Жаҳон | 13:04 / 02.05.2024
3172
2 дақиқада ўқилади

АҚШда украиналик ҳакер 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

REvil киберҳужумлар ишида айбланувчи 2,5 мингдан ортиқ ҳужумларда иштирок этганликда айбдор деб топилди. 24 ёшли йигит 2021 йилда Полшада қўлга олинган, кейин эса АҚШга экстрадиция қилинган.

Фото: Kevin Dietsch/AFP/Getty Images

АҚШ суди Украина фуқаросига машҳур REvil ҳакерлар гуруҳининг киберҳужумлари бўйича ишда айблов ҳукми чиқарди. АҚШ Адлия вазирлиги 1 май, чоршанба куни хабар беришича, 24 ёшли эркак 2500 дан ортиқ тўлов дастури ҳужумларида иштирок этгани учун 13 йил-у 7 ой қамоқ ва 16 миллион доллар жаримага ҳукм қилинди. 

Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлди 

Судланувчи 2021 йилда Полшада тўлов дастури ҳужумларини амалга оширувчи ҳакерлик гуруҳларига қарши глобал операция доирасида қўлга олинган. У 2022 йилда Қўшма Штатларга экстрадиция қилинган ва фирибгарлик, пул ювиш ва ҳимояланган компютерларга зарар етказиш учун фитна уюштирганликда айбдор деб топилган. 

Судланувчи ва унинг шериклари бутун дунё бўйлаб минглаб компютерларни бузиб, уларни тўлов дастури билан шифрлаган, сўнгра 700 миллион доллардан ортиқ тўлов талаб қилган, деди бош прокурор ўринбосари Никол Аржентери. Шу билан бирга, агар улар тўловни тўлашдан бош тортса, жабрланувчилар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш билан таҳдид солган.

REvil жиноятлари қаторига 2021 йилда АҚШ дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси - Kaseya’га қилинган ҳужум ҳам киради, у кенг оқибатларга олиб келди ва камида 17 мамлакатдаги кўплаб компанияларга таъсир кўрсатди. Бошқа нарсалар қаторида, ушбу киберҳужум натижасида Швециянинг Coop супермаркетлар тармоғи касса тизимидаги носозликлар туфайли ўзининг аксарият филиалларини вақтинча ёпишга мажбур бўлди. 

REvil ҳакерлари гўёки Россиядан ишлаган. 2021 йил ноябр ойида АҚШ Россия ва Украинадан бўлган REvil ҳакерларини қора рўйхатга киритди. 2022 йил январ ойида Россия АҚШ талабига биноан REvil тугатилганини маълум қилди. Бир қанча ҳакерлар қўлга олинган.

Мавзуга оид