Ўзбекистон | 14:25 / 06.04.2024
12873
2 дақиқада ўқилади

Ҳашар баҳона ташкилотлар ходимларининг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиняпти. Бу қонунга зид

Бектемир тумани ҳокими ҳамда Маҳаллалар уюшмасининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳудуддаги ташкилотларга хат юбориб, унда март ойида ўтган хайрия ҳашари муносабати билан барча ташкилот, корхона ходимларининг бир кунлик иш ҳақини уюшма ҳисобига ўтказиб бериш сўралган. Ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан ҳашар учун ушлаб қолиш ҳолатлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилган.

Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокими ҳамда Маҳаллалар уюшмасининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан тайёрлангани акс этган хатлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Унга кўра, 16-18 март кунлари “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилган.

Таъкидланишича, хайрия ҳашарини ўтказиш билан боғлиқ ҳукумат қарори ва фармойишларида барча ташкилот, корхона ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар меҳнат жамоасининг бир кунлик иш ҳақи (Маҳаллалар уюшмасининг) махсус ҳисобрақамига ўтказилиши белгиланган.

Шу муносабат билан меҳнат жамоасининг бир кунлик иш ҳақи қуйидаги ҳисобрақамга ўтказилишини таъминлашда амалий ёрдам беришингиз сўралади”, – дейилади расмий хатда.

Бу жараёнга Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг 10-, 15-, 8-сонли мактаб ўқитувчи ҳамда ишчи ходимлари ҳам жалб қилиниб, уларнинг ҳам кунлик меҳнат ҳақи олиняпти. Буни таҳририятга жўнатилган розилик хатларидан кўриш мумкин.

Юқоридаги мактаблардан бирида ишловчи бир ўқитувчининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ўқитувчиларга бу жараён ихтиёрий-мажбурий экани айтилиб, ҳеч қайси ходимдан сўралмасдан, тушадиган маошдан “ҳашар пули” автоматик айириб ташланган. Бунга норози бўлган ўқитувчилар муассаса бухгалтерига шикоят қилгач, ойликнинг тўлиқ шакли тикланган.

Ҳашар учун ходимнинг кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниши қонунга зид

Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходимнинг ёзма розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш мумкин эмас. Нормада ишчининг розилигисиз меҳнат ҳақи олиб қолиниши ҳолатлари айтилган, аммо улар орасида ҳашар назарда тутилмаган. 

Мавзуга оид