Жаҳон | 22:35 / 19.04.2024
7232
2 дақиқада ўқилади

Арманистон чегара делимитацияси натижасида 4 қишлоқни Озарбойжонга қайтарди

1990 йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқ Озарбойжон тасарруфига қайтарилади. 

Фото: Reuters

Арманистон ва Озарбойжон илк бор чегарани делимитация қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазирлиги ва Озарбойжон бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев маълум қилди. 

Баёнотларда таъкидланганидек, томонлар тўртта аҳоли пункти (Баганис Айрим, Ашаги Аскипара, Хейримли, Қизил Гажили) ўртасида «чегара чизиғининг алоҳида участкаларини ўтказиш тўғрисида» келишиб олган. Чегара чизиғи «Совет Иттифоқи парчаланиши пайтида мавжуд бўлган чизиққа мослаштирилади». 

ТАСС таъкидлаганидек, делимитация аслида Озарбойжон ССР таркибига кирган ва 1990 йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқнинг Озарбойжон тасарруфига ўтказилишини англатади. 

Томонлар яқин вақт ичида келишилган ҳудудлардан қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва у ерда чегара хизматларини жойлаштиришга келишиб олди. 

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги чегара минг километрга яқин. Бу давлатлар 1991 йилда Тоғли Қорабоғдаги можаро туфайли чегараларни ҳеч қачон делимитация ва демаркация қилмаган.

Мавзуга оид