Ўзбекистон | 11:30 / 18.05.2024
4223
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат мулкини ижарага бериш тартибига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча моддага кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ижарага берган, ижарага олувчига нисбатан асоссиз равишда турли тўсқинлик қилган мансабдор шахслар жаримага тортилади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида қайта содир этилса жарима миқдори оширилади.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенаторлар “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни муҳокама қилишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда амалда давлат мулкидан самарали фойдаланилмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчилик бузилишларининг олдини олишга қаратилган чораларни такомиллаштиришни тақозо этяпти.

Шу боис сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритиляпти. Унга кўра, давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижарага олувчига ижарага берилган давлат мулкини қабул қилиб олиши, унинг ҳудудига кириши ва фойдаланишига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатган ҳолда ижарага берганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида қайта содир этилса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид