Ўзбекистон | 16:35 / 15.04.2024
5434
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Тожикистон олийгоҳлари ректорлари 2-форуми ўтказилди

Форум 15–16 апрел кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтади. Тадбир давомида 2 давлат олий таълими ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 50 дан ортиқ меморандум имзоланиши режалаштирилган.

Фото: Edu.uz

Форумда Ўзбекистон олий таълим фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода иштирок этди. Бундан ташқари қўшни республикадан 30 га яқин нуфузли олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация ҳам келган. Бу ҳақда ОТФИВ маълумот берди.

Халқаро анжуман олдидан Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода билан учрашган.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад инсон капиталини, юқори интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш, назарий-амалий шакллантириш, касбий маҳоратини ошириш ва икки давлат ҳудудидаги улкан табиий ресурсларни илмий-институционал бошқаришга қодир кадрларни тайёрлашдан иборат”, – деган Шарипов.

Тадбирда Раҳим Саидзода 2 давлат таълими бўйича ҳамкорлик кўпаяётгани, ҳозиргача Ўзбекистоннинг 30 та олий таълим муассасаси Тожикистоннинг 15 дан ортиқ илмий ва таълим ташкилотлари билан қатор йўналишлар бўйича алоқаларни йўлга қўйганини айтган.

Форум якунида олий таълим, илм-фан соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувни кенгайтириш ва манфаатли алоқаларнинг бошқа долзарб йўналишлари бўйича 50 дан ошиқ англашув меморандуми, битим ва «Йўл харита»лари имзоланиши кутиляпти.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 5 та олий таълим муассасасида таълим тожик тилида юритилаётган мактаблар учун кадрлар тайёрланади. 2020/2021 ўқув йилида тожик тилидаги таълим йўналишлари бўйича қабул параметрлари икки баравар оширилган.

Мавзуга оид