Жаҳон | 10:30 / 23.04.2024
2160
2 дақиқада ўқилади

Лондон Руандага ноқонуний муҳожирларни депортация қилишни бошлайди

Ҳукумат босими остидаги шов-шувли қонун лойиҳаси 23 апрел, сешанбага ўтар кечаси Лордлар палатаси томонидан маъқулланди.

Фото: Henry Nicholls / Reuters

Британия парламентининг юқори палатаси ҳукумат босими остида Британия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган муҳожирларни Руандага депортация қилиш бўйича баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилди. Қонун лойиҳаси Лордлар палатаси томонидан 23 апрел, сешанбага ўтар кечаси маъқулланган. Аввалроқ Британия бош вазири Риши Сунак сешанбагача, парламент қонунни маъқуллаш учун зарур бўлган вақтгача ўтиришини маълум қилган эди. Сунак: «Ҳеч қандай «йўқ» бўлмайди. Бу рейслар Руандага боради» деди. Парламентнинг ҳар икки палатасида қабул қилинган қонун лойиҳаси Британия қироли Чарлз III томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Қонун лойиҳасига кўра, Британияга ноқонуний кирган барча муҳожирлар Руандага тижорий рейслар орқали чиқариб юборилади ва у ерда бошпана сўраши мумкин. Улар Британияга қайтарилмайди. Ҳукумат бу чоралар билан ҳар йили ўн минглаб муҳожирлар ўтадиган хавфли Ла-Манш бўйи орқали ноқонуний миграция оқимини тўсиб қўймоқчи ва одам контрабандачиларининг бизнесини йўқ қилмоқчи, дея қайд этади Reuters. 

Руандага сармоя эвазига қочқинлар

Руанда билан ҳамкорлик қилиш ташаббуси биринчи марта Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон томонидан 2022 йилда эълон қилинган эди. Шартномада Лондон Руандага ноқонуний муҳожирларни юбориши ва Руанда иқтисодий ривожланиш учун Лондондан миллионлаб доллар сармоя олиши назарда тутилган. 

Жонсоннинг ташаббуси Британия жамияти ва Европа Иттифоқи мамлакатларида кескин танқидларга сабаб бўлди. 2022 йил июн ойида Британия расмийлари 30 нафар ноқонуний муҳожирни Руандага депортация қилмоқчи бўлган биринчи рейс сўнгги дақиқада Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарори туфайли бекор қилинган эди.

Мамлакатнинг амалдаги бош вазири Риши Сунак 22 апрел куни Британиядан депортация қилинган муҳожирлар бўлган дастлабки рейсларни 2024 йил июл ойида жўнатишга ваъда берган эди.

Мавзуга оид