Тошкент шаҳри ҳавоси ёмғирдан кейин ифлосланганига Экология вазирлиги изоҳ берди
17 май тонгда Тошкент шаҳри ҳавоси юқори даражада ифлосланиши ёғингарчиликдан кейин ҳосил бўлган кам миқдордаги туман, нам ҳаво оқими кириб келишидан олдинги ҳавонинг пастдан юқорига кўтарилиши омили сабаб юз берган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Kun.uz’га маълум қилди.
Шаҳар ҳавоси баҳорги ёмғирлардан кейин нега юқори даражада ифлосланиш қайд этгани бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Kun.uz’га изоҳ берди.
Вазирликка кўра, сўнгги йилларда Тошкент шаҳридаги атмосфера ҳавосининг пастки қатламида (100-150 метргача) ҳарорат инверсияси (ҳаво ҳароратининг баландликка қараб ортиб бориши) вужудга келиши кузатилмоқда. Ҳарорат инверсияси – ҳавонинг вертикал ҳаракатларига тўсқинлик қилади, натижада майда заррачали PM2,5 майда дисперс заррачалари концентрацияси ошиб боришига сабаб бўлади.
Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти тизимида ёқилғи сифатида кўмир ва мазутдан фойдаланиш натижасида доимий равишда узлуксиз майда заррачали PM2,5 майда дисперс заррачалари концентрацияси ошиши ҳолати кузатилган эди. Баҳор ва ёз ойларида эса, асосан ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлган кунларда, кўп ҳолатларда минтақага чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирида табиий чанг кириб келиши оқибатида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси ошиши кузатилади.
Шунингдек, вазирлик мутахассислари республикада ҳавонинг чанг билан ифлосланиши табиий (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар) ва антропоген (транспорт, саноат, қурилиш ташламалари) омилларга кўра ифлосланиш билан боғлиқ эканини маълум қилди.
“Кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера ҳавосининг турғунлиги каби сабаблар атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши учун шароит яратади. Мамлакатимизнинг табиий хусусиятлари (қуруқ иқлим, қумли ва гилли тупроқ) сабабли атмосфера ҳавосида муаллақ заррачалар – чанг миқдори юқоридир”, – дейилади вазирлик хабарида.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Экология вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг ҳаво сифатини баҳолаш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасидаги ўрганишлар ҳамда дастлабки ҳисоботга асосан, Тошкент шаҳрида РМ2.5 майда дисперс заррачаларининг шаклланишида табиий чанг – 36 фоиз, иссиқлик таъминоти – 24 фоиз, транспорт воситалари – 16 фоиз, саноат корхоналари – 13 фоизни ташкил этиши кўрсатилган.
Маълумот учун, 2024 йил 17 май соат 8:15 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперс заррачалари миқдори 160 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу белгиланган меъёрдан 32 баробар ортиқ.
Эслатиб ўтамиз, шаҳар ҳавосининг юқори даражада ифлосланиши куз-қиш ойларида ҳам кузатилган эди. Ифлосланишга иссиқлик тизимларида кўмир ва мозутдан фойдалиш ортгани сабаб қилиб кўрсатилган эди.
Мавзуга оид
18:02 / 04.12.2024
Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавоси талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланади
19:40 / 17.11.2024
Олимлар дунёдаги чучук сув захиралари нега камайганини тушунтирди
16:49 / 16.11.2024
Океан сувларининг исиши чиғаноқ ҳосил қиладиган планктонларга хавф солмоқда — тадқиқот
16:21 / 11.11.2024