Ўзбекистон | 18:59 / 25.04.2024
5938
3 дақиқада ўқилади

Зоир Мирзаев «Телефонсиз мактаб» лойиҳасини қўллаб-қувватлаган мактабга 300 миллион сўм топширди

Ангрен шаҳридаги 17-сон умумий ўрта таълим мактаби директори Зебо Маҳкамова мукофотни қабул қилди. 

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев «Телефонсиз мактаб» лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлагани учун Ангрен шаҳридаги 17-сон умумий ўрта таълим мактаби директори Зебо Маҳкамовага 300 миллион сўм пул мукофотини топширди. 

Қайд қилинишича, ушбу мактаб 50 кундан буён янги лойиҳани фаол татбиқ қилиб келмоқда.

Шу йил феврал ойида Зоир Мирзаев мактаб директорлари билан ўтказган мулоқотида «Телефонсиз мактаб» тизимини жорий этиш, телефондан фойдаланмаслик таклифини илгари суриб, буни амалга оширган мактабларни 300 миллион сўм билан тақдирлашга ваъда берган эди. 

Кейинроқ, Ангрен шаҳридаги 13- ва 17-сон умумтаълим мактабларида «Телефонсиз мактаб» тизими жорий этилгани, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг телефонлари махсус жавонлар, қутиларга солиб қўйилаётгани ҳақида хабар берилди. Таъкидланишича, бу чора ўқувчиларнинг эътиборини устозлар томонидан берилаётган билимларни янада чуқурроқ эгаллашга қаратади. 

Шунингдек, ота-оналар кузатув кенгаши билан мактаб маъмурияти йиғилиш ўтказиб, таълим муассасасида телефондан умуман фойдаланмаслик таклифи илгари сурилгани ва бу барча томонидан бирдек маъқуллангани айтилди. 

Мактабларда телефондан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалар «Телефонсиз мактаб» тизими ташаббусидан ҳам анча олдинроқ қабул қилинган. Жумладан, бундай меъёрлар Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган. 

Қарорга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши («овозсиз» режимга ўтказиши) шарт. 

Ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин телефонни тўлиқ ўчириб, портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши керак. 

Таълим олувчиларга бошқа нарсалар қатори, ўқув машғулотлари вақтида телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш тақиқланади. 

Бироқ, таълим олувчилар машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланиши, SМS, ММS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланиши мумкин. 

Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.

Мавзуга оид