Ўзбекистон | 17:30 / 25.05.2024
24217
21 дақиқада ўқилади

“Кўп юклама ва кам маош” - боғчаларда болалар калтакланаётганининг сабаблари ҳақида

Сўнги вақтларда давлат боғчаларида тарбиячиларнинг болаларга зўравонлиги ҳолатларига тез-тез кўзимиз тушадиган бўлиб қолди. Kun.uz бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида Мактабгача таълим агентлиги вакили, психолог ва аноним қолишни истаган соҳа ходими билан суҳбатлашди.

Хоразмда боғча тарбиячиси болаларни тепкилаган ҳолда таёқ билан уриб машғулот ўтди, Тошкентдаги боғчалардан бирида ходимнинг қўпол муносабати сабаб боланинг қўли синди, яна бир боғчада болаларни қўрқитиб, қўполлик қилингани аниқланди, бошқасида тарбиячи болалардан бирини уриб ҳақоратлади, юзига тарсаки туширилгани ҳамда охирги кейсда Андижондаги боғча боласи калтаклангани қайд этилди.

Бу – ўтган йили декабрдан бошлаб ҳозиргача Ўзбекистон боғчаларида бўлган воқеалар. Мактабгача таълим муассасаларида пайдар-пай бундай ҳолатлар юз бераётгани кўпчиликни хавотирга солишни бошлаган бўлса, ҳайратланмаймиз.

Ўзи аслида боғча болаларига нисбатан зўравонликлар бўлаётганининг сабаби нимада, муаммога ечим борми? Kun.uz мухбири шу саволларга жавоб олиш учун соҳага алоқадор мутахассислар ва расмий вакил билан суҳбатлашди. Айтиш керак, таҳририят бевосита соҳа ичида бўлган тарбиячилар билан ҳам гаплашишга уринди, аммо бунинг имкони бўлмади.

“Ўз ҳаётидан мамнун бўлмаса, оддий нарсаларга ҳам қаттиқ асабийлашиш эҳтимоли бор”

Психолог Розалия Габдулҳакова зўравонлик ҳолатлари юзага келишининг бир қанча психологик омиллари борлиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича, боғчада тарбиячиларнинг ўз ишини тўғри бажара олмаслиги дастлаб унинг педагогик маҳорати етишмаслиги билан боғлиқ.

Яъни болаларнинг ривожланиши, ўзига хос ўзгаришларини билиши ёки муаммоли пайтларда болани қандай қилиб юпатиш, қаерда қандай қилиб муаммоларни ҳал қилишни билиши [керак]. Шу нарсаларни билмагани учун кўп ҳолатда нафақат тарбиячилар, балки оналар ҳам вазиятни қандай ҳал қилишни билмагани, асабийлашгани учун одатдагидан ҳам кўра қўполроқ ҳаракатлар қилишади. Яъни стресс юқорилаб кетади, кейин эса у бақиради ёки кимнидир калтаклаб қўйиши мумкин. Бу – сабаблардан бири.

Бундан ташқари, ҳар бир шахснинг ўзига хослиги бор, яъни унда шахсият бузилиши, жаҳлни бошқара олмаслиги юзага келиши мумкин. Буни унинг шахсий психологик хислатлари деймиз. Қолаверса, ҳаётидан, шу ишдан розилиги ёки норозилиги ҳам оддий вазиятларда қаттиқ асабини бузишига олиб келади. Психологик қийин аҳволда яшаётган одамлар шу тарзда энергияларини тежаш режимида яшаётган бўлади ва уларни ўзидан чиқиб кетиши осонроқ. Масалан, уйдаги оналарни мисол қилсак, бир сафар қошиқ тушиб кетса, “ҳа, майли, болажоним, олиб қўй”, кейинги сафар бола қаттиқ сўкиш эшитиши мумкин. Яъни бир хил вазиятга онанинг ўзи ҳам 2 хил реакция қилади ва бунинг сабаби шу вақтдаги атрофдаги воқеаларга муносабати, аёлнинг руҳий ҳолатига бориб уланади.

Боғча тарбиячиси ҳам ўз ҳаётидан мамнун бўлмаса, ишидан рози бўлмаса, ўзини ёмон ҳис қилаётган вақтида шундай оддий нарсаларга портлаб, қаттиқ асабийлашиш эҳтимоли бор. Аввал тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишлаган бир аёл билан гаплашганимда иш жуда ҳам кўплиги, ойлик жудаям камлигидан норози бўлган эди. Унинг болаларга қарашдан ташқари, идишларни ювиши, хонани тартибга келтириши каби вазифалари кўп эди, гуруҳда эса 30 нафардан ортиқ болалар бор ва тарбиячи кечга бориб жуда ҳам чарчаб қолар эди. Шу билан бирга, у 900 минг сўм ойлик оларди. Ишга бошқа иложи йўқлигидан борарди ва чидар эди. Яна шу 900 минг сўмнинг 100 минг сўмини овқат учун ушлаб қоларкан, 800 минг сўм оларкан”, – деди Габдулҳакова.

