Жаҳон | 08:58 / 06.05.2024
6754
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 16 нафар фуқароси Қозоғистондан чиқариб юборилди

Фото: Polisia.kz

Қозоғистонда полиция департаменти ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида 16 нафар хорижлик фуқароларнинг ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғуллангани аниқланди, деб хабар беради Polisia.kz.

Улардан етти нафари Ўзбекистон Республикаси, тўққиз нафари Тожикистон Республикаси фуқароларидир.

Мазкур хорижликлар Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлаб келгани аниқланган.

Нашр хабарига кўра, улар Сатпаев шаҳрида маъмурий жавобгарликка тортилган ҳолда ноқонуний тарзда ишлаб, суд қарори билан белгиланган талабларни бажармаган ва Қозоғистон Республикасининг миграция соҳасидаги қонунчилигини бузган.

Бундан ташқари, Тожикистон Республикасининг икки нафар фуқароси Олмаота шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарори талабларини бажармай, жавобгарликдан бўйин товлаб келгани аниқланди. 

Қайд этилишича, чет эл фуқароларини ноқонуний меҳнат фаолиятига жалб қилган иш берувчилар ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. 

Ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида барча чет эл фуқаролари мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилди. 

Мавзуга оид