Жаҳон | 13:06 / 15.04.2024
4045
2 дақиқада ўқилади

Lufthansa Яқин Шарққа парвозларни тўхтатяпти

Эроннинг Исроилга ҳужуми ортидан Германиянинг флагман авиаташувчиси Тел-Авив, Ироқнинг Эрбил ва Иордания пойтахти Амманга бир неча кун учмайди. Байрут ва Теҳронга парвозлар бекор қилинди.

Фото: Lando Hass/dpa/picture alliance

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани сабабли Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси 14 апрел, якшанба куни Тел-Авив, Ироқнинг Эрбил ва Иордания пойтахти Амманга парвозларини 16 апрел, сешанба кунига қадар тўхтатганини маълум қилди. Исроил, Иордания ва Ироқ устидаги ҳаво ҳудуди очиқлигича қолмоқда. Lufthansa камида 18 апрелгача Байрут ва Теҳронга учмайди.

Германиянинг флагман авиаташувчиси, шунингдек, Швейцария ва Австрия авиакомпанияларини ўз ичига олган гуруҳ ўз баёнотида Яқин Шарқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни доимий равишда баҳолаётганини ва расмийлар билан яқин алоқада эканлигини билдирди. 

Икки кун олдин компания Теҳронга ва ундан 18 апрелгача рейсларни тўхтатиб туришини ва бу вақт ичида Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини эълон қилган эди. 

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган. 

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди.

Мавзуга оид