Жаҳон | 14:08 / 08.04.2024
16722
3 дақиқада ўқилади

Россия Тергов қўмитаси «Крокус»даги терактдан сўнг икки мансабдорга иш очди

«Крокус»да ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахс ва концерт залининг ўт ўчириш бўлими раҳбарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб ёзади ТАСС. 

Фото: REUTERS

Россия Тергов қўмитаси Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган теракт юзасидан масъулиятсизлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди, деб хабар беради ТАСС 7 апрел, якшанба куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исми ошкор этилмаган суҳбатдошига таяниб. 

Ишга икки киши жалб қилинган: ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахс ва концерт залининг ўт ўчириш бўлими бошлиғи. Иккаласи ҳам яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида мажбурият хати ёзиб берган. Уларнинг исми тилга олинмаган. Улар айнан нимада айбланаётгани ҳам хабар қилинмаган.

Агентлик суҳбатдошининг аниқлик киритишича, иш «Крокус Сити Холл»да ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши эҳтимоли билан боғлиқ бўлиб, бу террорчилар концерт залига ўт қўйганидан кейин вазиятни янада оғирлаштирган бўлиши мумкин.

«Крокус Сити Холл»га ҳужум

Москва яқинидаги Красногорскда «Крокус Сити Холл» биносига ҳужум 22 март куни кечқурун содир бўлди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, автоматлардан ўт очган, бир неча портлашлар эшитилган ва ёнғин бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлган, яна 551 киши жароҳатланган.

Апрел ойи бошида терактда жабрланган 11 киши Тергов қўмитасига қўшма ариза бериб, концерт зали эгаларига хавфсиз бўлмаган хизматлар кўрсатгани учун жиноий иш қўзғатишни талаб қилгани маълум бўлди.

Жабрланувчилар хавфсизлик стандартларига риоя этилмаганини билдирмоқда

Даъвогарларнинг таъкидлашича, «Крокус»да ёнғин бошланганидан кейин бир неча сония ичида саҳна пардаси олов билан қопланган, бу, ҳимоя томони фикрига кўра, ёнғин хавфсизлиги стандартлари бузилганини кўрсатиши мумкин, чунки парда ёнғинга чидамли махсус мато билан қопланган бўлиши керак.

Бундан ташқари, ҳужжатда айтилишича, «Крокус»нинг «ёнғинга қарши сув тизими» ва тутунни олиб ташлаш тизими «носоз бўлган», аксарият эвакуация эшиклари теракт ва эвакуация вақтида ёпиқ турган. 

Мавзуга оид