Жаҳон | 21:40 / 14.04.2024
73045
13 дақиқада ўқилади

Эрон Исроил «тузоғи»га илиндими — Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларга экспертлар нима дейди?

Эроннинг Исроилга кутилган ва кутилмаган зарбалари фонида минтақа сиёсати кескин ўзгариши мумкин. Можарода АҚШ, Россия, Хитой каби қудратли давлатлар, шунингдек араб давлатларининг позициялари ҳам муҳим. Ҳўш энди Исроил Эронга янги зарба берадими?

Kun.uz мавзунинг муҳим нуқталарини сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шавкат Икромовлар билан таҳлил қилди.

Эроннинг Исроилга жавоби минтақада қандай янги вазиятни ҳосил қилди, зиддиятлар қайси босқичга кўтарилди?

Шавкат Икромов: — Эроннинг ҳужумини кенг кўламли, катта талафот етказувчи сифатида баҳолаб бўлмайди. Экспертлар буни Эроннинг дрон паради деб ҳам атади. Чунки Эрон ҳужумдан олдин кўп огоҳлантириш, сигналлар берди ва Исроил мудофаага улгурди. Эрон зарбалари ҳарбий ва ҳукумат объектларига йўлланди. Эрон ҳужумдан кейин БМТда баёнот бериб, «бизнинг Исроил бўйича ишимиз якунланди», деди. Агар Исроил жавоб зарбаси қайтармаса, бу можаро шу нуқтада тўхтайди ва Яқин Шарқдаги вазиятга катта таъсир кўрсатмайди.

Эроннинг бошқа йўли йўқ эди. Унинг Яқин Шарқда бир қанча ҳамкор ташкилотлари бор, ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ», ҳусийчилар каби. Мана шу кучлар Эроннинг жавобини кутаётганди. Агар Эрон жавоб зарбаси бермаса, ҳамкорлари орасидаги обрўсига путур етарди. 2020 йилда Қосим Сулаймонийга уюштирилган суиқасдга ҳам муносиб жавоб қайтарилмаганди. Бу сафар ҳам бир неча ҳарбий ва элчихона ходимлари йўқотилди ва жавоб қайтармасликнинг иложи йўқ эди.

Аслида, Эрон уруш қиладиган вазиятда эмас. Ғазодаги уруш бошлангандан бери Эрон Исроил томонидан турли йўллар билан урушга жалб қилиняпти, лекин Эрон ҳукумати максимал даражада бу урушдан ўзини тортаётган эди. 1 апрелдан 12 апрелгача ҳам ҳужум қилмасдан муаммони ҳал қилишга уринди, лекин барибир ҳамкорларига заиф бўлиб кўринмаслик учун бу ишни амалга оширди.

Эрон «Ҳизбуллоҳ» ёки ҳусийчилар орқали бу ишни қилиши, Исроилнинг бошқа ердаги объектларига зарба бериши мумкин эди, лекин бевосита ўзи Исроилга ҳужум қилди. Халқаро экспертлар Эрон шундай қилишга мажбур эди, лекин ички муаммоларга ҳам йўл очилиши мумкин, дейди.

Халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан бу ҳужум қандай баҳоланади?

Шавкат Икромов: — Ҳақли эди Эрон, АҚШ ҳам шундай деганди. Лекин барибир Эрон бундай таваккал қилмагани маъқул эди. Бу нарса Исроилнинг Эронни Ғазодаги вазиятга тортиш режаси қайсидир маънода амалга ошганини ҳам кўрсатади.

Нега нисбатан узоқ вақт учадиган дронлардан фойдаланилди, тезкор ракеталардан эмас?

Камолиддин Раббимов: — Эроннинг ҳужуми қўрқитиш сифатида бўлди, реал зарба бериш эмас. Эронда ростдан ҳам тезкор ракеталар бор эди, лекин ишлатилмади. Исроил Эрон консуллигига ҳужум қилиб конфликт даражасини оширди, агар Эрон жавоб бермаганда, унинг минтақадаги обрўсига путур етарди. Эрон Исроилга кучли зарба бермоқчи бўлганда «Ҳизбуллоҳ»дан фойдаланар эди, агар оммавий ҳужум бўлганда «Темир гумбаз» тизими ҳам химоя қилолмаслиги мумкин эди.

