“Усти ялтироқ” рақамлар: хорижда ўзбек талабалар кўпликка кўп, лекин...
Ўзбекистон талабалари хорижда ўқиётган давлатлар орасида фахрли 5-ўринда қайд этилди. Аммо четда ўқиш – ўзбек ёшларининг аксарияти учун маълум муддатдан кейин ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ёки дипломли бўлишнинг “инновацион” усулига айланиб қолган.
ЮНEСКОнинг хорижда таҳсил олаётган талабалар бўйича 2021 йилдаги ҳисоботига кўра, 109 минг 945 нафар ўзбекистонлик чет элда таҳсил оляпти. Албатта, бу кўзни қувонтирадиган, қандайдир умидбахш ҳиссиётлар берадиган рақамлар. Аммо вазият чуқурроқ таҳлил қилиб кўрилса, бу борада жиддий муаммолар борлигини кўриш мумкин.
Нега чет элда ўқиётган ўзбекистонликлар сони кескин кўпайди?
Хорижда таҳсил олаётган ўзбек талабалар сони 2015 йилда 28,1 минг нафарни, 2016 йилда эса 32,9 минг нафарни ташкил этган. 2015-2021 йиллар оралиғида уларнинг сони қарийб 4 баробарга ошган. Бунга қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Биринчидан, узоқ йиллар давомида олий таълимдаги талаб ва таклиф орасида катта номутаносиблик мавжуд эди. Масалан, 2015/2016 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 минг 907 нафар талаба (таққослаш учун, 2023/2024 ўқув йилида 193 минг 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган) қабул қилинган. Ушбу даврда талабалик ёшидаги аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси 9 фоиздан ошмаган, соҳани давлат ғазнасидан молиялаштириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг атиги 0,4 фоизини ташкил этган. Бу жаҳондаги энг ёмон кўрсаткичлардан бири бўлган.
Натижада 4-5 йиллаб университетга киролмаган, катта “абитуриентлар армияси” шаклланган эди ва уларнинг сони йилдан йилга ошиб борарди. Ҳукумат алмашинуви фонида қўшни ва қардош мамлакатлар билан алоқаларнинг яхшиланиши, ўқишни кўчириш ва хорижда олинган дипломларни тан олишнинг нисбатан соддалаштирилиши ўн минглаб ёшларни, биринчи навбатда, чегарадош мамлакатлар ва постсовет мамлакатлари ОТМ томон ундайди.
Турли йиллардаги абитуриентлар сони ва улар учун ажратилган қабул квоталари миқдори
Иккинчидан, давлат ҳисобидан иқтидорли ёшларнинг хорижда таълим олишини ташкил этиш қайта йўлга қўйилди. Шу мақсадда 2018 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилди. Яъни сифатли таълим олишга бўлган интилиш, охирги йилларда аҳоли даромадининг ошиши, халқаро университетлар билан ўрнатилган икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ҳам хорижда таҳсил олаётган талабалар сони ошишини рағбатлантирди.
Учинчидан, ўзбек ёшлари орасида инглиз тилини билиш даражаси йилдан йилга яхшиланяпти. Чет тили бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга талабаларнинг тест синовларидан озод этилиши ҳам бу нарсани қўллаб-қувватлади. Шу жиҳатдан, аксарият ёшлар мобиллашди ва Ўзбекистондаги ОТМда ўқишдан кўра, сифатлироқ таълим берувчи ва яхшироқ имкониятларни тақдим этувчи хорижий университетларда таҳсил олишни афзал кўряпти.
Ўзбекистонликлар асосан қайси давлатларда ўқишяпти?
Юқорида қарийб 110 минг ўзбекистонлик талабанинг хорижда ўқиётгани ҳақидаги ЮНEСКО томонидан эълон қилинган статистик рақамлар келтириб ўтилганди. Хўш, ушбу талабалар қайси давлатларда таҳсил оляпти.
