Иқтисодиёт | 10:20 / 16.05.2024
9619
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олтин нархи яна бир грамм учун 1 млн сўмдан ошди

Қимматбаҳо металл нархи бир кунда 1,8 фоизга, жорий йил бошидан эса деярли 19 фоизга ошди.

Олтин қуйма ва эсдалик тангалар нархи 16 май, пайшанба куни янги максимал даражага етди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Оғирлиги 5 грамм бўлган олтин қуйма ҳозирда 5,04 миллион сўмга баҳоланмоқда. Бир граммнинг нархи 1 008 040 сўм ёки ўтган кунга нисбатан 1,8 фоизга қиммат.

Қимматбаҳо металлнинг бир грамми бундан салкам бир ой аввал — 17 апрелда 1 миллион сўмдан ошиб кетганди. Ўзбекистонда йил бошидан буён олтин нархи 18,9 фоизга ошди. 

Марказий банк 2018 йилда аҳолига олтин тангаларни сотишни бошлади, икки йилдан сўнг эса уларга олтин қуймалари ҳам қўшилди. Якка тартибдаги харидорларга маълум шартлар асосида уларни Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат берилди. 

Бу қадамлар Ўзбекистон иқтисодиётининг хорижий валютага қарамлигини камайтириш истаги билан изоҳланди. Бундан ташқари, экспертларнинг фикрича, олтин инвестиция имкониятларини кенгайтиради ва жамғармаларни таъминлашга ёрдам беради. 

Мавзуга оид