Автобусда ёнидаги аёлга тегажоғлик қилган 45 ёшли эркак 15 суткага қамалди
У Термиздан Тошкент шаҳрига келаётган автобусда ёнида ўтирган аёл ухлаб қолганидан фойдаланиб, унга шилқимлик қилган. Эркак судда қўли бехосдан аёлга тегиб кетганини айтган.
19 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ иш кўриб чиқилди. Kun.uz суд қарорини ўрганди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, ҳолат 2023 йилнинг 15 ноябр куни содир бўлган. 1979 йилда туғилган А.Р. Термиз шаҳри автовокзалидан Тошкент шаҳрига келаётган автобуснинг ичида бўла туриб, ёнида ўтирган аёлнинг ухлаб қолганидан фойдаланган ҳолда унга тегажоғлик қилган. Уйғониб кетган аёл унга қаршилик кўрсатган, эркак эса у билан жанжаллашиб, автовокзалда оммани ўзига қаратган.
Судда сўроқ қилинган ҳуқуқбузар эркак аёлга қўли тегиб кетганлигини, ҳозирги кунда қилган ишидан пушаймонда эканлигини айтиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Аёл эса автобусда ёнидаги ўриндиқда ўтирган А.Р. у ухлаб қолганидан фойдаланиб, кийимини ечиб, кўкрак қисмига тегажоғлик қилганини, шундан сўнг уйғониб кетганлиги ва ҳайдовчига ҳолатни билдирганини, эркак у билан жанжаллашиб, ҳақорат қилганлигини айтиб кўрсатма берган. Жабрланувчи ушбу ҳолат 2023 йил 15 ноябр куни содир бўлганига қарамасдан ИИО ходимлари А.Р.га нисбатан қонуний чора кўришмаганлигини маълум қилган.
Суд қарорига кўра, А.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 41-1-моддасида (шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган. Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Тошкент метросида шилқимлик ҳолатлари кўпаяётгани хабар қилинганди.