Ўзбекистон | 12:08 / 25.04.2024
5176
2 дақиқада ўқилади

ТТА ва Стоматология институтида хорижий тиллардан сертификат олганларга стипендия берилмаётгани айтиляпти

Собиқ cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов чет тилини яхши ўзлаштирган тиббиёт талабаларига стипендия жорий қилган эди. Тошкент тиббиёт академияси ва Стоматология институти талабаларига тил стипендияси берилмаётгани айтиляпти. Олийгоҳлар буни молиявий қийинчилик билан изоҳлаган.

Тиббиёт йўналишида таълим олувчи хорижий тил сертификатига эга талабалар учун “тил стипендияси” берилмаётгани юзасидан Kun.uz’га мурожаат келиб тушди.

Собиқ cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 2023 йил 11 августда хорижий тилни билувчи тиббиёт техникуми ва олийгоҳлар талабаларига стипендия бериш бўйича буйруқ чиқарган эди. Унга кўра, тиббиёт олий таълим муассасалари, Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида таълим олувчи, IELTS'дан камида 7,5, немис ва француз тилидан C1 халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган талабаларга 2023 йил 1 сентябрдан стипендия берилади. Стипендия БҲМнинг 3 баробари миқдорида ҳар ойлик тўлаб борилиши белгиланганди. Стипендия талабанинг сертификати амал қилиш давридагина амал қилади.

Kun.uz’га келиб тушган мурожаатда тил стипендияси буйруқ чиққанидан бери ТТА талабларига стипендия бирор марта берилмагани айтилган. Бироқ ТТА расмий вакиллари Kun.uz’га талабаларига тил сертификати учун стипендия 2024 йилнинг март ойигача 24 нафар талабага берилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Kun.uz манбасига кўра, тил стипендияси Стоматология институти талабаларига ҳам берилмаётган бўлиши мумкин. Kun.uz мухбири ҳолат бўйича Стоматология институти раҳбариятидан изоҳ олди. Институт вазир буйруғи бекор бўлганини маълум қилди. Бироқ Kun.uz’нинг вазирликдаги манбаси, буйруқ бекор бўлмаганини билдирди.

Вазир буйруғи чиққанда ТТА ва Стоматология институти раҳбарияти бу пулни талабаларга беришда молиявий қийинчилик борлигини вазирликка маълум қилган”, – дейди манба. 

Мавзуга оид