ҲАМАСдан кўра «Ҳизбуллоҳ»нинг салоҳияти камида уч баробар катта. Эрон ҳам тарихда биринчи марта ўзи бевосита ҳужум қилиб, можаро даражасини оширди. 1979 йилги инқилобдан кейин бундай бўлмаганди ҳали.

Кўпчилик Эрон совуққонлик қилади, деб ўйлаганди. Маълумотларга кўра, зарба натижасида ҳеч ким ўлмаган, талафот ҳам катта эмас, шунчаки қўрқитиш сигнали бўлди бу. Исроил яна жавоб беришини айтган, лекин маълумотларга кўра, АҚШ Исроил шундай қилса, уни ҳимоя қилмаслигини ҳам билдирган. 7 октябрдан кейинги воқеалар фонида Исроил яккаланган, репутацион имкониятлари чекланган, ички муаммолари ҳам бор. Икки томон ҳам ички муаммоларни ечиш учун вазиятдан фойдаланишга уриняпти, Эронда ҳам ички муаммолар бор, Нетаняҳу ҳукумати ҳам инқирозни бошдан кечиряпти. Умуман, бир томондан эскалация, лекин реал катта зарба бериш компанияси ҳам эмас.

Исроил жавоб беришини айтган. Агар шундай бўлса, бу қандай кўринишда бўлади?

Шавкат Икромов: — Эрон зарба беришидан олдин қаерларга зарба берилиши хариталари ҳам эълон қилинди. Лекин Исроил жавоби қандай бўлиши ҳақида умуман маълумотлар йўқ. Исроилнинг уруш технологиясига қарайдиган бўлсак, у ҳукумат ва ҳарбий объектларидан ташқари фуқаролар яшайдиган жойларга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Эрондаги ядро қуроли ясаладиган, сақланадиган жойларга ҳужум қилиниши ҳам мумкин, Эроннинг ўзи ҳам ўша ердаги аҳолига бомбадан ҳимоя иншоотларига яқинроқ бўлишни айтяпти.

Жорий вазиятдан келиб чиқиб қаралса, Исроил Эронга ҳужум қилса, яккаланиб қолиши ҳам мумкин. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари ҳам ҳужум қилмасликка чақиряпти Исроилни.

Агар Исроил жавоб берса, Эроннинг ҳам кучли қурол-яроғлари бор. Агар Эрон ва Исроил ҳеч қандай аралашувларсиз уруш олиб борса, Эрон устунликка эришиши мумкин. Эрон катта цивилизацион тарихга эга, армияси тажрибали, ташқарида уришиш тажрибаси ҳам катта, уни қўлловчи гуруҳлар бор, шунинг учун бундай уруш Исроил учун хавфли бўлади.

Агар бу можаро катта уруш даражасига чиқса, АҚШ, Россия, Хитой каби катта куч марказларининг позицияси қандай бўлади?

Камолиддин Раббимов: — Хитой, Россия ва Эронни бирлаштирувчи платформа — глобал жануб. Бу давлатлар дунёда кўп қутблилик тарафдори, АҚШ бошчилигидаги коллектив Ғарб ҳокимияти йиқилишини ёки заифлашувини истайди. Россия тўғридан тўғри бугунги дунё тартиботи ўзгариши тарафдори, Хитой бу нарса босқичма-босқич бўлиши тарафдори. Эрон 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин энг узоқ вақт санкциялар остида қолган давлатлардан бири. Россия ва Хитой Эронни қўллайди, лекин фарқли равишда. Россия очиқдан очиқ ёки нисбатан яширин тарзда жиддий қўллашга ҳаракат қилади, лекин Хитой эҳтиёткорлик қилади. Эрон атрофида уруш бўлса, у ердаги сиёсий тузум ўзгаришига, заифлашишига олиб келмайдими, деган масалани қўяди Хитой ўзи учун. Россия учун дунёда бошқа уруш ўчоқлари пайдо бўлиши унинг манфаатларига тўғри келади, чунки Украинага ёрдам, эътибор пасаяди. Кремл Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги, Тайван атрофидаги, Яқин Шарқдаги, Лотин Америкасидаги можаролардан манфаатдор. Умуман, ўйлашимча, АҚШ Яқин Шарқдаги янги катта урушга тайёр эмас.

