Жамият | 09:51 / 24.04.2024
20104
2 дақиқада ўқилади

“Тормозида носозлик юзага келган” – Бойсундаги мудҳиш ЙТҲ бўйича маълумот берилди

Нишабликдан тушаётганда тормози ишламай қолган Damas ҳайдовчиси йўлнинг хавфли бурилиш қисмига келганида бошқарувни йўқотган ҳамда машина пастга қулаган. 6 киши ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ

Бойсундаги мудҳиш ЙТҲга Damas машинасининг тормоз тизимида носозлик юзага келгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 21 апрел куни 17:30лар атрофида Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани Инкабод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятга эга “Бойсун-Дуоба” 4Н-1613 автомобил йўлнинг 7 километрида содир бўлган. 1974 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Damas машинаси туман маркази томон бир неча км тик нишабликда ҳаракатланиб бориши оқибатида унинг тормоз тизимида носозлик юзага келган. Йўлнинг хавфли бурилиш қисмига етиб келганида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ҳамда машина йўлдан чиқиб кетиб, шу яқин атрофдаги ҳовли уйларнинг молхонасига бориб урилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Ҳаракат иштирокчиларига тоғли ҳудудларга саёҳатга боришда белгиланган талабларга риоя қилиш, транспорт воситасининг техник ҳолатидан хабардор бўлиб, етарлича малакага эга бўлган ҳайдовчилар хизматидан фойдаланишлари тавсия этилади”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Kun.uz ўз манбаларига таяниб, Бойсунда ичида 9 киши бўлган Damas машинаси жарликка тушиб кетгани ва 6 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди. ЙТҲ оқибатида 6 киши – 3 аёл ва уларнинг биттадан фарзанди воқеа жойида вафот этган. Ҳалок бўлган болаларнинг биттаси 14 ёшли йигит, иккитаси эса 8 ва 9 ёшли қизлар.  

Мавзуга оид