Ўзбекистон | 14:14 / 07.05.2024
6279
8 дақиқада ўқилади

“Трамвайни янги Тошкентда қуриш устувор бўлиб турибди” – Alstom компанияси вице-президенти

Француз компанияси вакили Саша Парне трамвай линиясини янги Тошкент ҳудудида қуриш ўзбек масъуллари томонидан устувор масала сифатида кўрилаётганини айтди. Мутахассисга кўра, жараёнда жойларда транспорт тадқиқотлари ўтказилиши муҳим, лойиҳа учун юз миллионлаб долларлар сарфланиши кутилмоқда.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

“Тошкентга трамвайни қайтариш режалаштирилмоқда, аммо “бугунги кунда [трамвай қурилиши бошланса] шаҳардаги коммуникация тармоғини ўзгартиришга тўғри келади, бу – жуда қиммат ғоя”,– дейди пойтахтда трамвай лойиҳасини амалга ошириши керак бўлган Аlstom компанияси вакили. 

Франциянинг Аlstom компанияси – темирйўл транспорти, жумладан, трамвайлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиларидан бири. Компаниянинг Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаларидаги савдо ва маркетинг бўйича вице-президенти Саша Парне 2 май куни Тошкентда ўтган Халқаро инвестиция форумида Gazeta.uz мухбирининг трамвай лойиҳасига оид бир қанча саволларига жавоб берган.

“Трамвайнинг эски йўналишини тиклаш – яхши ғоялардан бири”

Саша Парне шаҳарнинг марказий қисмидаги [эски] трамвай линиялари “муҳим инфратузилма нуқталари” эканини тасдиқлаб, агарда қурилиш ишлари бошланса, кўплаб коммунал, электр тармоқлари, канализация қувурларида узилиш бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Линияларни ётқизиш давомида имкон қадар одамлар мобиллигига[ҳаракатчанлигига] бўлган талабни қондиришимиз ва муҳандислик тармоқларини бузмасликка уринишимиз учун айрим тадқиқотлар керак бўлади”, – дейди у.

Қайд этилишича, ҳар бир шаҳар турлича тузилган, шунинг учун трамвай линияларини лойиҳалаш ва қуришда коммуникацияларнинг жойлашишини ҳисобга олиш керак. Бу борада трамвайнинг эски йўналишини тиклаш – яхши ғоялардан бири экани айтилмоқда.

“Чунки [трамвай линиялари] борлигидан бери у ерга ҳеч нарса қурилмаган бўлса, коридорга кириш мумкинлиги аниқ. Аммо сиз талабни ҳам ҳисобга олишингиз ва мобилликни энг керакли жойда белгилашингиз керак”, – деган у.

“Трамвай лойиҳаси учун янги Тошкент приоритет бўлиб турибди”

Тошкент ҳокимияти ва Транспорт вазирлиги Франция компаниясига трамвай линиясини Янги Тошкентда қуриш устувор йўналиш эканини қайд этди.

Gazeta.uz'нинг эски Тошкент ҳудудида трамвай лойиҳасини амалга оширишга оид саволига Саша Парне пойтахт ва янги Тошкент ўртасида замонавий транспорт алоқаларини ўрнатиш устувор вазифа эканини, линияларни исталган жойда, жумладан, шаҳар марказида қуриш мумкинлигини такрорлаган. Аммо бу борада аниқ аниқ режа баён қилинмаган.

“Ҳозирда, биз билганимиздек, Янги Тошкент ҳақиқатан ҳам келажак учун муҳим устувор йўналишдир. Ўйлайманки, Тошкент ва Янги Тошкент ўртасидаги алоқа жуда устувор вазифага айланиб бормоқда. Исталган муваффақиятга эришиш учун ушбу лойиҳани режалаштириб, замонавий ва кам углеродли технологиялардан фойдаланган ҳолда бинолар қуриш, ҳақиқатда тирбанд қиладиган, атроф-муҳитни ифлослантирувчи автомобиллар ўрнига яшил транспортлар афзалроқдир”, – деган у.

Шунингдек, мутахассис бундай лойиҳаларни амалга оширишнинг икки йўли ҳақида гапириб ўтган.

“Биринчи йўл – интеграциялашган ёндашув бўлиб, унда тизимнинг ҳар бир элементи пакетлар кесимида сотиб олинади, сўнг улар янги интеграциялашган чизиққа бирлаштирилади.

Иккинчи йўл - пудратчини 'под ключ' тизими асосида қурилишга жалб қилиш, яъни бунда пудратчи барча зарур элементларнинг, жумладан, рельслар, поездлар, энергия тизимлари, сигнализация, чипталарни ҳақиқий интеграциялашуви – [умуман жараёнда] лойиҳанинг якунланишигача жавобгар бўлади. Ҳар куни ўз вақтида ва бахтсиз ҳодисаларсиз келадиган, хавфсиз ва ишончли тизимга эга бўлиш ҳамда интерфейсда бир-бири билан тўғри алоқа қилиш учун [тармоқни] бир тизимга бирлаштириш зарур бўлган кўплаб жиҳатларни ҳисобга олиш керак”, – деди у.