Шавкат Икромов: — Россиянинг Украинадаги урушдаги муваффақиятини таъминлаётган факторлардан бири Эрон дронлари, Украина учун ҳам бу муаммо бўлиб турибди. Агар Эрон ва Исроил ўртасида уруш бошланса, Россияга дрон етказиш тўхташи мумкин, бу жиҳатдан Россия манфаатдор эмас. Фикримча, бу уруш масаласи Эрон ва Россия ўртасида ҳам муҳокама қилиниб, Эрон Россияга бу кенг кўламли уруш бўлмаслигини айтган.

Умуман, бу эҳтимолий урушда Россия ва Хитой позициялари хақида гапириш учун ҳозирги можаро кўлами етарли эмас.

Исроил жавоби G7 давлатлари билан мувофиқлаштирилади, дейилган. Бу Ғарб давлатларининг Эрон зарбаси борасида позициялари бир хил эмасдир, ахир Эрон ҳақли равишда жавоб қайтарди, деган фактор ҳам бор-ку?

Камолиддин Раббимов: — G7'га АҚШ, Япония ва бир қанча ЕИ давлатлари киради. Янги уруш ўчоғи бўлишидан АҚШнинг ўзи манфаатдор эмас. Умуман, коллектив Ғарб Украина уруши бўлиб турган бир пайтда янги уруш бўлишидан манфаатдор эмас. Шунинг учун Исроилга нисбатан сигналлар бўлади деб ўйлайман ва қайсидир маънода Исроил буни инобатга олади. Лекин Исроил ўзини юқори технологик имкониятга эга давлат сифатида кўрсатиши, репутациясини сақлаши ҳам керак, айни пайтда унинг ўзи ҳам катта урушдан манфаатдор эмас. Шунинг учун икки томон ҳам репутациясини тушурмаган ҳолда катта урушгача бормаслик мувозанатини излайди, менимча.

Фикрлардан келиб чиқсак, Россия ва Хитой Эронни реал қўлламайди, шундайми?

Камолиддин Раббимов: — Буни айтиш қийин. Ҳатто минтақа давлатларининг позициясини ҳам аниқ айтолмаймиз. Эрон борасида араб давлатлари муносабати иккига бўлинади. Туркия позицияси қандай бўлади: сўнгги ярим йилда Исроилга нисбатан нафрат кучайди мусулмон дунёсида ҳам, туркий дунёда ҳам, лекин уруш бошланса, мувозанат қандай бўлишини башорат қилиш қийин.

Хитой бир вақтнинг ўзида дунёда кўп қутблилик бўлишини истайди, иккинчи томондан минтақадан келаётган энергия ресурслари тўхтаб қолмаслигини истайди. Бошқа кўплаб манфаатлари ҳам бор.

Шавкат Икромов: — Нетаняҳу биз Эрон зарбаларини қайтардик ва охиригача борамиз, деди. Исроилнинг жавоби тўғридан тўғри Эронга бўлмаслиги ҳам мумкин, яъни ҲАМАСга, «Ҳизбуллоҳ»га нисбатан бўлиши мумкин.

G7 давлатлари позициясига келсак. Ҳўрмуз бўғози орқали нефт савдоси масаласи бор. Агар уруш бўлса, катта энергетик инқироз бошланади, бунга улар тайёр эмас, шундоқ ҳам дунёда энергетик инқирозлар кетяпти.

Камолиддин Раббимов: — Таҳлилларга кўра, уруш бўлса, бир баррел нефт нархи 200 долларга чиқиши мумкин. Дунё иқтисодиёти учун катта зарба бўлади бу.

Кўрфаз давлатлари позицияларига ҳам тўхталсак. Иордания Эрон дронларини уриб туширгани ҳам айтилди, бу қанчалик асосли?

