Жамият | 19:18 / 02.04.2024
23852
2 дақиқада ўқилади

Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлган аёлнинг турмуш ўртоғи қамоққа олинди

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилди. Kun.uz манбасига кўра аёлга доимий зўрлик ишлатиб келганликда гумон қилинаётган эркак қамоққа олинган.

Қайд қилинишича, 28 ёшли аёл турмуш ўртоғи томонидан муттасил руҳий ва жисмоний таҳқирланган. 

«Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят Кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура маълумотида. 

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, марҳуманинг турмуш ўртоғи, унга доимий зўрлик ишлатиб келганликда гумон қилинаётган эркак қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, Бекобод туманида турмуш ўртоғи томонидан муттасил руҳий ва жисмоний таҳқирлаб келинган 28 ёшли аёл шу йил 27 март куни 5-қаватдан тушиб кетиб, вафот этган.

Марҳумага аввалроқ 3 маротаба ҳимоя ордери берилган, сўнгги ордер берилганига ҳали 1 ой бўлмаганди. Унинг яқинлари ва воқеа гувоҳлари аёл вафотидан олдин қаттиқ калтакланганини, унга турмуш ўртоғи кўп марта ўлдириш билан таҳдид қилганини айтишган

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳодиса юзасидан прокуратура органи олиб бораётган текширув ҳаракатларини ўз назоратига олганди.

Мавзуга оид