Жаҳон | 08:39 / 13.05.2024
6742
3 дақиқада ўқилади

Непаллик шерпа Эверестни забт этиш бўйича рекорд ўрнатди

Ками Рита биринчи марта 1994 йилда Эверест чўққисига чиққан ва шундан бери деярли ҳар йили шундай қиляпти. Энди у 29 марта Ернинг энг баланд чўққисига чиқиш орқали ўз рекордини янгилади.

Фото: Kami Rita Sherpa/REUTERS

Непаллик машҳур шерпа Ками Рита Эверест чўққисига 29 марта кўтарилиб, ўзининг рекордини янгилади. 54 ёшли гид 12 май, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 07:25 да бир гуруҳ алпинистлар билан бирга дунёдаги энг баланд чўққига (8849 метр) чиқди, деди ОАВга Ками Рита Шерпа ҳамкорлик қиладиган Seven Summit Treks экспедицияси оператори раҳбари Мингма Шерпа.

1994 йилда Эверестни биринчи марта забт этган Ками Рита Шерпа, Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, деярли ҳар йили дастлаб юк ташувчи, кейин эса алпинист бўлиб ишлаб, рекордини такрорлаган. Шунингдек, у Ҳимолойдаги яна бир қанча 8000 метрлик чўққиларни забт этган. 

Ҳеч қандай рекорд ўрнатмоқчи бўлмаган

Аввалроқ Ками Рита интервюсида ҳеч қандай рекорд ўрнатиш ниятида бўлмаганини ва бу йиллар давомида «шунчаки ишлаганини» айтди. У 2023 йилда Эверестга икки марта кўтарилиб, бошқа шерпа йўлбошчиси Пасанг Дава кўтарилишлар бўйича унга етиб олганидан кейин жаҳон рекордини тиклади. 

«Ками қайтиб келди, 29 марта дунё чўққисини забт этиш учун яна орқага қайтди. Бир кишининг иши, бошқа одамнинг орзуси», деб ёзган эди машҳур шерпа бир неча кун олдин Эверест база лагеридан Instagram’да. 

Шерпа — халқ. Шарқий Непалнинг (100 минг киши) Жомолунгма (Эверест) тоғи атрофида, шунингдек, Ҳиндистон (Даржилинг водийси)да яшайди. Тибетбирма тил гуруҳига мансуб тилда сўзлашади. Шерпалар ўрта асрларда бош Ҳимолай тоғларидан жануброққа кўчиб келган тибетликлар авлоди, тили ва маданиятига кўра тибетликларга қардош. Непалда шерпалар деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Ўтмишда Непал ва Тибет ўртасидаги савдода воситачилик қилган. Шерпаларнинг асосий машғулоти — савдо-сотиқ ва тоғ чўққисига кўтарилишда юк ташувчи сифатида қатнашиш. 

Мавзуга оид