Шавкат Икромов: — Кўрфаз араб давлатлари ва Миср томонларни вазминликка чақирди, уруш кенгаймаслиги тарафдори. Шу билан бирга, Миср қуролли кучлари қайта кўрикдан ўтказилди.

Иордания масаласига келсак. 1994 йилда Иордания ва Исроил ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган, шу сабаб қандайдир келишув бўлиши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди. АҚШ билан ҳам яқин муносабатда Иордания, шу сабаб ҳам мажбур бўлгандир.

Умуман, араб давлатлари минтақада барқарорликдан, Ғазодаги вазият тинчишидан манфаатдор. Эрон ёки бошқа кучлар кириб келиши манфаатларига тўғри келмайди. Олдин ҳам айтганимиздек, Саудиянинг катта иқтисодий режалари бор, БААда ҳам шундай, Мисрнинг иқтисодий аҳволи танг. Шундай бир вазиятда бундай уруш уларга керак эмас.

Агар бу можаро даражаси ошса, Марказий Осиё давлатлари учун қандай таъсир қилади?

Камолиддин Раббимов: — Марказий Осиё давлатлари учун геосиёсий ва геоиқтисодий томонлари бор. Геосиёсий жиҳатдан иложи борича нейтрал қолишга ҳаракат қилади. Минтақа давлатларидаги Ғазодаги вазият сабаб Исроилга нисбатан бўлган салбий муносабати геосиёсий нуқтага чиққани йўқ. Эрон билан муносабатлар ҳам у қадар яқин эмас. Масалан, Туркия минтақамиз учун яқин стратегик ҳамкор сифатида кўрилади, лекин Эронга нисбатан бундай муносабат йўқ.

Геоиқтисодий томондан минтақамизга катта зарба бўлади. Марказий Осиё давлатлари ҳалигача транспорт логистика нуқтайи назаридан Россия монополиясида қоляпти, бизга келадиган темирйўллар Россия орқали ўтади. Қирғизистон орқали Хитойга, Афғонистон орқали Покистонга чиқиш лойиҳалари ҳали ишга тушгани йўқ. Ҳозирча Россия коридорига муқобил ягона йўлимиз Эрон орқали денгизга чиқиш, Транскаспий коридори билан Туркия орқали дунёга чиқиш бўлиб турибди. Лекин бу йўлларнинг транспорт логистика сифати, кўлами етарли даражада эмас.

Умуман, келажакдаги эҳтимолий урушлар потенциали ошиб боряпти. Негаки, совуқ урушдан кейинги АҚШнинг мутлақ қудратли даври ўзгаряпти, кўп қутблилик учун курашувчилар кўпаймоқда. Шу фонда АҚШнинг Исроил лойиҳасига шубҳа, уни «пайпаслаб кўриш» минтақа давлатларида, жумладан, Эронда ҳам ошиб боряпти. Бугун бўлмаса-да, келажакда Исроил атрофида катта уруш бўлади.

Бу урушларнинг минтақамизга геоиқтисодий томондан соя солиши, Шимолий йўл билан боғлиқ монополияга боғлиқлигимизни ошириш эҳтимоли ошади.

Шавкат Икромов: — Агар қачондир Эрон ва Исроил ўртасида уруш бўлса, Марказий Осиё давлатларидаги ички миллий хавфсизлик масаласи кун тартибига чиқиши эҳтимоли пайдо бўлади. Яъни турли радикал гуруҳлар фаоллашуви кузатилиши мумкин, Афғонистон урушидан келиб чиққан ҳолда шундай хулосага келяпман. Совет қўшинлари Афғонистонга кирганида, Марказий Осиёдаги бир қатор радикал гуруҳлар фаоллашган ва Афғонистонга боришга интилган.

Умуман, Суриядаги урушлар, Ғазодаги уруш фонида ҳам турли гуруҳларга қўшилиш мотивлари бўлади, баъзи ёшларда мусулмон давлат бўлган Эрон томонида туриб уришиш нияти бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай хавф ҳам бўлиши мумкин. Бу биз учун оғриқли масалага айланиши эҳтимоли бор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Мавзуга оид