“Тарбиячилар ростдан ҳам чарчаб кетган, ишига совуққон, уларда иштиёқ, креативлик кўрмайсиз”

Kun.uz'га интервю берган, аммо шахси сир қолишини истаган мактабгача таълим тизимида ишлаётган мутахассис муаммонинг асл сабабини соҳадаги камчиликлар билан бевосита боғламоқда.

(суҳбатдошнинг талаби билан исм-фамилияси Мафтуна Шариповага ўзгартирилди)

Мактабгача таълим тизимининг "3-минг йиллик боласи" деган таълим дастури бор, Ўзбекистон мустақиллигидан олдин шу дастур асосида боғчалар фаолияти йўлга қўйилганди. Мустақилликдан кейин "Болажон" таянч ўқув дастури қабул қилинди, ҳозирга келиб ихтисослаштирилган “илк қадам” ўқув дастури амалиётда бўлиб турибди. Мен ўша "3-минг йиллик боласи" ўқув дастуридан бери шу тизимда ишлаб келаман. Бу дастурларда бола нимани ўрганиши, мактабга чиққунча қандай машғулотлар билан шуғулланиши ёзилади. Ҳозирги дастур аввалгиларидан аянчли ҳолатга келтирилган. Боғчаларнинг моддий аҳволи ота-оналарнинг ёрдами билан бўлса ҳам амалланяпти, лекин методикаси, таълимий жиҳати жуда ҳам ачинарли ҳолатда. Тарбиячилар норози, уларнинг эмоционал ёниш ҳолати кучли даражада. Бекорга улар болани уриб,, игна санчиб қўяётгани йўқ.

Тарбиячилар ростдан ҳам чарчаб кетган, ишига совуққон, уларда иштиёқ, креативлик кўрмайсиз. Болаларни ўз ҳолига қўйиб қўйишади, дастурдаги машғулотларни қилишмайди, бекорга боланинг ҳам вақтини олиб ўтиришибди. Бунинг сабаблари бир қанча омилларга бориб тақалади. Боғчаларга текширишга борилганда, тарбиячиларнинг фақат хат-ҳужжати сўралади, текширувчилар учун шу тўғри қилиб қўйилса бўлди. Тарбиячининг 0,5 сериясида ўзига яраша ҳужжатлари бўлади, масалан, тарбиячининг журнали, филтр дафтари, ота-оналар билан ишлаш дарфтари, йиллик режаси каби қоғозлар сўралади.

Буларнинг ҳаммаси шунчаки қоғоз учун. “Машғулотлар текширилмайдими?” деб сўралса, “шунча боғчага қандай улгурамиз, улгурмаймиз”, дейишади. “А, бу хат-ҳужжатни ёзиб қўяверишадими?” десам, “шуни тўғри ёзишни ўрганиб олишса, етади”, деб жавоб қилишади. Тўғри, ростдан ҳам кўлам жуда кенг, текширувчи одамлар эса кам. Ҳақиқатан ҳам жисмонан улгуришмайди, хат-ҳужжатини текширсангиз, машғулотини кузатишга улгурмайсиз. Лекин бу ишлар умуман самарали эмас”, дейди у.

Шариповага кўра, бугунги кунда Ўзбекистон боғча тарбиячиларидан талаб қилинадиган кўргазмали ҳужжатлар учун етарлича шароит яратилмаган, таълим муассасалари керакли жиҳозлар билан таъминланмаган. Туман бўлимларидан бирор буюм сўралса, охирги босқичда масъулият тарбиячининг бўйнига тушаётгани айтилди.

Масалан, тарбиячидан кўргазмалар бўлиши талаб қилиняпти, лекин буни амалга ошириш учун боғчалар фаолиятида 5 та марказ иши йўлга қўйилган бўлиши керак. Лекин бу 5 та марказнинг ҳар бирида бўлиши керак бўлган жиҳозлар йўқ. Бу ҳукуматнинг 802-сонли қарорида белгиланган. Ҳар бир марказда нима бўлиши кераклиги ёзилган. Лекин давлат томонидан бу марказлар жиҳозланмаган. Бир тарафдан бу ҳолат раҳбар томонидан талабнома шакллантириб берилмаслиги билан боғлиқ. Мудира талабнома шакллантириб, “менга шу, шу нарсалар керак”, – деб ёзиши керак. Лекин мудиралар буни қилмайди. Қилса, бошқармадагилар “шуни ҳам сўраяпсанми, ўзинг қилиб қўйсанг бўлмайдими?” дейди. Иккинчидан, талабнома шакллантирилган тақдирда ҳам белгиланган смета бор, смета бўйича эса ҳамма боғчага ҳам жиҳозлар олиб берилмайди, чунки пул етмайди. Шундай қилиб жойларда боғчалар жиҳозланмай қолиб кетади.