Қирғизистон Таълим ва фан вазирлигининг 2022 йилдаги маълумотларига кўра, мамлакат ОТМда 38 минг 857 нафар ўзбекистонлик талаба ўқиган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 40 282 нафарга етган.
Қозоғистонда ўқиётган ўзбек талабаларнинг сони 2020 йилда 14 минг 235 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 9 минг 571 нафаргача камайган. Қозоғистонда ўқиётган талабалар сонининг камайишини 2020 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарори билан қўшни давлатларда таҳсил олаётган ўзбекистонликнинг маҳаллий олий ўқув юртларига қўшимча имтиҳонларсиз ўтишга рухсат берилгани билан изоҳлаш мумкин. Ўша пайтда “перевод”ларнинг катта қисми Қозоғистондан амалга оширилганди.
Россия Таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда ушбу мамлакатда ўқиётган ўзбек талабалари сони 48,7 минг нафарни ташкил этган. Маълумки, сўнгги йилларда Россия ОТМлари билан қўшма таълим дастурлари кўпайяпти (уларнинг кўпида ўқишнинг ярмини Россияда давом эттириш кўзда тутилган).
Шунингдек, 2023 йилда Жанубий Кореяда 12 мингдан ортиқ, Тожикистон ОТМда эса 5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба ўқиган.
Муаммо нимада?
Хорижда ўқийдиган ўзбек талабаларнинг тахминан 90 фоиздан кўпроқ қисми Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Жанубий Корея каби мамлакатларда таҳсил олади. Ушбу мамлакатларда таълим олиш нимаси билан ўзбек ёшларини бунчалик ўзига жалб қиляпти? Масаланинг энг муҳим жиҳати ҳам шу ерда.
Охирги йилларда консалтинг фирмалар томонидан тарқатилаётган “Қўшни мамлакатда имтиҳонсиз талаба бўл, Ўзбекистонда 2-босқичдан муаммосиз ўқи”, “Бирор марта бормасдан 1-курсни тугатиш мумкин” деган мазмундаги эълонларга дуч келган бўлсангиз керак. Яъни ўзбекистонлик талабалар бораётган Қирғизистон ёки Қозоғистондаги айрим таълим муассасалари диплом сотиш билан шуғулланувчи “университетлар”дир. Улардаги таълим сифати Ўзбекистондагидан ёмонроқ бўлиб, талабага 4 йиллик “хўрак” сифатида қарашади. Чунки ОТМ ўқиш муддати тугаганидан кейин ўзбек талабасининг ишга жойлашиши, қайсидир соҳада мутахассис бўлиб етишиши каби ижтимоий масъулиятни ўз бўйнига олмайди.
Жанубий Корея, Япония каби ривожланган мамлакатда ўқиётганларнинг ҳам катта қисмини тил курсига кетганлар ташкил этади. Улар учун ҳам асосий мақсад – виза олиш, шу сабабдан ҳам кетганларнинг кўпи ўқишни охиригача етказмайди.
Тўғри, Ўзбекистон таълим тизимининг сифат жиҳатдан ўнгланмаётгани фонида четга ўқишга кетаётган ёшларнинг сони йилдан йилга ошиб боряпти. Масалан, ўтган йилда АҚШда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 1000 нафардан кўпайган. Бу ўзига хос янги рекорд кўрсаткичдир. Аммо қўшни республикалар ва собиқ постсовет мамлакатларига ўқиш учун бораётганларнинг аксарияти 2 та мақсад – ўқишни маълум муддатдан кейин Ўзбекистонга кўчириш (охирги йилларда Ўзбекистонда ўқишга кириш осонлашган бўлса-да, тиббиёт ёки юридик йўналишларида кучли рақобат сақланиб қолган) ёки дипломли бўлишни кўзлаган.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
18:19 / 07.12.2024
Ёшларга Work & Travel дастурлари харажатлари учун ссуда ажратилади
10:11 / 28.11.2024