Нуқтайи назар | 20:32 / 30.04.2024
26835
3 дақиқада ўқилади

Ўз қўлимиз билан муаммо яратмайлик

Ҳукумат тайёрлаган яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастури лойиҳасида ижобий таклифлар билан бирга, эртага тадбиркорларни, оддий одамларни қийнашга замин яратадиган чоралар ҳам кўзда тутилган. Блогер Қобил Хидиров Солиқ қўмитасига қўшимча ваколат беришда етти ўлчаб бир кесишга чақирди.

Google Photos

Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари (ҳозирча лойиҳа кўринишида) ижобий таклифлар билан бир қаторда, баҳсталаб, Солиқ қўмитасига яна мутлақ ва назоратсиз ваколатларни тақдим этиш хавфини оширган. Энг ёмони, ушбу идора имкон бўлдики, ўзига қўшимча ваколат ва инструмент олишга интиляпти. Эртага кеч бўлади, бугун ўйлаш керак.

Битта нарсани унутмаслик керакки, ҳозирги бюджет тақчиллигини юзага келтирганлар одамлар, кичик ва ўрта тадбиркорлар эмас, балки ҳисобдорлигини унутган ҳукуматнинг палапартиш сарф-харажати, монополия, йирик бизнес олаётган имтиёз7у субсидиялар оқибатидир (мабодо муаммо шунда бўлса). Шунинг учун ҳам икки оёқ бир этикка тиқилган пайт қора халқнинг чўнтагига қўл тиқишга уриниш адолатсизликдан бошқа нарса эмас.

Жисмоний шахслар ўртасида P2P пул ўтказмалари устидан назорат ўрнатишга уриниш яна кун тартибига чиқаётгани хавотирлидир. Ваҳоланки, худди шундай уриниш ўтган йили янги Конституциянинг “41, 65–67-моддалари талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида” бекор қилинган эди. Ëки Президент тадбиркорлар билан учрашувда “Tax Gap” деган балони бекор қилган ҳолатни эслашнинг ўзи кифоя.

Ҳукумат тайёрлаган яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастурида ҳам яна шундай казусларни яратадиган чоралар илгари суриляптики, эртага тадбиркорларни, оддий одамларни қийнашга замин яратилиши мумкин. Назоратсиз, тадбиркорни, оддий одамларни “ямлаб ютишга” тайёр турган конторага қўшимча ваколат бериб, афсусланиб юргандан кўра ҳозироқ етти марта ўйлаб, бир марта кесган яхши. Энергетика ва коммунал хизматлар нархлари ошиб, шундоқ ҳам стрессда турган тадбиркорларни, одамларни, қўпол ўхшатиш бўлса ҳам, қатағон қилиш нотўғри қадам ва нотўғри сигналдир. Ўз қўлимиз билан муаммо яратмайлик.

Қобил Хидиров,
блогер

Мавзуга оид