Текширувчи борадиган бўлса, бу жараёндаги оғирлик яна тарбиячига тушади. Таълимий жараёнда керак бўладиган оддий элементар буюмларни ҳам тарбиячи чўнтагидан қилишига тўғри келади. Лекин тарбиячи оладиган 1 млн 200 минг сўм ойликни олсангиз, энди тасаввур қилаверинг. Бу нарсаларнинг ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб, портлаяпти. Уларга ҳам оилавий муаммолари, ҳам иқтисодий етишмовчиликлари, ҳам боғчада қўллаб-қувватланмаслиги, ойлиги камлиги таъсир қиляпти. Тарбиячилар малака оширишга келади, ойнинг боши биринчи ҳафтасидан шунчалик чарчаган бўлишадики, юзидан билинади. Эрталаб соат 7:30 дан боғчада ишда бўлишлари, болани қабул қилиб олишлари керак. Малака ошириш дарслари бошланганидан 1 ҳафталар ўтгач, анча дам олгани сезилади. Чунки дарс эрталаб 9 да бошланади, аввалгидек 7 яримдан ишда бўлмайди, дарсдан кейин эса бориб уйда ҳордиқ олишади”, – дейди мутахассис Kun.uz билан суҳбатда.

Шунингдек, Мафтуна Шарипова боғча раҳбарлари, яъни мудиралар масаласида ҳам ўрганишлари билан бўлишди. Унинг айтишича, тизимдаги қуйи бошқарувда коррупцион схема илдиз отган.

Мудиралар масаласи эса умуман бошқачароқ. Аксариятининг хонасига кирсангиз, вазир ўринбосарининг хонасига киргандек бўласиз. Вазиятларни ўрганиб юрганимизда бир боғчага кирганимиз, кўрсангиз, мудиранинг хонасида ҳамма шароит бор-да, энди. Майли, балки ўзининг пулига қилгандир. Лекин кўпи илдизи бақувват одамларнинг ё қариндоши, ё таниши бўлиб чиқади. Боғчалар бошқарувида шундай гап бор, мудира "бақувват" бўлса, унинг текширувчилари кам бўлади деган. Ростдан ҳам шундай қараш бор, худдики “кимнингдир кими” боғчага мудира бўлса, бошқалар текширишга қўрқишади. Биз текшириб юрганимизда қилган хато-камчиликлари учун тушунтириш хати ёздирилса, ишдан бўшаши кераклиги айтилса, шунақанги шантажлик қилишади, ҳатто биттаси шунчалик кучли бақир-чақир қилиб йўлимизни тўсган, энди тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Жуда яширинча ишлар кўп қилинади. Болалар сони қувватидан кўп олинади, буни ҳам яширишади. Масалан, 100 нафар бола бўлса, 100 нафарга пишган овқат таълим муассасасида 120 нафар болага тарқатилади. Мудиралардан “нега бундай кўп бола оляпсизлар?” – деб сўрасам, “энди ота-она қўймади, уёқ-буёқ” – дейди, лекин бир мудира “ростини айтаман сизларга, мен шундай қилиб пул топмасам, бошқа харажатларни ёпа олмайман” – дейди. Қувватдан кўпроқ болани қабул қилиш ҳам пул қилишнинг бир йўли бўлиб қолган.

Айтишича, боғча раҳбарлари ҳар ой туман ММТБ раҳбарининг олдига киришади, унга маълум суммада пул беришади. Ёки қайсидир текширувчи келса, уларга ҳам маълум миқдорда маблағ ажратишга тўғри келаркан. Бундан ташқари, СЭС ёки ёнғин хавфсизлигидан у-бу ким келса, боғчаларни тинч қўймаслигини айтди. Хуллас, шундай текширувлар келган вақтда уларни ёпиш учун пул керак экан. Боғча таълимидаги ҳамма муаммолар пулга бориб тақалаверади”, – деди Шарипова.

