“Ўғлимни ўлдираман дегани учун 1,5 литр бензин тўкдим ва ёқдим". Эрининг қўл-оёғини боғлаб ёқиб юборган аёл 12 йилга қамалди
Суд ҳукми билан аёл ўта шафқатсизлик билан одам ўлдирганликда айбли деб топилди. Аёл аввал ҳам қариндошига пичоқ билан тан жароҳати етгани учун судланган эди.
Самарқанд шаҳрида 32 ёшли аёл маст ҳолатда бўлган турмуш ўртоғининг оёқ-қўлларини боғлаб, устига бензин сепиб, ёқиб юборган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати Азиз Обидов хабар берди.
Жиноятга қўл урган аёл эркакнинг шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган хотини бўлган ва улар тез-тез жанжаллашиб туришган. “Замон” информацион дастурида берилган лавҳада келтирилишича, судланувчи аёл жанжалларга эри охирги пайтларда уйга пул олиб келмагани ва уни бошқа эркаклар билан гаплашаётганликда айблаб, рашк қилгани сабаб бўлганини маълум қилган.
Унинг айтишича, фожиа содир бўлган куни ҳам эркак аёлни урган ва ўғлини ўлдириш билан қўрқитган. Шундан сўнг аёл кўчага чиқиб спиртли ичимлик олиб келиб, турмуш ўртоғига ичиш учун беради ва танишига бензин буюртма қилади.
Бензин келгач, аёл уй ичида маст ҳолда ётган эрининг оёқ-қўлларини боғлаб, унинг устига бензин қуйиб ёқиб юборади. Ёнаётган эркакка қўшнилар ёрдам кўрсатишган. Бироқ у шифохонада вафот этган.
“Ўғлимни ўлдираман дегани учун бор-йўғи 1,5 литр бензин тўкдим ва ёқдим", деган айбланувчи суд мажлисида.
Судланувчи аёл аввалроқ қариндошини пичоқлагани учун судланган ва жазо муддатини ўтаб чиққан бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида аёл Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўлдириш), “д” (бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда) ва “ж” (ўта шафқатсизлик билан) бандлари билан айбли деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024