Қирол Чарлз саратонга чалинганидан буён илк бор оммага кўриниш берди
Буюк Британия қироли Чарлз III онкологик касаллик аниқланганидан буён илк бор омма қаршисида кўриниш берди. Монарх якшанба куни қиролликнинг асосий қароргоҳларидан бири жойлашган Виндзор қасридаги Пасха байрамида иштирок этди.
Чарлз черковга рафиқаси, қиролича Камилла ҳамда қироллик хонадонининг бошқа аъзолари билан бирга ташриф буюрган.
У ўзи билан саломлашиш учун келган одамлар билан гаплашиб, қўл бериб кўришган.
Айни вақтда 75 ёшда бўлган Чарлз онкологик касалликдан даволанаётгани туфайли сўнгги ҳафталарда жамоат жойларида кўриниш бермаётганди.
У якшанба куни черковга ташриф буюргани ва одамлар билан учрашгани ҳали жамоат ҳаётида яна фаол қатнаша бошлашини кўрсатмайди. Бу ҳозирча шундай қайтиш сари биринчи қадам бўлди.
Букингҳем саройи Чарлзга онкологик касаллик ташхиси қўйилгани ҳақида феврал ойи бошида эълон қилганди. Унинг касаллиги январда аниқланган, ўшанда у простата бези катталашгани юзасидан даволанишга ётганди. Қироллик оиласи унда аниқланган касаллик простата саратони эмаслигини билдирган.
Қирол жамоат жойларида кўриниш бермай қўйиши ортидан март ойининг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда у вафот этгани ҳақида ҳам хабар тарқалганди, аммо бу хабарлар тезда сарой томонидан рад этиб чиқилди.
Март ойида қиролнинг келини, Уэлс маликаси Кейт Миддлтон саратон касаллигига чалингани ва кимётерапия қабул қилаётгани маълум бўлди.
Шу туфайли, унинг турмуш ўртоғи, тахт валиаҳди бўлмиш Уэлс шаҳзодаси ҳам катта эҳтимол билан оиласи ёнида бўлиш учун ўз сафарларини камайтиради, аммо жамоат ҳаётида иштирок этишда давом этади.
Сўнгги ойларда кўплаб оммавий тадбирларда қироллик оиласи номидан қиролича Камилла иштирок этиб келмоқда, хусусан, у ўз турмуш ўртоғи бориши керак бўлган жойларга сафарларни амалга оширмоқда.
Чарлз ва Кейт қачон фаол жамоат ҳаётига қайтиши ҳозирча номаълум.
Мавзуга оид
00:10
Сунъий интеллект диабет ривожланиш хавфини ўнлаб йиллар олдин аниқлашга ёрдам беради
03:11 / 24.12.2024
Британия дронларга қарши янги турдаги радиочастотали қуролни синовдан ўтказди
18:56 / 22.12.2024
Британиялик ҳарбийлар оммавий равишда армиядан кетишни бошлади
21:42 / 19.12.2024