Ўзбекистон | 10:35 / 29.04.2024
6989
5 дақиқада ўқилади

Янгийўлдаги сил касалхонасига “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази жойлаштирилди. Аҳоли вирус юқтириб олишдан қўрқяпти

Эпидемияга қарши курашга ваколатли орган бунга хулоса бермаган. Марказга келиб кетувчи аҳоли сил юқишидан хавотир олиб, марказ бошқа жойга кўчирилишини сўраяпти.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри Янги ҳаёт кўчасида туман тиббиёт бирлашмаси Кўп тармоқли марказий поликлиникасига қарашли Силга қарши курашиш диспансери фаолият юритади. Бу бинога 2024 йил феврал ойида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази кўчиб келган. Нурафшон ТВ тайёрлаган лавҳада аҳоли бу ҳолатдан норози экани, улар марказга борганда сил юқиб қолишидан хавотирланаётганини айтган.

Маълум бўлишича, Янгийўл шаҳри “Мустақиллик” МФЙ Янги ҳаёт кўчасида жойлашган бино 1982 йилда қурилган. Бу жой 2011 йилдан бошлаб Силга қарши курашиш диспансери сифатида аҳолига хизмат кўрсатиб келади.

Видеода кўрсатилишича, Тошкент вилояти ҳокимининг 2023 йил 6 сентябрдаги 1/8-3-4071-сонли қарори асосида бу бино тўлиқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси балансига ўтказилган. Бинода 2024 йил февралдан бери “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳам фаолият юритишни бошлаган.

Фуқаролардан бири Муҳиддин Нуриддиновнинг айтишича, бош вазирга бинони Сил касалликлари диспансери эмас, Тез тиббий ёрдам бўлими деган маълумот билан киритишган, бино бўш турибди деб уни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ўтказиш сўралган.

Бош вазирга ёлғон маълумот киритишган. Бу бино 10 йилдан бери Сил касалликлари диспансери бўлиб келяпти. Бинодан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига жой берилиши жуда хавфли. Ахир бу ерда ногиронлар, қариялар, бола пули олишга аёллар ва болалар келади. Уларнинг сил касалликларини юқтириб олиш эҳтимоли кучли”, – дейди у. 

Лавҳадан кўринишича, Сил касалликларига қарши курашиш бўлими бинонинг 2-қаватида фаолият юритади. Худди шу жойда ижтимоий хизматлар маркази жойлашган. Уларни битта эшик ажратиб туради. Бу аҳоли учун жуда хавфли эканини Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси бош фтизиатори Мавжуда Камолова ҳам таъкидлаган.

Сил касаллиги ҳаво томчи йўли орқали юқадиган инфекцион касаллик ҳисобланади. 14 йилдан бери шу бинода халққа хизмат кўрсатиб келамиз. Бу бинони Ижтимоий ҳимоя агентлигига берамиз дейишганда юрагимиз ачиб кетди. Чунки силнинг қанчалик даражада юқумли эканини, қанақа тури борлигини билганимиз учун бу бинога кираётган ҳар бир аҳолига жонимиз ачийди”, – деган бош фтизиатор.

Бинога одам гавжум бўладиган ташкилотнинг кўчирилиши учун Санэпидқўмита хулоса бериши кераклиги, акс ҳолда бинодан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмаслигини Янгийўл шаҳар Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат бирлашмаси ходими Азиза Тўйчибоева ҳам таъкидлаган.

Силга қарши даволаш профилактика муассасалари жойлашган ер участкаларига, биноларига турар жой бинолари, ижтимоий соҳа, таълим-тарбия муассасалари, овқатланиш корхоналарини киритиш мумкин эмаслиги тўғрисида санитар қоида ва нормалар бор. Бу бўйича бизга ҳеч қандай мурожаат ва ариза тушмаган. Санэпид бўлими томонидан рухсат ва хулоса ҳам берилмаган. Агар Санэпид бўлими томонидан хулоса берилмаса, бинодан бошқа мақсадларда фойдаланиш, кўчиб келиш ёки бошқа объектларни киритиш мумкин эмас”, – деган Тўйчибоева.

Шунингдек, ҳолатдан норози аҳоли Республика Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига ҳам мурожаат қилган. Бунга жавобан Янгийўл шаҳар Санэпид бўлими раҳбари М.Х.Қурбонов қўмитага диспансер биносини “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига бериш юзасидан ҳеч қандай хат келиб тушмагани ва бино бўйича хулоса тақдим этилмаганини билдирган.

Жавоб хатида собиқ Силга қарши курашиш муассасалари бўлиб фаолият юритган биноларни мактабгача таълим муассасаларига, ёпиқ турдаги муассасаларга (қариялар, ногиронлар уйлари ва ҳ.к.), туғуруқ; мажмуаларига, дорихоналарга, яшаш жойларига, озиқ-овқат саноатига, овқатланиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо шохобчаларига ўзгартириш тақиқланиши кўрсатилган.

Аҳоли вакиллари юқори турувчи бир неча ташкилотга, жумладан Тошкент вилояти ҳокимига ҳам мурожаат қилгани ва ҳокимлик жавоб бермаганини айтяпти.

Бинода сил таёқчалари 20 йил давомида сақланиши, бинодан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин эмаслиги, фуқаролар соғлиғига жиддий хавф туғилаётганлиги боис “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг бошқа жойга кўчириб берилишини сўрамоқдамиз. Бинони қайта таъмирлаган тақдирда хам касаллик сақланади ва хавф бор деб ҳисоблаймиз”, – дейди фуқаролардан бири. 

Мавзуга оид