Ўзбекистон | 10:37 / 10.05.2024
5737
3 дақиқада ўқилади

“Ўлчаб бўлмайдиган нарсани ўзгартириб бўлмайди!” – қарорлар қабул қилишда маълумотларнинг ўрни ҳақида суҳбат қилинди

Тўлақонли маълумотларга асосланмаган давлат қарорлари – оқибати ачинарли бўладиган қарорлар. Технологик ривожланиш эса маълумот билан ишлаш соҳасини фавқулодда осонлаштирди – шундай даврда маълумотларга асосланмаган қарорлар қабул қилиш мумкин эмас. Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан ташкил этилган семинарда давлат сиёсатини ишлаб чиқишда катта маълумотлардан фойдаланиш муҳимлиги муҳокама қилинди. Ўзбекистонда бу соҳада катта муаммолар борлиги таъкидланди. 

8-май куни “Давлат сиёсатини шакллантиришда имкониятларни кенгайтириш: маълумотлар асосида қарор қабул қилиш” мавзусида суҳбат қилишди. Тадбирда вазирлик ва идоралар ходимлари, давлат бошқаруви бўйича мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Семинар Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Жаҳон банки ҳамда Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик масалалари ва тараққиёт вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

 

Маълумотлар асосида қарор қабул қилиш далили бор маълумотлар ва ахборот таҳлилига асосланган бўлиб, қарор қабул қилувчиларга долзарб масалалар бўйича асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бундай ёндашув тахминлар ёки субъектив тажрибага асосланган ҳолда қарорлар қабул қилинишининг олдини олади.

Жараён муайян хулосалар ва маълумотларни шакллантириш учун турли манбалардан маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва шарҳлашни ўз ичига олади. Олинган натижалар турли соҳа раҳбарларига қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштиришга ёрдам беради, масалан турли тармоқларда давлат сиёсатини амалга оширишда, бизнесни бошқаришда ёки ижтимоий соҳаларда.

Маълумотлар асосида қарор қабул қилиш жараёни бир неча босқичларни ўз ичига олади: маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва шарҳлаш, қарорлар қабул қилиш, натижаларни кузатиш ва турли соҳаларда эришилган прогрессни баҳолаш. Шунингдек, у манфаатдор томонлардан олинган янги маълумотлар ва фикр-мулоҳазалар асосида тегишли режалар ва ҳаракатларни тузатишни ҳам ўз ичига олади.

Давлат органлари раҳбарлари тегишли маълумотлардан фойдаланган ҳолда янада аниқроқ ва самарали қарорлар қабул қилишлари мумкин бўлади, бу эса салбий оқибатлар эҳтимолини камайтиради. Маълумотларга асосланиш уларга мавжуд ресурсларни оқилона бошқаришга ва турли йўналишларда инновацион ечимларни татбиқ этишга ёрдам беради. Пировардида, бундай ёндашув уларга жамият манфаатларига хизмат қиладиган асосли қарорлар қабул қилиш ва фуқаролар, иқтисодиёт ва бутун мамлакат учун яхшироқ натижаларга эришиш имконини беради.

Семинар доирасида иштирокчилар турли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқишда катта маълумотлардан фойдаланиш бўйича долзарб тенденциялар ва халқаро тажрибани ўрганишди. Давлат хизматчиларининг бу борадаги малакасини ошириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизматлар кўрсатишни таъминлашда электрон ҳукуматнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Катта маълумотлар билан ишлаш бўйича халқаро экспертлар маълумотлар асосида қарор қабул қилишнинг турли жиҳатларини ўз ичига олган тақдимотлар билан чиқиш қилишди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига янги ҳукумат навигация портали ва “Ўзбекистон – 2030” миллий стратегияси доирасидаги вазифалар ижросини кузатиш имконини берувчи маълумотларни визуаллаштириш бўйича дастурий мажмуа андозаси тақдим этилди.

Мавзуга оид