Ўзбекистон | 11:27 / 27.04.2024
2899
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хорижий компанияларнинг хавфсизлик ускуналари ишлаб чиқарилиши мумкин

Ўзбекистон дипломатлари Белгиянинг Кортрейк шаҳрида ўтказилган хавфсизлик ускуналари кўргазмасида иштирок этди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчихонаси ходимлари Кортрейк шаҳрида ташкил этилган полиция, кузатув, хавфсизлик, фавқулодда хизматлар ва табиий офатларга жавоб бериш бўлинмалари учун мўлжалланган мосламалар — INFOPОL|XPО кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Ушбу кўргазма 1995 йилдан бери мунтазам ташкил этиб келинади. У Бенилюкс мамлакатларидаги барча хавфсизлик тизимида қарор қабул қилувчилар ва соҳа бўйича харид менежерлари учун полиция, кузатув ва хавфсизлик ускуналарининг йирик халқаро кўргазмаси саналади.

Жорий кўргазмада 30 га яқин давлатдан 100 дан ортиқ ихтисослашган компания ва дилерлик ташкилотлари томонидан транспорт, махсус индивидуал жиҳозлар, алоқа, тиббий тез ёрдам, ўт ўчириш воситалари, кузатиш ва йўл ҳаракати назорат қилиш тизимларининг энг замонавий намуналари тақдим қилинди.

Ўзбекистон дипломатлари тадбир доирасида 10 дан ортиқ компания вакиллари билан учрашувлар ўтказишди. Уларда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уларнинг маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Кўргазма иштирокчи қатор компаниялар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдириб, ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш бўйича батафсил музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид