Ўзбекистон | 07:52 / 27.03.2024
8271
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокими ҳокимлик харажатлари учун 7,3 млрд сўм ажратди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносини сақлаш ҳамда 2024 йил учун коммунал, интернет ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида шаҳар маҳаллий бюджети захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7,3 млрд сўм маблағ Тошкент шаҳар ҳокимлигига ажратиляпти.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокими “Маблағ ажратиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Чилонзор тумани, Ислом Каримов шоҳкўчаси 51-уй манзилида жойлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносини сақлаш ҳамда 2024 йил учун коммунал, интернет ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 7 349 756,4 минг (етти миллиард уч юз қирқ тўққиз миллион етти юз эллик олти минг тўрт юз) сўм маблағ Тошкент шаҳар ҳокимлигига ажратилади.

Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси 2024 йил Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартириш киритади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бухгалтерияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ишлар бошқармаси ажратилган маблағларни ўрнатилган тартибда мақсадли сарфланишини таъминлайди ва харид қилинган товар моддий бойликларидан келгусида самарали фойдаланиш чораларини кўради.

Тошкент шаҳри Ғазначилик хизмати бошқармаси ажратилган маблағни ўрнатилган тартибда молиялаштириш чораларини кўради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Тошкент шаҳар Давлат молиявий назорати бошқармаси ажратилган маблағнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатади.

Сметага кўра, хизмат автомобилларига ёнилғи қуйиш учун 690 млн сўм, уларга техник хизмат кўрсатиш учун 150 млн сўм, мажлис заллари учун гилам харид қилишга 100 млн сўм, махсус VIP учун мебеллар жамланмасига 150 млн сўм, лифтларга хизмат кўрсатишга 62 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид