Сўз эркинлиги: вазминлик ва профессионаллик зарурати
Сўз эркинлиги масаласида қатъий сиёсий ирода мавжудлиги бот-бот такрорланар экан, энди бу эркинликни парваришлаш учун давлат, жамият ва ОАВдан вазминлик, сиёсий маданият ва ҳуқуқий малака талаб этилади. Журналистлар ўз фаолиятига эркинликни сақлаш ва кенгайтириш мотиви билан ёндашиши зарур, токи бугунги эркинлик эртанги эрксизликка сабаб бўлмаслиги керак.
Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғонага пастлаб, 148-ўринга тушди. Хўш, нега Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражаси пасайди деган ўринли савол пайдо бўлади. Менинг назаримда, бунинг учта асосий сабаби бор.
Биринчиси, олдинги йилда бўлиб ўтган “Kompromatuzb” иши, қамалган баъзи блогерлар. Бир томондан, медиа соҳасига энди кириб келган кўплаб блогерларда ҳуқуқий фикрлаш, “қонун доирасидан чиқиб кетмаслигим керак” деган қараш нисбатан заиф. Блогерлар, журналистлар билиб-билмай ҳуқуқий доирадан чиқиб кетган бўлишлари, хато ва жиноятлар қилиб қўйган бўлиши мумкин. Лекин айни пайтда Ўзбекистонда ҳали ОАВ ва блогерларни муттасил огоҳлантириш тизими ҳам мавжуд эмас. Хорижий ҳуқуқий давлатларда журналист ва блогерларни огоҳлантириш тизимлари яхши ишлайди. Қолаверса, блогерлар ва журналистларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам юқори. Ўзбекистонда эса журналистлар ва блогерларни бирданига узоқ йилларга қамаш ҳолатлари кузатилди (айни пайтда, улар муддатидан олдин озодликка чиқарилган ҳолатлар ҳам бор).
Рейтингдаги пастлашга таъсир қилган иккинчи вазият, менимча, бу – 2022 йилда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган ҳолатлар. Бу борада айтиш керакки, Ўзбекистон халқи, миллати ва давлати ўзининг ҳудудий яхлитлигини юқори қадрлаши керак ва қадрлайди ҳам. Ҳар қандай ички ёки ташқи инқирозлар, муаммолар ижтимоий-сиёсий кайфиятга салбий таъсир қилади. Эркинликлар – бўҳронлар устида ўсмайди, шаклланмайди. Аксинча, бўҳронлар ва инқирозлар – эркинликни емирувчи омиллар ҳисобланади. Зўриқишлар ва тўқнашувлар – эркинликнинг энг катта кушандаси ҳисобланади.
Учинчи муаммо – бу ҳукумат ва ОАВдаги инерция ҳолати. Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги борасидаги тажрибаси деярли йўқ. 2016 йилга қадар Ўзбекистон сўз ва фикр эркинлиги – барқарорликка энг катта таҳдид деган қарашда эди. Хавфсизлик ва барқарорликни куч билан, босимлар билан таъминлаш – одатий ҳолат эди. Шунинг учун ҳам ОАВ, журналистлар учун муаммоларни гапириш ҳалига қадар психологик зўриқиш чақиради.
“Сўз эркинлиги – сиёсий иродага боғлиқ” деган қараш анча кенг тарқалган. Аслида, масала анча катта. Сўз эркинлигини таъминлаш учун сиёсий иродадан ташқари колоссал ресурслар керак бўлади. Бунинг учта компоненти бор.
Биринчи компонент – ОАВнинг малакаси, сиёсий маданияти. Нашрлар ўз фаолиятида эркинликни сақлаш ва кенгайтириш мотиви билан ишлаши керак. Бугунги эркинлик эртанги эрксизликка сабаб бўлмаслиги лозим.
Иккинчи компонент, жамият ҳам ўз сиёсий маданияти билан, ўз муаммоларини вазмин ва малакали каналлаштиришни йўлга қўя олиши зарур.
Ва учинчиси – давлат халқни, одамларни эшитиш, тез ва сифатли ечим бера олиш даражасида бўлиши керак. Буларнинг барчаси – жараёнда шаклланади. Буларнинг барчаси томонлардан ўсишни, ўз устида ишлашни, юқори малака ва вазминликни талаб қилади.
Ўзбекистонда 2016 йилга қадар жамиятнинг муаммолари фақат бостирилди. Давлатнинг жамиятни эшитиш ва уларга ечим излаш борасидаги тажрибаси шаклланмади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда бошланган сўз эркинлиги ва ОАВ фаоллиги даврида колоссал тафовут бор эди: давлатнинг жамият билан ишлаш малакаси анча заиф ва жамиятнинг давлатга бўлган ишончсизлиги, демакки, давлат билан мулоқот қилиш даражаси ҳам анча паст эди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги билан боғлиқ вазият бир текис бўлмаса-да, баъзан чекинишлар бўлса-да, давлат раҳбари ва давлатчилик сўз эркинлигини, ахборот суверенитетини қадрият сифатида тан олди, Ўзбекистондаги сўз ва ахборот эркинлиги ва ташаббускорлигини мудофаа ва хавфсизлик масаласи деб баҳолади.
Ўтган йили Ўзбекистон кабел каналларига кўплаб хорижий каналлар қўшилди. Бу билан РФнинг ахборот босимига бироз бўлса-да, мувозанат шакллантирилди. Кейинги ҳафталар ва ойларда эса телеканалларда ток-шоуларга алоҳида урғу берилмоқда. Тўғри, ҳозирча ушбу ток-шоулардаги экспертлар сони кўп эмас. Ҳаттоки, экспертларимизнинг баҳслашув маданияти, муаммоларни таҳлил қилиш малакаси жамият истаган даражада эмас. Лекин жараён бошланган. Муз қолипдан кўчган.
Президент очиқлик сиёсатида ортга қайтиш бўлмаслиги ҳақида такрор-такрор айтаётгани бежиз эмас, чунки Ўзбекистонда сўз ва ахборот эркинлиги, ташаббуси пасайиши – энг аввало, давлатни, ҳукуматни, президентни заифлаштиради. Сўз эркинлиги ошиб бориши эса бутун бир давлат институтлари ва мулозимлари, ОАВ ва жамиятнинг мувозанатли, вазмин ва эркин мулоқот қилиш маданиятини назарда тутади. Ва бу жараён – шаклланмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи
Мавзуга оид
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024