Ўзбекистон | 23:37 / 06.05.2024
63687
1 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди

Мактаб раҳбарияти ўқувчиларни назоратсиз қолдирганликда айбланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сирдарё вилояти, Сардоба туманида ўқувчилар синфхонадаги мониторда мусиқий видеоклип томоша қилгани учун мактаб раҳбарияти жазоланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Қайд қилинишича, ҳолат Сардоба туманидаги 5-сон умумтаълим мактабида содир бўлган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтида назоратсиз қолдирилган. Улар синфхонадаги мониторда мусиқий видеоклип томоша қилган, унда беҳаё лавҳалар бўлгани айтилмоқда. Кейинчалик ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Хабарга кўра, «ўқувчиларни назоратсиз қолдиргани учун» синф раҳбари, мактаб директори, директорнинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Таъкидланишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча умумтаълим мактабларида «Мактаб, ота-она, маҳалла» ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилан.

Мавзуга оид