Жамият | 12:18 / 24.04.2024
18444
2 дақиқада ўқилади

Ғаллаоролдаги ЙТҲ оқибатида икки эмас, уч нафар ўқувчи ҳалок бўлгани маълум бўлди

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати тарқатган хабарда ЙТҲ оқибатида икки ўқувчи ҳалок бўлгани айтилганди. Бироқ ўша куни Ласетти уч нафар ўқувчини уриб юборгани ва уларнинг барчаси вафот этгани ойдинлашди. Гувоҳлар ҳайдовчининг ёнида бўлган талаба қиз ҳам ҳалок бўлганини айтишмоқда.

Фото: Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ

Аввалроқ, Kun.uz’да 2024 йил 15 апрел куни Ғаллаорол туманида қоидаларни бузиб, катта тезликда ҳаракатланган Ласетти мактабга кетаётган 2 нафар ўқувчини уриб юборгани ва улар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Болалар ўқийдиган ўқитувчилардан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўша куни 26 ёшли ҳайдовчи икки эмас, 3 нафар болани уриб юборган.

Оқибатда, 7-синфда ўқийдиган 14 ёшли икки ўқувчи ва 5-синфда ўқийдиган 12 ёшли бола ҳалок бўлган. Шунингдек, ҳодиса гувоҳларининг Kun.uz’га маълум қилишича, ўша куни Ласеттида талаба қиз ҳам бўлган ва ҳодисада у ҳам вафот этган.

Бироқ Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати тарқатган видеолавҳада учинчи бола ва талаба қиз ҳақида умуман маълумот берилмади.

Шунингдек, видеолавҳада ҳайдовчи аҳоли пунктида машинасини соатига 100 км тезликда бошқарганини айтганди. Гувоҳлар эса у соатига 160 км тезликда ҳаракатланганини айтишмоқда.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи 2023 йил декабр ойидан буён 11 марта тезлик қоидаларини бузиб ҳаракатланган. Унинг охирги қоидабузарлиги аянчли тугади.

Ҳодиса ҳақида ОАВда хабар тарқалар экан, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 2020 йилдан буён жорий этилиши кечиктириб келинаётган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими”ни эсга олишди.

Кўпчиликнинг фикрига кўра, агар қоидабузарликларни жарима баллари орқали баҳолаш тизими тезроқ жорий қилинганда Ғаллаоролда ЙТҲ содир этган йигитнинг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси аввалги қоидабузарликлари учун олиб қўйилган бўларди ва у ўқувчиларни босиб кетмасди.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳайдовчи процессуал тарзда қамоққа олинган.

Мавзуга оид