Жаҳон | 02:49 / 14.04.2024
54368
6 дақиқада ўқилади

Исроилга ҳужум. Эрон дронлар ва қанотли ракеталар учирди. Асосий маълумотлар

Эрон дронлари манзилгача 7-9 соатда етиб бориши мумкин. Исроил уларни ўз ҳудудига киришидан олдин уриб туширишни режалаштирган.

Iranian Supreme LeaderʼS Office / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Эрон Исроил йўналишида ўнлаб ракеталар учирди. Бу ҳақда 13 апрел куни кечқурун Исроил мудофаа армияси маълум қилди. ЦАҲАЛ расмий вакили Даниэл Ҳагари Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари дронларни кузатиб бораётгани ва пилотсиз учар қурилмалар мамлакат ҳудудига бир неча соат ичида етиб келиши мумкинлигини айтган. «12-канал» манбасига таяниб хабар беришича, дронларни улар Исроил ҳаво кенгликларига кириб келишидан олдинроқ уриб тушириш режалаштирилган.

Ynet ва Исроилдаги бошқа манбалар исми сир қолдирилган амалдорга таяниб, Эрон дронлардан ташқари қанотли ракеталар ҳам учирганини хабар қилган. Улар, дронлардан фарқли ўлароқ, Исроил ҳудудига икки соатдан камроқ вақт ичида етиб келиши мумкин. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Эдриэн Уотсон Вашингтоннинг баҳоларига кўра, ҳужум «бир неча соат давом этиши»ни айтган. CNN ўз манбасига асосланиб, жами юзга яқин дрон учирилганини хабар қилган. Айрим манбаларда эса Эрон ва унинг иттифоқчилари жами 500 тагача дрон учирганини тахмин қилмоқда.

Эрон дронлари Исроилга етиб боргунича 7 соатдан 9 соатгача вақт сарфлаши мумкин. Эрон 13 апрел куни кечқурун учирган дронлар Исроил ҳудудига маҳаллий вақт билан 14 апрел куни соат 2:30 дан соат 5:00 га қадар (Тошкент вақти билан 4:30 дан 7:00 гача) бўлган вақт оралиғида кириши мумкин. Айни вақтда телеграм-каналларда Эрон ва қўшни мамлакатлар устидан учаётган қанотли ракеталар тасвирлари тарқалган.

Эрон давлат нашрлари ҳужум фактини тасдиқлаган. «Сионист режимнинг Дамашқдаги Эрон элчихонаси консуллик бўлимига ҳужумига жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-ҳаво кучлари ўнлаб пилотсиз учар қурилмалар ва ракеталар ёрдамида сионистик режим ҳудудларидаги нишонларга зарба йўллади», — дейилган корпуснинг телевидение орқали ўқиб эшиттирилган баёнотида.

Бинямин Нетаняҳу миллатга мурожаат қилди. У Исроил кўп йиллар давомида Эрон томонидан бўладиган тўғридан тўғри ҳужумга тайёргарлик кўрганини ва ҳозирда барча мудофаа тизимлари саф тортгани, ҳукумат эса «ҳимояланишда ҳам, ҳужум қилишда ҳам ҳар қандай сценарийга тайёр тургани»ни айтган. «Исроил давлати кучли, ЦАҲАЛ кучли, халқимиз кучли», — деган у. Бош вазир мамлакатни ҳар қандай таҳдиддан «совуққонлик ва қатъият» билан ҳимоя қилишга ваъда берган.

Ҳужум бошланганидан бир неча соат ўтиб Эрон унинг «якунлангани» ҳақида хабар берди. «Эрон Дамашқдаги ҳужумдан кейин БМТ Низоми 51-моддасига биноан ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини амалга оширди. Мавзуни ёпилган деб ҳисоблаш мумкин, аммо Исроил режими яна бир хатога йўл қўйса, ўшанда Эроннинг реакцияси янада қатъийроқ бўлади», — дейилган Эроннинг БМТдаги миссиясининг ижтимоий тармоқларида. Шунингдек, Бу Эрон ва Исроил режими ўртасидаги можаро экани, АҚШ бу ҳодисалардан нари туриши кераклиги таъкидланган. Бу вақтда дронлар ва ракеталар ҳали Исроил ҳудудига етиб бормаганди.

Ўнлаб дронларни АҚШ самолётлари Исроил чегараларидан ташқарида тўхтатиб қолган. Бундан ташқари, Исроил нашрлари хабарига кўра, дронларни тутиб қолишда Иордания ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ҳам иштирок этган. Шу билан бирга, дронларнинг бир қисми барибир Исроилга етиб келди ва шаҳарларда ҳаво тревогаси ишлай бошлади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўхтатган дронлардан бирининг парчаси тушиши  оқибатида тўққиз ёшли бола яралангани ҳақида хабар тарқалган. Исроиллик мулозимлардан бири шахси сир қолиши шарти билан берган маълумотга кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракета ва дронларнинг 99 фоизини тўхтатмоқда. «Аммо факт шуки, Эрон биринчи бор ўз ҳудудидан Исроилга ҳужум қилди, бу эса жавоб қайтаришни талаб қилади — тезда жавоб ҳам бўлади», — дея қайд этган у.

Бир неча кундан буён Эроннинг Исроил бўйлаб тўғридан тўғри ҳужуми кутилаётганди. Теҳрон исроилликларнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига зарбасига жавобан Исроилга ҳужум қилиш билан таҳдид қилганди, 1 апрел кунги ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти вакили, жумладан «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳалок бўлганди. Шу билан биргаликда, Вашингтондаги манбалар Теҳрон норасмий каналлар орқали жиддий эскалация келтириб чиқариш нияти йўқлиги ва зарбалар «чекланган» даражада бўлишини етказганини айтишганди.

  • Жо Байден хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан шошилинч йиғилиш ўтказмоқда.
  • АҚШ ушбу ҳужум фонида Исроилни тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
  • Ироқ, Иордания ва Исроил ҳаво кенгликларини ёпишган.
  • Иорданиядагилар мамлакат чегарасини бузиб ўтган Эрон дронларини уриб туширишини маълум қилган.
  • Расмий Теҳрон Исроил Эронга ҳужум қилиши учун ўз ҳаво кенгликларини очиб берадиган ҳар қандай давлатга жавоб зарбаси бериши билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид