Жаҳон | 17:04 / 11.05.2024
23460
5 дақиқада ўқилади

Дард чекаётган тошбақа – пластик инқирозининг рамзига айланган тошбақа воқеаси

2015 йилда биолог бурнига пластик найча тиқилиб қолган тошбақани тасвирга олади. Найчани суғуриб олиш жараёнида бурнидан қон томчилаган ва дард чекаётган тошбақа пластик инқирозининг рамзига айланади. Видеони кўрган одамлар уни ишлатмай қўйишади.

2015 йилда PhD талабаси Кристин Фиггенер Коста Рикада Тинч океанининг қирғоғида кичик балиқчилар кемасида зайтунранг тошбақани ўрганаётган пайтда унинг бурнидан ғалати нарса чиқиб турганини сезиб қолади ва Кристин ёнидаги шерикларидан бири тошбақанинг бурнидаги нарсани ўрганаётганда ҳолатни қизиқиб тасвирга ола бошлайди. Тадқиқотчилар тошбақанинг бурнидан пластик найчани чиқариб олишади. 8 дақиқали видеода тошбақанинг бурнидан қон томчилаётгани, унинг қийналаётгани акс этади.

Тошбақа видеоси интернет платформаларига жойлаштирилгач, жуда тез вақтда кўп марта кўрилади, одамлар бир-бирига улашади. Ҳозиргача ўша видео YouTube'да 110 млн марта, қисқа варианти эса 15 млндан ортиқ кўрилган. Биолог Фиггенер дунёнинг турли хил оммавий ахборот воситаларига интерьвю беради, 2018 йилда пластикларга бағишланган ҳужжатли филмда қатнашади. Фиггенер иштирок этган филм АҚШ, Греция, Малайзия, Франция, Италия каби давлатларда намойиш қилинади. Филм сабаб бир марталик пластик "трубочка"лардан баъзилар воз кечади. Масалан, университетлардан бири ўз ҳудудида бу пластик таёқчаларни ишлатишни тақиқлайди ва бир ўқув йилида камида 444 минг дона пластик таёқча ишлатилмай қолади.

Кристин Фиггенер

Аслида, пластиклар тошбақа видеоси тарқалишидан олдин ҳам табиатга зарар етказарди. Автомобил шинасига тиқилиб қолган, балиқчилар тўрига ўралган ёки пластик қоплардан азият чеккан ҳайвонлар кўп бўлган.

"Мен ўша пайтлари ижтимоий фаол эмасдим, лекин биз олимлар ўз қобиғимизда шунчаки ўтира олмасдик. Сабаби биз одамларга тушунтириб бериш мумкин бўлган ҳолатларни кўп кўрамиз ва ҳужжатлаштирамиз. Бунинг билан нафақат одамларга қилаётган ишимизни тушунтириб беришимиз, балки уларга эътиборлироқ бўлишни сингдиришимиз мумкин.

Чунки одамлар океанда сузиб юрган минглаб тонна пластикни тасаввур қила олмаслиги, улар бошқа мавжудотларга қанақа оғриқ беришини тушунмасликлари мумкин. Тошбақа видеосини кўрсатиш орқали мен пластик ифлосланиш статистикалари шунчаки рақам эмаслигини, улар айнан нима англатишини кўрсатмоқчи бўлдим", деган Фиггенер ўзи видеога олган тошбақа билан боғлиқ ҳолат ҳақида.

Видеодан сўнг анти-пластик ҳаракати бошланади. Тошбақа пластик инқирозининг рамзига айланади. Унинг азобланаётган юз ифодаси анти-пластик ҳаракатига эсдан чиқмас тасвир бўлиб қолади.

Пластиклар ҳайвонот дунёсига турли усуллар билан зарар келтириши ҳақида маълумотлар етарлича. Ҳайвонлар уларни ютиб юбориши, ўралиб қолиши ва ҳатто айримлари овқат деб ўйлаб еб қўйиши мумкин. Яқинда ўтказилган тадқиқотлардан бирида Ўртаер денгизидаги денгиз тошбақалари ўрганилди ва уларнинг 40 фоизининг ичагидан 5 ммдан катта макропластик бўлаклари топилган. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси маълумотларига кўра, ҳар икки денгиз тошбақасидан бири пластик ейди. Ва уларнинг кўпи ошқозони пластикка тўлиб қолиши натижасида вафот этади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури маълумотларига кўра, ҳар йили океанларга 7,8 минг тоннадан ортиқ пластмасса ташланади.

Ичимлик ичиш учун ишлатиладиган бир марталик пластик найчалар энг кўп ишлатиладиган бир марталик пластик буюмлардан бири ҳисобланади. Кўнгиллилардан бири сифатида қирғоқларни тозалаш билан шуғулланадиган Жек Нунез пластик найчаларга қарши 2015 йилдан ҳам олдин 2011 йилда ҳаракат бошлаган эди. Унинг айтишича, қирғоқда энг кўп шу каби найчалар топилади. Уларнинг шакли, ишланадиган материали сабаб қайта ишлаш ҳам осон эмас. Жек Нунез 2011 йилда "Сўнгги пластик найча" номли халқаро кампания ҳам бошлайди. "Бироқ у пайтлар ҳали камчилик одам пластик найчалар ҳақида гапирарди", дейди Нунез.

2015 йилда тўсатдан Фиггенернинг тошбақа ҳақидаги видеоси чиқиб қолади ва Жек ундан видеодан кампанияси учун фойдаланишни сўрайди. Видео жуда кўпчиликни таъсирлантириб, пластиклардан воз кечишга ундайди.

Гарчи пластик ишлатишдан бутунлай воз кечилмаса-да, асосан, 2015 йилда фаолларнинг ҳаракати, видеонинг тарқалиши ортидан дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида бир марталик пластик буюмларга тақиқ қўйилди.

Океанларни муҳофаза қилиш нотижорат ташкилотининг 2023 йилги ҳисоботида айтилишича, ўтган йилларда пластик найлар қирғоқларни тозалаш пайтида йиғилган нарсалар рўйхатида доимий равишда биринчи ўринни эгаллаган. Аммо яқинда уларнинг маълумотлари шуни кўрсатадики, пляж тозалаш жойларида пластик найлар камроқ топила бошланди. 2019 йилда пластик найчалар қирғоқда энг кўп учрайдиган пластик буюмлар рўйхатида учинчи ўринда эди, лекин 2023 йилга келиб улар бу рўйхатда 10-ўринга тушиб қолди.

Агар сиз ҳам пластик найчаларни ишлатишни яхши кўрсангиз, сиз ишлатган буюм сабаб бирор тирик жонзот қийналиши мумкинлигини унутманг, зарурат бўлмаса, шунчаки улардан воз кечинг.

Мавзуга оид