Ўзбекистон | 08:12 / 27.04.2024
15470
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўрик пишди

Термиз туманида барпо этилган ўрикзорларда экинлар барвақт ҳосилга кирди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Сурхондарё вилояти Термиз туманида ўрик пишди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, тумандаги МЧЖ томонидан барпо этилган ўрикзорларда инновацион технологияни муваффақиятли қўлланиши ҳисобига экинлар барвақт ҳосилга кирди.

2020 йилда ташкил этилган корхонада ўтган қисқа вақт ичида қарийб 102 гектар майдонда томчилатиб суғориш орқали ўрик (микадо, магадант, калорода, майкод, лидегод, синишкод, рубица, касинко, радова) ва шафтоли (нектар) парваришлаш йўлга қўйилди.

Эртапишар ва ҳосилдор бу меваларнинг кўчати хориждан келтирилган бўлиб, ер ва иқлимга тезда мослашди.

Бугун МЧЖ боғларида ўрик ғарқ пишган. Ҳосилни йиғиб олишни бошлаган боғбонлар халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган дармондорига бой неъматни Россияга экспорт қилишга ҳам киришди.

Ҳозирда 600 нафар мавсумий ва 16 нафар доимий ишчи ўрни яратилган корхонада ҳосилни йиғиштириш, саралаш ва қадоқлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Кўчатлар 3-4 йиллик бўлгани сабаб, гектаридан қарийб 25 тоннадан ҳосил олинмоқда.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, келгусида 80-100 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган бўлиб, биргина жорий йил мавсум давомида ўрикнинг ўзидан қарийб 1500 тонна атрофида ҳосил олиш ва чет давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид