Украина дронлари 1300 километр масофага етиб борди. Бунга қандай эришилган?
Татаристондаги нефт заводи ва талабалар қўли билан камикадзе дронлар тайёрланадиган эркин иқтисодий зона зарбага учраган. Республика раҳбари Рустам Минниханов корхоналар раҳбарларини Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига ишониб қолмасдан, дронлар ҳужумидан мустақил ҳимояланишга чақирди.
Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли уруш бошланганидан буён пилотсиз аппаратлар илк бор Татаристондаги корхоналарга ҳужум уюштирди. 2 апрел тонгида «Алабуга» эркин иқтисодий зонаси матбуот хизмати «НАТО ускунлари» билан жиҳозланган иккита дрон эркин иқтисодий зона ётоқхонаси бўйлаб зара берганини маълум қилди. Кўп ўтмай Татаристон раҳбари Рустам Минниханов аниқлик киритиб, дронлар Елабуга ва Нижнекамскдаги корхоналарга ҳужум қилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида жиддий вайронгарчиликлар йўқ, корхоналарнинг технологик жараёни бузилмаган. Нижнекамск шаҳри мэри Рамил Муллин эса шаҳарда дрон маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилгани, аммо радиоэлектрон кураш воситалари томонидан тўхтатиб қолингани ҳақида хабар қилди.
Baza телеграм-канали маълумотига кўра, Нижнекамскда дрон «Татнефт» компаниясига тегишли бўлган «Танеко» заводи қурилмаларидан бирига келиб урилган. Ҳужум оқибатлари акс этган тасвирни ўрганган Reuters агентлиги ёзишича, дрон нефтни бирламчи қайта ишлаш қурилмасига келиб урилган.
Агентликнинг аниқлик киритишича, заводнинг 17 миллион тоннадан ортиқ йиллик ишлаб чиқариш қувватининг (кунига 340 минг баррел) ярми ушбу қурилма ҳиссасига тўғри келарди.
«Коммерсант» манбаси завод томон учган икки дронни кўрганини айтади: бири нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги тўсиққа урилган, «парчаланган» ва ёниб кетган, иккинчиси эса «қаергадир қулаб тушган». «Танеко»дагилар ҳужум юзасидан хабар бермаган.
Татаристондаги корхоналарга ҳужум — Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) амалиётидир, дея хабар берган «РБК-Украина» махсус хизматлардаги манбасига таяниб. «Украинская правда»нинг Украина кучишлатар тузилмалардаги манбаси Елабугадаги ҳужум ортида украин ҳарбий разведкаси тургани, Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужумни эса разведка бошқармаси Украина хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда уюштирганини хабар қилган. Украина ҳукумати РФ ҳудудидаги объектларга қилинган олдинги ҳужумларда бўлганидек Татаристонга дронлар ҳужумини ҳам расман изоҳламаган.
Кремл россиялик ҳарбийлар РФ ҳудудларидаги объектларга зарбалар хавфини минималлаштириш устида иш олиб бораётганини маълум қилган. «Киев режими ўз террорчилик фаолиятини давом эттирмоқда. Биз ва ҳарбийларимиз биринчи навбатда ушбу таҳдидни минималлаштириш ҳамда кейинчалик уни бутунлай йўқ қилиш устида ишлаяпмиз», — деган РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари, ўзининг мунозарали баёнотлари билан танилган Андрей Картаполов РФ «Киевни эгаллаганида, дронларнинг тийиқсизлиги» барҳам топишини айтган.
Ҳужум оқибатида «Алабуга»да ҳостел биноси шикастланган. Жароҳатланганлар сони 14 кишини ташкил этмоқда. Уларнинг барчаси «Алабуга Политех» коллежи талабалари ҳисобланади, шундан икки нафари 17 ёшли ўсмирлар. Ҳужум вақтида улар ётоқхонада бўлишган. Жабрланганлардан фақат олти нафари россиялик, қолганлари Қирғизистон, Шри-Ланка, Зимбабве, Руанда, Конго, Кения, Нигерия, Жанубий Судан фуқаролари. Олти нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
Ҳужум оқибатлари акс этган фото ва видеоларга кўра, «Алабуга Политех» коллежида ўқувчилар учун қурилган саккизта ётоқхонадан иборат мажмуа шикастланган. Кадрларда «Герон» комплекси жиддий шикастланганини кўриш мумкин — ушбу ҳостелда коллеж талабалари бир квартирада тўрт киши бўлиб яшашади.
Шикастланган ётоқхона РФ Украинага ҳужум қилишда фойдаланаётган камикадзе дронлар йиғиладиган цехдан 300–400 метр масофада жойлашган, деб қайд этган «Агентство». Украинлар дрони келиб урилган жой геолокациясини аниқлаган «Озодлик радиоси» ёзишича, цех шикастланган ҳостел олдидан ўтган йўлнинг нариги томонида жойлашган. Шу билан бирга, «РБК-Украина»нинг махсус хизматлардаги манбаси ҳужум оқибатида ишлаб чиқариш қуввати сезиларли даражада зарар кўрганига ишонтирган. Baza телеграм-канали украинлар дрони «Алабуга Политех» ётоқхонасига урилгани акс этган иккита видеони эълон қилган.
2023 йил ёзида «Протокол» нашри ва «РЗВРТ» ютуб-канали «Алабуга» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Россия армияси учун Эрон дронлари таркибий қисмларидан Shahed типидаги жанговар дронларни оммавий тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақидаги суриштирувни эълон қилганди. Суриштирувнинг иккинчи қисмида журналистлар камикадзе дронларни йиғишга «Алабуга Политех» коллежи талабалари жалб этилганини ёзганди. Ўшанда The Washington Post 2025 йил ёзига қадар «Алабуга» ЭИЗ ҳдудида олти минг дрон ишлаб чиқариш режалаштирилгани ҳақида хабар қилган.
Татаристонга ҳужум қилган дронлардан бири видеога тушиб қолган. Зарба бериш учун такомиллаштирилган енгил моторли самолётдан фойдаланилган бўлиши мумкин. Бундай версия «Алабуга»даги дрон кадрларини таҳлил қилиб чиққан «Военний осведомител» Z-канали томонидан илгари сурилган. Блог муаллифлари ҳужум учун Cessna типидаги самолёт ёки украинлар томонидан ишлаб чиқарилган «Аэропракт» самолётидан фойдаланилгани, бунда самолётлар бортидан ўриндиқлар ҳамда авионика олиб ташланиб, қўшимча ёнилғи баки ўрнатилганини тахмин қилган. «Бу ҳолатда жанговар қисм 50–80 килограммгача етиши мумкин», — деб ёзади «Военний осведомител». Ҳарбий таҳлилчилар Кирилл Михайлов ва Ян Матвеев ҳам «Агентство» билан суҳбатда ҳужумда модификация қилинган енгил самолётдан фойдаланилгани ҳақидаги тахминларга қўшилган.
Ўз навбатида Украина рақамли трансформациялар вазири Михайло Федоров Татаристонга ҳужум арафасида Германиянинг Die Welt газетасига берган интервюсида Украина 1000 километрдан ортиқ масофага уча оладиган дрон моделларини ишлаб чиққанини айтганди. СNN украин дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужуми тўғрисидаги мақоласида ўз манбасига таяниб, узоқ масофага ҳаракатланувчи дронлар борлиги туфайли РФ қўшинлари ички ҳудудларига шундай ҳужумлар уюштириш имкони бўлаётганини ёзган. Улардан айримларининг ҳаракати сунъий интеллект асосига қурилади. «Помеха (дрон парвозига тўсқинлик учун тарқатиладиган шовқин) борлигида аниқ ҳаракатланишни сунъий интеллект таъминлайди. Ҳар бир самолёт сунъий йўлдош маълумотлари ҳамда маҳаллий ҳудуд тўғрисидаги маълумотлар бўладиган терминал компютерга эга», — дейди телеканалнинг Украина дронларни ривожлантириш дастурига алоқадор манбаси.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов республикадаги корхоналар раҳбарларини Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига ишониб қолмасдан, дронлар ҳужумидан мустақил ҳимояланишга чақирди. У энергетика бўйича республика форумида Елабуга ва Нижнекамск бўйлаб ҳужумларга муносабат билдирган. «Афтидан, Рамазон вақтида Аллоҳ бизга белги бермоқда: уйғонинг, болалар, сизни ўзингиздан бошқа ҳеч ким ҳимоя қилмайди. <…> Ракеталарга қарши мудофаа ишлашини кутмаслик керак, у бошқа ишлар билан машғул. Биз ўз кучимиз билан ҳал қилишимиз керак, ҳар бир корхона, ҳар бир муниципалитет, ҳар бир шаҳар», — деган Татаристон раҳбари региондаги корхоналар раҳбарларига қарата. Шу билан биргаликда, у корхона ҳужумларни қандай қайтариши кераклигига аниқлик киритмаган. Минниханов шунингдек фавқулодда хизматларни доимо шай туришга, захира ва бригадаларни тайёрлаб қўйишга чақирган.
