Марказий банк иқтисодий ўсиш прогнозини 5,2-5,7 фоизгача пасайтирди
Марказий банк таҳлилларига кўра, жорий йилда пул ўтказмалари миқдори 12-12,5 млрд доллар атрофида шаклланиши мумкин. Регулятор аҳоли учун энергия ресурслари нархи оширилишининг умумий инфляцияга бирламчи таъсирини 2,4 фоиз бандга баҳолади ва йиллик инфляция 9-11 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.
Янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича жорий йилдаги умумий инфляция прогнози 9-11 фоизгача оширилди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган «2024 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.
Макроиқтисодий прогнозлар
Янгиланган прогнозларга кўра, 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,2-5,7 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Ушбу кўрсаткич жорий йил январдаги ҳисоб-китобларга (5,5-6 фоиз) нисбатан пасайган. Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг харажатларидаги таркибий ўзгаришлар ҳисобига келгусида истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллашиши билан ифодаланган.
Ташқи савдо
Жорий йилнинг I чорагида экспортнинг (олтинсиз) ўсиш динамикаси асосий сценарий прогнозлари доирасида шаклланган. Жаҳонда атом энергетикасининг роли ортиб бораётганлиги сабабли уран қимматлашиши ва Хитой ишлаб чиқариш секторидаги ижобий тенденциялар туфайли мис нархининг ўсиши жорий йилда олтинсиз экспорт динамикасини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Шу билан бирга, пахта нархи чоракнинг дастлабки ойларидаги кескин ўсишидан сўнг ўтган йилги қийматларга қайтган бўлса, нархнинг кейинги траекториясида юқори ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Юқоридаги омиллар ҳисобига жами экспорт ўсиши 9-12 фоизни, олтинсиз экспорт ўсиши эса 12-14 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.
Ҳисобот даврида импортнинг ўсиш суръати бироз пастроқ шаклланиб, ушбу пасайиш ўтган йилги транспорт воситалари импорти фонида юзага келган юқори база билан изоҳланган. I чоракда машина ва асбоб-ускуналарсиз импортнинг ўсиши динамикаси қарийб 8 фоизни ташкил этган. Жорий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда импорт ўсиш прогнози 10-12 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.
Пул ўтказмалари ва меҳнат бозори
Валюта курсларида сезиларли тебранишлар кузатилмаган тақдирда, пул ўтказмалари прогнози 2024 йил охиригача 12-12,5 млрд доллар атрофида шаклланиши прогноз қилиняпти. Январ-март ойларида трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошиб, 2,5 млрд долларга етган.
Шу билан бирга, айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг эркинлаштирилиши ва натижада инфляциянинг тезлашиши ҳисобга олинганда, аҳоли тасарруфидаги реал даромадлар бироз пасайиши, уларнинг таркибий ўзгариши ва бунга мос равишда шахсий истеъмол маълум даражада мақбуллашиши мумкин.
Инфляция
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли учун энергия ресурсларининг ижтимоий меъёр бўйича нархлари оширилишининг умумий инфляцияга бирламчи таъсири 2,4 фоиз бандни (хусусан, электр энергияси - 1,2 фоиз банд, тармоқли табиий газ – 1 фоиз банд, суюлтирилган газ – 0,2) ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Юридик шахслар учун энергия тарифлари ўтган йили ошириб бўлингани ва бу ўзгаришлар фақат уй-хўжаликларига нисбатан амалга оширилаётгани ҳисобига унинг иккиламчи таъсири юқори бўлмаслиги кутилмоқда. Ушбу иккиламчи таъсир асосан инфляцион кутилмаларнинг ўзгариш даражаси билан боғлиқ бўлади.
Ўрта муддатли даврда базавий инфляциянинг барқарор пасайиб бориши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, жорий йилнинг апрел ойидан тиббий хизматлар, дори-дармонлар ва айрим коммунал хизматларга қўшилган қиймат солиғи жорий этилиши қисқа муддатли истиқболда базавий инфляциянинг пасаювчи тенденциясини секинлаштириши мумкин.
Қайд этилишича, аввалги йиллардаги бюджет харажатларининг юқори суръатда ўсиши таъсирлари камайиб бориши билан бир қаторда келгусида фискал интизомга риоя қилиниши ва бюджет харажатларининг йил бошида белгиланган даражалари доирасида амалга оширилиши инфляцияга талаб томондан қўшимча босим шаклланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб, янгиланган макроиқтисодий прогнозларга кўра, 2024 йил II чорагида бир марталик таъсирлар ҳисобига умумий инфляция кўрсаткичи ошиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари давом эттирилиши натижасида йил якунига умумий инфляция 9-11 фоиз доирасида бўлиши кутилмоқда.
Фискал ҳолат
Давлат бюджети тақчиллиги I чоракда 19,8 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 8,2 фоизни ташкил этган. Мазкур юқори тақчиллик иқтисодиётнинг молиявий ҳолатига потенциал босимни шакллантириб, давлат харажатлари ва даромадлари ўртасидаги сезиларли номутаносибликни акс эттиради.
Сўнгги даврларда (2023 йилнинг III чорагини ҳисобга олмаганда) кузатилган мусбат фискал импулс тенденцияси иқтисодиётда рағбатлантирувчи фискал сиёсат давом этаётганлигини кўрсатади.
Юқори фискал тақчиллик қисқа муддатли иқтисодий фаолликни оширса-да, ўрта муддатда потенциал ўсишга ҳамда нархлар барқарорлигига салбий таъсирга эга бўлиши мумкин. Барқарор бюджет-солиқ сиёсатини сақлаб қолиш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ушбу тафовутнинг бартараф этилиши муҳим ҳисобланади.
Мавзуга оид
17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
19:05 / 25.12.2024
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
11:21 / 25.12.2024
Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди
19:16 / 12.12.2024