Жаҳон | 09:00 / 22.05.2024
4439
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект: Евроиттифоқ қоидаларни кучайтиряпти

Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан тасдиқланган қонун сунъий интеллект билан ишлаш учун бир қатор иловаларни тақиқлайди ва муҳим инфратузилмада қўлланадиган тизимларга қатъий талаблар киритади.

Фото: Viralyft/Unsplash

Европа Иттифоқи сунъий интеллект (СИ)дан фойдаланиш қоидаларини кучайтирмоқда. СИ билан ишлаш учун бир қатор иловаларни тақиқлашни назарда тутувчи тегишли қонун 21 май, сешанба куни Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг тегишли вазирлари томонидан маъқулланди. 

Ўзгаришлар ташаббускорлари сунъий интеллект технологиясининг хавфсизлиги ва шаффофлигини яхшилашга интилмоқда. Айниқса, муҳим инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлашда фойдаланиладиган тизимлар қатъий талабларга жавоб бериши керак. 

Европа Иттифоқи қадриятларини бузадиган баъзи СИ иловалари тақиқланади. Буларга, жумладан, ижтимоий рейтинг киради (social scoring). Оммавий кузатув воситаларидан фойдаланган ҳолда турли мезонлар бўйича тузилган одамларнинг бундай рейтинглари, хусусан, Хитойда анча машҳур. Ҳиссиётларни аниқлаш технологиялари ҳам Европа Иттифоқида – иш жойида ва таълим муассасаларида тақиқланган. 

Юзни таниб олиш - полицияга қулай

Тақиқ жамоат жойларида юзни таниш технологияларига, масалан, видеокузатувдан фойдаланишга ҳам тегишли. Бироқ, истиснолар мавжуд: полиция ва бошқа хавфсизлик идоралари, қонун матнига кўра, одам савдоси ёки терроризм каби муайян жиноятларга қарши курашиш учун бундай воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. 

Европа Иттифоқида янги қоидалар сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқадиган, таъминловчи ёки ишлатадиган ҳар бир киши учун амал қилади. Ҳуқуқий қоидалар Европа Иттифоқи ва ундан ташқарида давлат ва хусусий бозор иштирокчиларига таъсир қилади. Қоидабузарликлар пул жарималарига олиб келади. Янгилик глобал даражадаги биринчи қонун бўлиб, сунъий интеллектни тартибга солиш учун стандартни ўрнатиши мумкин, дея таъкидлайди dpa агентлиги. 

Германиядаги АТ саноатининг танқиди 

Германиянинг ахборот ва телекоммуникация технологиялари саноат ассоциацияси Bitkom янги қоидаларни танқид қилди, чунки улар бир қатор муҳим саволларга жавоб бермайди. Германия ва бошқа Европа Иттифоқи мамлакатларида СИни тартибга солиш бўйича ишлар эндигина бошланмоқда, деди Bitkom раиси Ралф Винтергерст. Сунъий интеллектнинг ривожланиши қонунчилик базаси ва унинг Германияда мос келиши - у қўллаб-қувватланиши ёки янги тўсиқларга дуч келишига боғлиқ, дея таъкидлади Винтергерст.

Вазир Виссинг: Ўзгартириш киритишдан қўрқманг

Қонун чиқарувчи органлар сунъий интеллект каби тез ўзгарувчан технологиялар муаммоларига узоқ вақт дуч келишда давом этади, деди Германия транспорт ва рақамли инфратузилма вазири Фолкер Виссинг. «Биз тартибга солиш билан боғлиқ бўлажак муаммолар аниқ ойдинлаштирилишини кута олмаймиз», деди у. Нафақат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни зудлик билан қабул қилиш, балки «доимий тузатишлар киритиш учун жасоратга эга бўлиш» ҳам муҳим, деди вазир. 

Янги қоидалар Европа Иттифоқининг барча мамлакатлари томонидан тасдиқланганидан кейин қоидалар Европа Иттифоқи расмий журналида чоп этилади ва 20 кун ичида кучга киради. 

Мавзуга оид