Ўзбекистон | 12:52 / 27.04.2024
11090
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокими: “Боғнинг менежери давлат бўлиши нотўғри”

Абдулла Қодирий ва “Дўстлик” боғларини тадбиркорга 49 йил муддатга ижарага берган Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов бу қарорига изоҳ берди. Унинг фикрича, “боғнинг менежери давлат бўлиши нотўғри”. “Бутун дунёда шунақа”, деди ҳоким.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масала – Абдулла Қодирий ва “Дўстлик” боғлари хусусий тадбиркорга 49 йилга ижарага берилгани юзасидан изоҳ берди. У Gazeta.uz мухбирининг бу ҳақдаги саволига жавоб берган.

“Нима деб ўйлайсиз, 1 кв метр яшилликни яхши ушлаб туриш учун қанча харажат қилиш керак? Мен сизга айтаман, 20 доллардан 50 долларгача сарфланади ойига. Давлатни қанча пули бор? Кеча гуллар, дарахтлар ва яшиллик харажати учун 8 миллиардлик [қарорга] қўл қўйдим. Сизлар ёздинглар ва тўғри ёздинглар, буни беркитадиган жойи йўқ”, – деди пойтахт ҳокими.

“Биз [боғларни] ижарага берганимиз билан мана Ғафур Ғуломни қанақа чиройли жой қилиб қўйган. Ҳозир боринглар, [Абдулла Қодирий ва Дўстлик] боғлар[ининг аҳволи] яхшимас. Боғнинг менежери давлат бўлиши нотўғри. Бутун дунёда шунақа. У ерга қўшимча дарахт эктирамиз, катта аттракционлар қўйилмайди, талаблар ҳаммаси қўйилган. Нега унга бердинглар десанглар уни қилиб қўйган ишини кўрдим. Ман нима қиламан тажриба қилиб”, – деди Умрзоқов.

Журналистнинг аслида қонунчилик бўйича тендер бўлиши кераклигини айтганида ҳоким “Мен тендер қилдим”, дея жавоб берди.

“Мен шуни лозим топдим, мен танладим. Бир нарсани тушунишимиз керак, кв метри 20−50 доллар деяпман. Давлат қандай қилиб [бу харажатни] кўтаради? Бу халқни пули... Аввало, ҳар бир паркда қилинаётган иш бамаслаҳат қилинади”, – деди Шавкат Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов 26 мартдаги қарори билан Дўстлик (собиқ Бобур) паркини 49 йилга Ғафур Ғулом паркини реконструкция қилган BPM Smart Decision Management компаниясига ижарага берган.

19 апрел куни Абдулла Қодирий боғида журналистлар билан учрашган компания расмийларига кўра, инвестор ҳар битта боғ учун камида 10 миллион доллардан инвестиция киритиш мажбуриятини олган.

Боғни ижарага бериш ҳақидаги қарор жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган эди. Бу маълум бўлгач, қатор фаоллар боғларни пул ишлайдиган масканга айлантириш нотўғри экани, уларни ижтимоий аҳамиятга эга объектлар сифатида давлат молиялаштириши кераклигини таъкидлаб чиқди.

“Адолат” ва Экология партиялари пойтахт ҳокимлигини бундай қарорларни қабул қилишдан олдин жамоатчилик билан очиқ муҳокама қилишга чақирди.

Мавзуга оид