Саша Парне трамвай линиясини ётқизиш лойиҳанинг муҳим ва қимматли қисми эканини айтган. Қайд этилишича, [жараён тўғри ташкил этилса] лойиҳани тезкор амалга ошириш, тажрибали мутахассислар иштирокида қурилиш вақтини камайтириш мумкин.

Парне трамвай лойиҳасининг аниқ қийматини айта олмаслигини, чунки у шаҳарнинг тузилиши ва дизайнига қараб ўзгаришини маълум қилган. Аммо вакилнинг айтишича, гап тахминан юз миллионлаб долларлар ҳақида кетяпти.

“Тошкентга транспорт тадқиқоти керак”

Аlstom вице-президенти трамвайни Тошкентга қайтариш учун ҳудудда транспорт тадқиқоти ўтказилиши кераклигини, бу одамлар ва юкларнинг ҳаракатланишидаги эҳтиёжини аниқлашга ёрдам беришини айтган.

“Бундан ташқари, бугунги кунда одамлар учун энг қулай транспорт воситаси нима эканлигини тушунишимиз керак. Ўзингиз аниқлаб олишингиз керак: шаҳарнинг мақсади нима? Шовқин, ифлосланиш, углерод чиқиндилари ва нархни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёжларни қондириш учун мобиллик нуқтаи назаридан нимага эришмоқчисиз?

Катта тасаввурга эга бўлганингиздан сўнг, сиз анъанавий автомобиллар ва юк машиналаридан воз кечишни, узоқ муддатда атроф-муҳит учун янада хавфсизроқ бўладиган, аҳоли саломатлигига камроқ салбий таъсир кўрсатадиган, камроқ заррачали бўлган кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишни хоҳлаётганингизни айтишингиз мумкин. Темирйўл транспорти – мобилликдаги энг экологик тоза воситадир”, — деди у.

Шаҳардаги барқарор ҳаракатчанлик даражасини баҳолаш учун Саша Парне аҳоли жон бошига метро узунлигини ўлчашни таклиф қилди. Масалан, 3,5 миллион аҳолига эга, метро узунлиги 70-80 км бўлган Дубайда бу кўрсаткич ҳар 1 миллион кишига 20 кмни ташкил қилади.

“Тошкентда, менимча, бу ҳам 20 км. Токио, Париж, Лондон каби транспорт тизими 100-150 йил давомида ривожланган шаҳарларни кўрсангиз, бу кўрсаткич 100-150 кмни кўрсатади. Бу Тошкент ҳам ривожланиши билан шундай рақамга эриша олиши мумкинлигини англатади”, — деди у.

Саша Парнет мамлакатнинг бошқа ҳудудларида трамвай линияси керак ёки керакмаслигига оид транспорт тадқиқоти ўтказмаганини, бироқ Европа тажрибасига кўра, агар аҳоли сони 200 минг кишидан ошса, трамвай линиялари муҳимлигини таъкидлади. “Жамоат транспортининг катта афзалликларини кўриш учун шаҳар аҳолиси 1-2 миллион киши бўлиши шарт эмас”, - деган у.

Трамвай лойиҳаси тарихи

2022 йил июл ойида Тошкентда трамвайни тиклашга оид икки йўналишда таклифлар тайёрлангани, биринчиси, ТТЗ мавзесидан Шимолий вокзалгача, иккинчиси Ипподром бозоридан Шимолий вокзалгача бўлиши маълум қилинганди.

Худди шу йилнинг ноябрь ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга бўлган сафарида Тошкент трамвайини Франция компанияси қуриши, линия “Янги Ўзбекистон” боғига қадар олиб борилиши айтилганди.

Ўшанда 9,1 км узунликдаги трамвай линиясида йўловчи ташиш ҳажми кунига 78 минг кишини ташкил этиши режа қилингани, лойиҳа 167,4 млн еврога баҳоланган ҳамда қурилиш 2024 йилнинг 2-чорагида бошланиши мумкинлиги таъкидланганди.

2023 йил феврал ойида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Маркетинг лойиҳалар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўлими ходими Икром Шодиев Kun.uz'га берган интервюсида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича Аlstom компанияси томонидан ишлар олиб борилаётганини, бу бирданига бўладиган иш эмаслигини қайд этганди. 

“Ҳисоб-китоблар анча вақтни талаб қилади. Трамвай йўлини қуриш ўзи эмас. Кўп нарсани ҳисобга олиш керак, шунинг учун 1-2 ойда бу асосларни ишлаб чиқиш мумкин эмас.

Аlstom компанияси таклиф этаётган трамвай чоксиз линия бўлади. Олдин Тошкентда ҳаракатланган трамвайлар рельсда юрганда овоз чиқарди, янгиларининг чоки бўлмаслиги ҳисобига овозсиз юради. Ҳаммаси паст полли, жуда ҳам қулай трамвайлар бўлади. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг иқлим шароити, сейсмик томонларни ҳам ҳисобга олиш керак бўлади”,– деган эди расмий вакил.

Мавзуга оид