олиш усулини ўрганиб олади ва кучукчали бўлади. Нафас олганда кейинги нафасни ўйлашга мажбур бўлса ҳам, Пoл янги усулни яхши ўзлаштириб олади. Ва қисқа вақтга бўлса-да, темир қутидан чиқиб, аввал айвон, кейин ҳовлига чиқиш имконига эга бўлди.

Аммо ухлаганда нафас олиш имкони йўқлиги туфайли, ҳар кеча темир қутида ухлаши керак эди. Шунга қарамай, Пол ҳовлидан ташқарига чиқишни тўхтатмади. 21 ёшида у Далласдаги мактабни синфга жисмонан қатнамасдан битирган биринчи шахс бўлди.

Сўнг Остиндаги Техас университетининг ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга кирди. Бир неча ўн йиллар давомида Даллас ва Форт-Уортда адвокат бўлиб, уч қисмли костюмда, фалаж бўлган танасини тик ушлаб турадиган ногиронлар аравачасида ўтирган ҳолда судларда қатнашиб, мижозларини ҳимоя қилган.

2023 йилда эса Пол темир ўпка ичида энг узоқ яшаган одам сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди.

Дунё бўйлаб полиомиелитнинг тугатилиши Полнинг энг катта орзуси бўлган. У 2020 йилда ўз хотиралари ҳақида мемуар асар ҳам ёзганди.

- “Кучукча учун 3 дақиқа”, Пол Александр.

Пол Александр яқинда 78 ёшида вафот этди. У инсоният тарихида энг кўп темир ўпка билан яшаган шахс сифатида қолди.

Мавзуга оид