Жаҳон | 09:38 / 29.04.2024
2523
3 дақиқада ўқилади

Буркина-Фасо хорижий ОАВ фаолиятини тўхтатиб қўйди

Ҳукмрон ҳарбий хунта Deutsche Welle’ни номаълум муддатга тақиқлади. Бундан ташқари, Франциянинг Le Mond газетаси, TV5 Monde телекомпанияси ва Британиянинг The Guardian нашри мамлакатда блокланган.

Фото: AP/picture alliance

Ғарбий Африканинг Буркина-Фасо давлати бир нечта хорижий нашрларнинг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатди, дейилади маҳаллий алоқа регулятори CSC душанба куни кечқурун эълон қилган баёнотда. Ҳукмрон ҳарбий хунта томонидан мамлакатда фаолияти тўхтатилганлар орасида Франциянинг Le Monde газетаси, Британиянинг The Guardian нашри, Германиянинг Deutsche Welle медиа-компанияси ва Франциянинг TV5 Monde телекомпанияси бор. 

Қарорда таъкидланганидек, бу оммавий ахборот воситаларининг фаолияти Буркина-Фасода Human Rights Watch (HRW)нинг мамлакат армиясини исёнчиларга қарши курашда тинч аҳолини қирғин қилишда айблаган ҳисоботини ёритгани учун тўхтатилди. Худди шу сабабга кўра, бир кун олдин трансляцияни тақиқлаш бошқа оммавий ахборот воситаларига таъсир кўрсатди: француз тилидаги минтақавий Ouest-France газетаси, APAnews янгиликлар портали ва Agence Ecofin ахборот агентлиги. 

Африка давлати расмийлари, шунингдек, интернет-провайдерларга BBC, «Америка овози» (VOA) ва Human Rights Watch каналларига киришни икки ҳафта муддатга тўхтатишни буюрди. 

Расмийлар HRW ҳисоботидан норози 

Буркина-Фасо ҳарбий раҳбарлари HRW’нинг аскарлар 25 февралдаги иккита ҳужумда камида 223 нафар қишлоқ аҳолиси, жумладан 56 болани ўлдиргани ҳақидаги даъволарини «асоссиз» дея таърифлади. «Нодине ва Сородаги қотилликлар (мамлакатнинг шимолий қисмида Мали исёнчилари ҳаракат қиладиган жойлар номи) ҳуқуқий суриштирув бошланишига олиб келди», деди шанба куни алоқа вазири Римталба Жан Эммануэл Уэдраого.

У «фактларни ва муаллифларни аниқлаш учун суриштирув олиб борилаётган бир пайтда, HRW «айбдорлар»ни аниқлаб, ўз ҳукмини чиқара олгани»дан ҳайратда қолган.

HRW ўз ҳисоботида қиш охирида содир бўлган қирғинларни «2015 йилдан бери Буркина-Фасодаги энг даҳшатли уруш жиноятлари» деб атаган ва уларни «қуролли гуруҳлар билан ҳамкорликда айбланган тинч аҳолига қарши кенг кўламли ҳарбий кампаниянинг бир қисми» деб таърифлаган. Ғарбий Африка давлати расмийлари бу баёнотда «жанговар кучларни обрўсизлантириш» ниятини кўрди. 

ОАВ эфирларини тақиқлаш давом этди 

Яқин ўтмишда Буркина-Фасо аллақачон бир қатор француз оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилган ва чет эллик мухбирларни чиқариб юборган. 2022 йил сентябридаги ҳарбий тўнтаришдан буён Ғарбий Африка мамлакати собиқ армия капитани Иброҳим Траоре бошчилигидаги ҳарбий хунта томонидан бошқарилади. 

Исёнчилар 2015 йилда қўшни Малидан Буркина-Фасога бостириб кириб, минглаб тинч аҳоли, аскарлар ва полицияни ўлдирган ҳамда икки миллионга яқин одамни уйини ташлаб кетишга мажбур қилган. Ўлганлар сони ортиб бораётганидан ҳарбийларнинг ғазаби 2022 йилда давлат тўнтаришига ва мамлакатда ҳарбий диктатура ўрнатилишига олиб келди. 

Мавзуга оид