Жаҳон | 13:29 / 30.03.2024
8672
10 дақиқада ўқилади

Кечиккан Ҳиндистондан шу йўлдаги Ўзбекистон учун сабоқлар (якуний қисм, Калкутта)

Kun.uz’нинг Ҳиндистон экологиясига бағишланган ўрганишлари дунёнинг яна бир ҳавоси энг ифлосланган йирик мегаполиси – Калкуттада давом этади. Бу гал Деҳли ва Мумбайдан фарқли ўлароқ, Калкуттадаги табиий ҳолат бузилишининг бошқа омилларига ҳам тўхталамиз.

Бир неча ҳафтадирки, Ҳиндистондаги экологик вазият бўйича ўрганишларимизни кўп қисмли мақолаларимиз орқали сизлар билан бўлишиб келяпмиз. Турли шаҳарлардаги табиий ҳолатнинг бузилишига кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари, тирбандликларда каррасига ошадиган автомобил тутунлари, сохта, сифатсиз ёнилғилар, қурилишлардан кўтарилаётган чанглар, цемент заводлари, аҳолида чиқинди ташлаш маданиятининг йўқлиги, ўз ҳолига ташлаб қўйилган саноат корхоналари чиқараётган карбонат ангидрид, ишлов берилган сигир гўнги ёқилғиси каби биомассалар ва ҳатто шовқиндан ҳам зарарланиш ҳолатлари сабаб бўлаётганини рақамлар, тасвирлар орқали кўрсатиб бердик.

Санаб ўтилган аксар омиллар пойтахтимиз Тошкент ва қолган ҳудудлардаги ҳаво ифлосланишининг келиб чиқишига жуда мос келишини ҳам инкор қила олмаймиз, тўғрими? Ҳиндистоннинг 3-йирик шаҳри Калкутта ҳам бу сабаблардан холи эмас. Бугун гапни чўзиб, яна шу омилларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз. Чунки Калкуттада буларга қўшимча табиий ҳолатни бузиб, атроф-муҳитга зарар келтираётган бошқа улушдорлар ҳам бор.

“Очиқ осмон остидаги музей” – Калкутта

Турли русумдаги жимжимадор безатилган бу эски автобусларнинг бунчалик кўплигини кўриб, гўё Ҳиндистоннинг фойдаланиш муддати тугаган бутун жамоат транспортлари Калкуттага олиб келингандек тасаввур уйғонади кишида. Бу шаҳарга “очиқ осмон остидаги ретро автобуслар музейи” мақомини ҳам ҳеч иккиланмай бериш мумкин.

Ёки “ҳаракатдаги тоза ҳаво кушандалари” салбий мақомини ҳам шу автобуслар учун қўлласа бўлади. Чунки Калкуттадаги минглаб бундай эски автобуслардан атрофга чиқаётган заҳарли газлар йиғилиб бориб, бутун шаҳар экологиясига салбий ҳиссасини қўшаётганини юқорида айтиб ўтдик. Албатта, фақат бу турдаги жамоат транспортларини айбдор қилиш фикридан йироқмиз. Уларга яна бир “кўмакчи” бор. Бу – Амбассадор таксилари.

1957 йилдан 2014 йилгача ишлаб чиқарилган Амбассадор, яъни Элчи русумли бундай автоуловларни Калкуттанинг ҳар қадамида учратиш мумкин. Ҳиндистон деганда кўчалари фақат рикшалар билан тўлган шаҳарлар акс этадиган тасаввурларингиз бу ерда автобусларга қўшимча сариқ рангли ретро машиналарга тўла шаҳар таассуротларига алмашади.

Чиройли манзара. Аммо улар замонавий машиналарга қараганда кўпроқ ёнилғи сарфлайди. Шу билан бирга, дизел ёнилғисида ҳаракатлангани, техник эскиргани, ўз ҳолига ташлаб қўйилган техник кўриклар ва сон жиҳатидан кўплиги ҳисобига Амбассадорлар ҳам атроф-муҳит ифлосланиши ҳиссадорларидан биридир.

Калкутта маъмурияти бу ретро автобус ва Элчи таксилар шаҳар маданиятининг ажралмас қисми, ўзига хос имзоси сифатида сайёҳлик жозибадорлигини оширади деб ҳисоблайди. Лекин шундай бўлса-да, бу турдаги транспортлардан босқичма-босқич воз кечилаётгани, уларнинг ўрнида электр автобуслар йўлга қўйиш, Амбассадорларнинг ҳам ранглари яшилга бўяладиган, электр батареяли янги авлод русумларини ишлаб чиқаришни бошлаш режа қилинмоқда.

Шу сабабли уларнинг сони пандемиядан кейин кескин камайтирилган. 2 йил олдин 7000 тани ташкил қилган Элчи таксиларни 2025 йилгача яна 2500 тага камайтириш мақсад қилинган.

Ҳукумат яқин икки йилда деярли 1200 та электр автобусларини ишга туширишга киришган бўлса, уларнинг 400 таси 2023 йилда аллақачон Калкутта йўлларида ҳаракатланмоқда.

Шаҳар бўйлаб ҳар куни 1,2 млнгача транспортлар ҳаракатланса-да, бу мегаполис Ҳиндистоннинг энг тирбанд шаҳарлари рўйхатининг юқори ўринларида турмайди. Бу ерда транспорт ифлосланишидаги энг катта зиён сифатсиз ёнилғилар ва техник кўрикдан ўтмайдиган эски двигателларнинг кўплигидан келиб чиқади.

Бузилган сув экологияси

Ҳали биз тилга олмаган яна бир экотизим бузғунчиси бор. Бу – сув экологиясининг бузилиши. Океан билан ўралган Ҳиндистон яримороли ва 400 дан ортиқ дарёларига эга Ҳиндистонда сув ифлосланиши даражаси жуда юқори.

Бу фожиали вазият эса “дарёлар мамлакати”даги сув бўйида ўтказиладиган турли маросимлар, сув ҳавзаларига ёқилган майитлар ҳокини тўкиш, чиқинди улоқтириш, шунингдек, қайта ишланмаган оқова сувлари ва саноат чиқиндиларининг дарёларга тўғридан тўғри улаб қўйилиши билан боғлиқ.

Натижада сувдаги экотизим издан чиқиб, сув ўсимлик ва жониворлар дунёсига жиддий зарар етади. Сувнинг одам организмига қайтиб келиш айланмаси натижасида эса ҳаводаги заҳар етмаганидек, ҳиндистонликларнинг оби ҳаёт орқали ҳам турли касалликларга чалиниш эҳтимоли ортади.

Биз суратга олаётган ҳудуддан сал нарироқда худди шу суви ифлосланган Ҳугли дарёси бўйида ҳиндистонликларнинг гуруҳ бўлиб чўмилишаётганига ҳам кўзимиз тушди. Экотизими издан чиққан бундай сув ҳавзаларида чўмилиш эса турли тери ва ичак йўли касалликларини орттириб олиш хавфини оширади.

Бир тасвирда бутун Ҳиндистон

Калкуттадаги бу мавзедан шунчаки ўтиб кетолмаганимизнинг экологиядан ҳам бошқа бир сабаби бор. Ҳиндистондаги табақалашув, тарихийлик ва замонавийлик, иложсизлик ва имконият ўртасидаги тафовут айнан шу ерда бир ракурсдан кўриниб турарди.

 

Даҳа ортидаги кўп қаватли уйларда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби электр токи ва LPG газбаллонлари билан қондирилса, биз сайр қилиб юрган маҳалла аҳолиси эса бу эҳтиёж учун ўтин ва ёқиладиган турли биомассалардан фойдаланади.

Ҳамма ёқда дорга илинган кийим-кечаклар, дарё ва маҳаллада оммавий равишда чўмилаётган одамлар, бозорда ибодат учун сотилаётган турли гуллар ва уларни у ёқдан бу ёққа ташиётган одамларни кўриб, англаш қийин эмаски, бугун калкутталиклар учун қандайдир диний маросим ўтказиладиган махсус кун.

 

Ҳиндистондаги экологик инқирозда аҳолининг антисанитар ҳаёт тарзининг ҳам улуши бор. Бундай аҳволга эса менталитетдан ташқари шароитсизлик ҳам бир сабабчи. Агар электр ва газ таъминоти қамрови тўлақонли қопланганда, одамлар ёнишга мойил исталган нарсани ёқавериб, атрофни дудга тўлдирмасмиди... Начора, яшаш керак.

Яшилликка ҳаминқадар интилиш

Шаҳардаги яшил ҳудудлар қурилишлардан катта миқдорда жабр кўряпти. Аҳоли эса шаҳарлашиш ортидан дарахтларнинг кесилиб кетаётганидан норози. Қурилаётган янги ерусти метро линиясининг остки ҳудуди турли дарахт, бута ва гуллар билан тўлдирилиб, қисқариб бораётган яшилликни ҳаминқадар сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. 

