Жаҳон | 19:55 / 02.04.2024
13588
5 дақиқада ўқилади

Туркия демократияси ишлаяпти. Бу – туркий дунё учун яхши намуна

Якшанба кунги сайловлар Туркия нафақат қонунда, балки амалда ва тарихий тажрибага кўра ҳам анча демократик давлат эканини яна бир бор исботлади. Халқнинг иродаси амалга ошяпти: одамлар истаган сиёсатчилар ҳокимиятга келяпти ва мустаҳкамланяпти ёки аксинча, ишончни йўқотган партиялар ва уларнинг вакиллари ҳокимиятдан узоқлашяпти.

Ўтган якшанбада Туркияда муниципал сайловлар бўлиб ўтди. Унда шаҳарлар, туманлар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда депутатлари сайланди. Туркияда давлат бошқарувининг барча бўғинлари халқ иродасига боғланган – сайловлар орқали шакллантирилади.

Ўтган 2023 йилда президентлик сайловлари бўлди ва анча вақтдан бери биринчи марта Эрдўған биринчи турдаёқ юта олмади. Ва иккинчи турда, ўз мухолифи Қиличдорўғлини 5 фоизлик фарқ билан енга олди.

Туркия парламенти 600 депутатдан иборат. Буюк Миллат Мажлисини мухолифатсиз, муқобил қарашлар ва танқидларсиз тасаввур қилиш қийин. Туркияда бугун жами рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар сони 122 дан ошган. Ҳар йили бир нечта янги партиялар тузилади ва рўйхатдан ўтади. Сиёсий плюрализм – Туркия сиёсий ҳаётига тўлиқ кириб борган демократик институт ҳисобланади.

Кечаги муниципал сайловлар натижалари Эрдўған ва унинг партияси ҳисобланмиш “Адолат ва тараққиёт” партияси учун жуда салбий бўлди. Эрдўған ва унинг партияси Туркиядаги 64 фоиз муниципалитетларни, маҳаллий ҳокимиятларни қўлдан бой берди. Бу 64 фоиз муниципалитетларга Туркия иқтисодий улушининг 80 фоизи тўғри келади.

Қиёслаш учун, 2019 йилги муниципал сайловларда “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳамда ушбу партиянинг иттифоқчилари биргаликда 44 фоиз овоз олишган эди. Бу сафар эса 35 фоиз овоз олишди. Мухолифатдаги Халқ республикачилар партияси эса 2019 йилда 30 фоиз овоз тўплаган эди, кечаги сайловларда бу улуш 37 фоизга кўтарилди.

Истанбул – Туркиянинг энг йирик шаҳри, иқтисодий ва маданий маркази, собиқ пойтахт. Эрдўған 2019 йилдаёқ Истанбул ва Анқара ҳокимиятларини қўлдан бой берган эди. Кечаги сайловларда ушбу йирик шаҳарларда мухолиф сиёсатчилар янада каттароқ овоз билан мустаҳкамланди. Эрдўған тарафдори Мурод Қурум каттароқ фоизлар билан ютқазишди.

Истанбул – Туркиядаги сиёсий ўзгаришларни англаш учун муҳим шаҳар. Биргина Истанбулнинг бюджети 16 миллиард долларни ташкил қилади, давлат ялпи ички маҳсулотининг салкам учдан бири Истанбул ва унинг атрофида ишлаб чиқилади. 1994 йилда Эрдўған ўзининг катта сиёсий карьерасини Истанбулда бошлаган эди. Бугун Эрдўған ва унинг партияси Истанбул ва бошқа йирик шаҳарларда ютқазиб қўйишди.

Хўш, нега туркларнинг Эрдўғанга, “Адолат ва тараққиёт” партиясига ишончи пасайди? Бунинг сабаблари кўп. Пандемиядан кейинги иқтисодий вазият тез ва сифатли ўнгланмади. Аксинча, кейинги 5-6 йилда турк лираси жуда катта тезликда қадрсизланмоқда. Сурия ва Ироқ уруши сабабли Туркияда қочқинлар сони ошиб кетди. Қолаверса, Эрдўғаннинг геосиёсий мустақилликка интилиши дунёнинг молиявий марказлари томонидан Туркияга нисбатан яширин босимларга ҳам сабаб бўлди.

Лекин, энг асосийси – бу ижтимоий психология. Сиёсий лидерлар қанчалик малакали бўлмасин, жамиятнинг эҳтиёжи ва қарашлари ўсиб, ўзгариб боради. Демократия – ўзгаришларни энг тез ва самарали расмийлаштирадиган восита ҳисобланади. Туркия нафақат қонунда, балки амалда ва тарихий тажрибага кўра ҳам, анча демократик давлат эканини исботлади. Туркия демократияси ишлаяпти. Халқнинг иродаси амалга ошяпти, одамлар истаган сиёсатчилар ҳокимиятга келяпти ва мустаҳкамланяпти, ёки аксинча, халқнинг ишончи пасайган сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари ҳокимиятдан узоқлашяпти.

Туркия демократияси туркий давлатлар учун жуда яхши ўрнак ва мисол бўла олади.

Дунёда мустақил олтита туркий давлат мавжуд. Бу – Туркиядан ташқари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон. Гарчи конституцияларга кўра барча туркий давлатлар ҳуқуқий-демократик бўлса-да, амалиётда сиёсий плюрализмни жорий қила олган, ҳақиқий сиёсий рақобатга асосланган сайловлар тизимини йўлга қўя олган ягона туркий давлат – бу Туркия бўлиб қолмоқда.

Туркия демократияси Ўзбекистонга, Марказий Осиёга, Кавказдаги Озарбайжонга, қолаверса, мусулмон дунёсига битта муҳим хабарни такрорлайверади: миллий бойлик яратиш учун, иқтисодий ва сиёсий қудратни парваришлаш учун, инсонларни эмин-эркин қилиш учун демократиядан, ҳуқуқий давлатчиликдан ва сиёсий плюрализмдан кўра самаралироқ, тўғрироқ йўл йўқ.

Демократиядан қўрқиш керак эмас. Аксинча, кимки тезроқ демократик жараёнларни бошласа, самарасини ҳам тезроқ қўлга кирита олади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид