Жаҳон | 11:10 / 11.05.2024
14465
2 дақиқада ўқилади

Петербургда автобус дарёга қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди

Санкт-Петербургда автобуснинг дарёга қулаши оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Яна бир қанча жабрланганлар касалхонага ётқизилган.

Санкт-Петербургда 20 га яқин йўловчи бўлган автобус Мойка дарёсига қулаб тушди, деб хабар берди 10 май, жума куни Санкт-Петербург полицияси. Baza Telegram-канали ва "Фонтанка" нашрига кўра, янгиланган маълумотларга қараганда, автобусда 15 киши бўлган.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ЙТҲ оқибатида етти киши ҳалок бўлган, тўққиз киши қутқарилган. 6 киши касалхонага ётқизилган, дея хабар беради ТАСС.

Воқеа жойидан Telegram-каналларида эълон қилинган видеолавҳада автобуснинг Болшая Морская кўчасидан Мойка орқали ўтувчи кўприкка ўнгга бурилиб, қарама-қарши бўлакка кириб келаётгани ва йўловчи машинаси билан тўқнаш келгани кўрсатилган. Шундан кейин автобус панжарани бузиб ўтиб, дарёга тушиб кетган.

РИА "Новости" хабарига кўра, қутқарув операциясида 69 киши ва 18 та техника қатнашди, йўловчилар салондан автобус томига эвакуация қилинган, сўнгра қирғоққа жўнатилган.

Санкт-Петербург транспорт қўмитасининг хабар беришича, бошқарувни йўқотган автобус ҳайдовчиси қўлга олинган. Петербург ИИВ Бош бошқармаси хабарига кўра, унга нисбатан «икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш» (Россия Федерацияси Жиноят кодекси 264-моддаси 5-қисми) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. «112» Telegram-канали ҳайдовчининг рафиқасига таяниб, у 20 соатлик сменадан кейин эрталаб рейсга чиқишга мажбур бўлганини ёзмоқда.

Мавзуга оид