Жаҳон | 08:50 / 29.04.2024
4010
2 дақиқада ўқилади

Португалия собиқ мустамлакаларга товон пули тўлашдан бош тортди

Португалия ҳукумати президент Марселу Ребелу де Соузанинг мустамлакачилик ўтмиши ва қулчилик учун товон тўлаш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватламади.

Фото: Unsplash

Португалия ҳукумати Африкадаги собиқ мустамлакаларига товон тўлаш жараёнини бошлашдан бош тортди, деб хабар берди Reuters 27 апрел куни. Етказилган зарарни қоплаш зарурлиги ҳақида аввалроқ мамлакат президенти Марселу Ребелу де Соуза маълум қилганди.

Агентлик томонидан келтирилган ҳукумат баёнотида айтилишича, у «ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш, тарихий ҳақиқатни ҳурмат қилиш ва қардош халқларнинг ярашувига асосланган тобора қизғин ва яқин ҳамкорликка интилади». Бироқ, аввалги ҳукуматлар сингари, унинг компенсация тўлаш учун «аниқ ҳаракатлар жараёни ёки дастури йўқ». 

Шу билан бирга, ҳукумат собиқ мустамлакалар билан муносабатларни «ҳақиқатан ҳам аъло» деб атади ҳамда таълим, тил, маданият, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликка эътибор қаратди. 

Португалия президенти мамлакат мустамлакачилик даврида содир этилган жиноятлар учун жавобгар эканлигини айтди ва «харажатларни тўлашга» чақирди. Хусусан, у собиқ мустамлакаларнинг қарзларини ҳисобдан чиқариш ва уларни молиялаштиришни таклиф қилди. Бу ўнг қанот партияларнинг кескин танқидига сабаб бўлди, дея қайд этади Reuters. 

Португалиянинг мустамлакачилик ўтмиши 

Португалиянинг мустамлакачилик даври беш асрдан ортиқ давом этди. 15-19 асрлар орасида тахминан олти миллион африкалик Португалия кемаларида Атлантика океани бўйлаб мажбуран олиб ўтилди ва қулликка, асосан Бразилияга сотилди. Португалия мустамлакаларига Ангола, Мозамбик, Бразилия, Кабо-Верде, Сан-Томе ва Принсипи, Шарқий Тимор ва Осиёдаги айрим ҳудудлар киради. 

Лиссабон томонидан бошқарилган Африка давлатларининг деколонизацияси 1974 йилда, «Чиннигул инқилоби»дан бир неча ой ўтгач бошланган. Инқилобда Европадаги энг узун диктатурани ағдарилди ва Португалияда демократия жараёни бошланди.

Мавзуга оид