Метро устунидаги бу гулларнинг номи – хлорофитум. Уни халқ тилида “уй кондиционери” ёки “табиий ҳаво тозалагич” дейишади. Биз хона учун кислород генератори сифатида биладиган бу тувак гуллари бугун Калкутта учун ҳам яшиллик, ҳам ҳаво тозаловчи вазифасини бажаряпти. Имкон қадар, албатта.

Кичик тажриба

Биз куни билан шаҳар бўйлаб юриб, кичик бир тажриба ўтказдик:

Калкуттадаги хиралик сабаби кўпроқ чангданми ёки тутундами – шуни билиш мақсадида ёғланган қора рангли оёқ кийимимиз кун охирига бориб қандай ҳолатга келишига қизиқдик. Маълум, дарахтлари кесиб ташланган бизнинг шаҳарларда қора оёқ кийимлар кийиб юролмайсиз. Бир соатга борар-бормас, улар бутунлай оппоқ чанг билан қопланади.

Калкуттада эса унчалик бўлмади. Дарё бўйида лой босганимизни ҳисобга олмаганда, оёқ кийимимизнинг ҳолати у қадар ўзгармаганини ўзингиз ҳам кўришингиз мумкин. Бу эса бир тарафдан шаҳардаги намланиш даражасининг юқорилиги билан боғлиқ бўлса, бошқа тарафдан у ердаги ҳаво ифлосланиши асосан меъёридан ортиқ тутундан келиб чиқаётганига ҳам бир ишора дейиш мумкин.

Ғуборли атмосферага фақат эски транспортлар ва аҳоли томонидан ёқилаётган учоқлар эмас, балки Калкутта шаҳри атрофидаги учта иссиқлик электр станцияси ва кўплаб саноат корхоналаридан чиқаётган заҳарли тутунлар ҳам сабаб бўлмоқда.

Хулоса

Ҳиндистон экологиясига бағишланган бугунги мақоламизда турли статистик рақамлар билан бошингизни қотирмай, Калкуттада ҳамма кўрганларимизни сизларга кўрсатдик.

Энди ўзимизга қайтсак. Дунёнинг ҳавоси ифлосланган шаҳарлари энг кўп жойлашган Ҳиндистон ҳақида бежизга кўп қисмли дастурлар тайёрламадик. Бугун бизнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам ҳинд шаҳарларидан қолишмаган ҳолатда ҳавосининг хавфлилик даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга тез-тез чиқиб турибди.

Бунга қиш ойларидаги заҳарли тутунлар сабаб бўлган бўлса, энди бунга қўшимча қурилишлар ва шаҳар бўйлаб ўта сифатсиз топширилган йўллар, уй-жойлар ҳудудидаги уваланиб кетган цементлардан чиқадиган катта миқдордаги чанглардан пойтахтликлар азият чека бошлайди. Уларни тутиб қоладиган, қайта ишлайдиган дарахтлар эса жуда кам.

 

Тошкентдаги аҳоли сони ортиши билан экологик муҳит бузилаётганидан мантиқсиз ёзғирганлар ҳам учраб турибди. Тўғри, барча дунё шаҳарлари сингари одам кўпайгани сабабли тирбандликлар ҳам бироз кўпайиши мумкин. Бизнинг шаҳар транспортларининг асосий қисми метан газида ҳаракатланиши ҳисобга олинса, тирбандликлар ва одам сони шаҳардаги экоинқирозда бирламчи ўринларда эмас. Эътиборни асосий сабабларга қаратиш керак.

Шаҳарларни нотўғри ташкиллаштириш, муқобил йўлларнинг етишмаслиги, жамоат транспортининг тўлақонли йўлга қўйилмаслиги, саноатда мумкин бўлмаган ёқилғилардан фойдаланиш, чиқинди айланмаси ва қурилишларни ўз ҳолига ташлаб қўйишлар давом этар экан, одамлар чанг ва тутундан заҳарланаверади. Дарахтларнинг кесилиши эса бошқа катта муаммо.

Умумий аҳолиси бутун Ўзбекистон аҳолисидан 1,5 баравар кўп бўлган Деҳли, Мумбай ва Калкутта шаҳарларидаги ҳаво ифлосланиши даражасига биргина Тошкентнинг етиб олгани катта экологик фожианинг ўзи аслида. Биз пойтахтимизни шу ҳолга олиб келдик.

Бу кечиккан Ҳиндистондан шу йўлда бораётган Ўзбекистон учун сабоқлар эди. Ўзимиз ва келажак учун экологияни асрайлик!

Сардорбек Усмоний
Ҳиндистон, Калкутта

Мавзуга оид