«Медуза»нинг «Разбор» бўлими шарҳи
Видеода ҳужумда қўлланган учиш аппарати турини аниқлаш қийин. Бу «Аэропракт» компаниясининг дронга айлантирилган А-22 самолётидан ташқари ташқи кўринишидан UJ-22 русумли жанговар дронга ҳам ўхшаб кетади. Улар Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун кўп бор қўлланган; уларни ҳам Украинанинг «Аэропракт» компанияси ишлаб чиқаради. А-22нинг ҳам, UJ-22 нинг ҳам учиш масофаси 800 километр этиб кўрсатилган, аммо двигателни ўзгартириш, аппаратни енгиллатиш, қўшимча ёнилғи баки ўрнатиш ва бошқа модификациялар орқали бу масофани 1200 километр ва ундан кўпроққа етказиш ҳам мумкин. Хусусан, Россия томонидан қўлланаётган «Геран-2» / «Shahed-136» дронлари 1000 километрдан анча кўпроқ масофага уча олади. «Аэропракт» техникани Россия ичкарисидаги нишонларга зарба бериш вазифасига мослаштириш учун барча зарур технология ва малакага эга саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда, украин дронлар янада узоқроқ масофаларга етиб боришини кутиш мумкин.
Бундай пилотсиз аппаратларга қарши курашиш осон эмас: улар пастлаб учганда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг радарлари ёрдамида дронларни аниқлаш самара бермаслиги мумкин. Бундай дронлардан фойдаланадиган рақиб радиолокацион воситалар сийрак жойлашган йўналишни танлайди. Украина «Геран-2» / «Shahed-136» ҳужумларига қарши курашиш учун йирик калибрли пулемётлар ўрнатилган автомобиллардан иборат ўт очиш мобил гуруҳларини тузган, улар минглаб мобил телефонлар (уларни эҳтимолий ҳужум йўналишлари бўйлаб устунларга жойлаштиришган)дан йиғилган акустик датчиклар тармоғи орқали душман дронлари парвозлари ҳақида маълумотга эга бўлишади. Датчиклар ва маълумотларни автоматик таҳлил қилиш тизими бензин двигатели шовқини орқали дрон ҳаракати йўналишини аниқлайди, бу эса мобил гуруҳларга пастлаб учувчи дронларга пистирмалар қўйиш имконини беради.
РФ мудофаа вазирлиги ҳам шундай гуруҳлар тузишни режалаштирган — улар ЗУ-23-2 зенит қурилмалар билан қуролланади. Улар нишонларни қандай йўл билан олиши ҳақида хабар берилмаган.
Татаристонга қилинган ҳужум кенг кўламли уруш бошидан буён украин дронларининг РФ ҳудудига энг чуқур зарбаси бўлди. «Новая газета» қайд этишича, ҳужумга учраган «Алабуга» ЭИЗ ҳудуди Украина билан чегарадан тахминан 1300 километр масофада жойлашган. Бунгача украин дронларининг Россия ҳудудига энг чуқур кириб борган масофаси 2024 йил январида Петербург нефт терминалига қилинган ҳужум бўлганди — ўшанда дрон Украина чегарасидан 900 километр масофага учиб борганди. Шундан кейин Украина стратегик саноат вазири Олександр Камишин Петербургга ҳужум қилган дрон украинлар томонидан ишлаб чиқарилгани ва 1250 километр масофа босиб ўтганини айтганди.
«Агентство» Татаристондаги объектларга ҳужумни Украинада Россияга 1200 километр масофада зарбалар бериш технологиясига эгалиги тасдиғи деб ҳисоблайди. Шу тариқа, Татаристондан ташқари, бутун Ленинград областии, Карелиянинг бир қисми, Бошқирдистон, Кострома, Вологда, Киров ва Оренбург областлари ҳам украин дронлари етиб бориш зонасига киради.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024