Муаммо кам ойлик, ички носоғлом муҳит ҳамда боғчалар дефицитида – агентлик

Мактабгача таълими агентлиги ходими Мавлуда Асқархўжаеванинг таъкидлашича, шу йилнинг бошидан май ойига қадар 11 тадан ортиқ шундай ҳолатлар юзага келган, уларнинг 4 таси тасдиғини топган.

Йиллар давомида, собиқ совет даврида ҳам бу соҳа эгалари бошқа мутахассислар каби юқори ойлик олишмаган, буни очиқ айтишимиз керак. Бугун тоифаланиши, олий маълумотли бўлишига қараб маош олади. Олий маълумотли, биринчи тоифага эга педагоглар 3,5 млн сўмдан 5 млн сўмгача олади. Лекин биз тарбиячининг ёрдамчисини оладиган бўлсак, уларнинг маоши 1,5 млн сўмгача. Бу, албатта, жуда кам. Кўпинча нима сабаб ошхоналарда ўғрилик бўлади деб сўрашади, буни ҳам очиқчасига айтиш керак. Бизнинг ошпазларимизнинг иш ҳақи юқорилашса, бундай ҳолатлар бўлмайди. Бугунги кунда [боғча ошпазларининг] ойлик иш ҳақлари 1 млнга етмайди, бу жуда кам. Шунинг учун ҳам мен ўйлайманки, боланинг товоқчасига тегмаслик керак, бу – гуноҳ.

Бугунги кунда биз, вазирлик бўлганимизда ҳам, агентлик бўлганимизда ҳам бу нарсаларга бир маротаба эмас, бир неча маротаба мурожаат қилиняпти. Албатта, ҳаммаси бюджетга боғлиқ”, – дейди Асқархўжаева.

Таъкидланишича, 1 июндан президент қарорига асосан олий маълумотли педагог кадрларнинг ойлик маошлари бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлигига тенглаштирилади. Бугунги кунда боғча тизимида 167 минг нафардан зиёд педагог кадрлар фаолияти юритади, шунинг атиги 35 фоизи олий маълумотли ҳисобланади.

Расмий вакил тарбиячиларнинг эмоционал портлашгача етиб келишига боғчадаги ички носоғлом муҳит ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бунда ота-оналардан иборат жамоатчилик кенгашлари фаолияти яхши йўлга қўйилса, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланса, ҳаттоки боғча мудирасини лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Асқархўжаева берган маълумотларга кўра, мустақиллик даврига қадар Ўзбекистонда 11 мингдан зиёд давлат мактабгача таълим муассасалари бўлган.

2017 йилга келиб, уларнинг 5 211 тага тушган. 2024 йил январ ойидаги статистикага мувофиқ Ўзбекистондаги давлат боғчаларининг сони 6 минг 780 тани ташкил этади (жами боғчалар 33 942 та). Яъни бу сўнгги 7 йил ичида давлат қурган мактабгача таълим ташкилотларини сони 1 569 тага кўпайди дегани. Мавлуда Асқархўжаева, боғча қуришга бюджет маблағлари етмаслигини таъкидлади.

Битта давлат боғчасини қуришга 5 млрд сўмдан 20-40 млрд сўмгача кетади. Агар махсус боғча бўладиган бўлса, албатта, у ерда реабилитацион ускуналар қўйиш керак бўлади, шунинг учун нархи баланд бўлиб кетади. 120-90 ўринли боғча бўлса, 4-5 млрд сўм кетади.

Энг чекка қишлоқларимизда бундай боғча қуришга давлатнинг қурби етмайди, шунинг учун боғчамиз сони қанчага ошган. Давлат боғчаси ўша вақтда 4 минг 900 тага камайиб кетган, чунки ерлари ҳам сотилиб кетган. Ўша вақтда ҳокимликлар томонидан сотилиб кетган. Лекин ҳозир сотилмаяпти. Ҳозир мумкин эмас. Қонун ҳужжатларини яхши билган ҳудуд раҳбари боғчанинг ерига тега олмайди. Чунки у боғчанинг ери президент имзолаган ҳужжат билан сотишга рухсат берилмаган. Қайси ҳудудлари мумкин, унда ҳам президент қарорига бошқа ўзгартириш киритилган ҳолда энг чекке-чекка жойларда ижтимоий йўналишга тўғри келадиган бўлса, шундай қилиняпти. Лекин шунда ҳам тадбиркорларнинг фаолиятини кўпроқ қўллаб-қувватлаган ҳолда шундай ерларни ДХШга ҳама қаратяпмиз”, – деди у.

Қўшимча қилинишича, айни вақтда Ўзбекистонда 3−7 ёшли болалар сони 2 млн 930 минг 844 нафарни ташкил этади. Шунинг 74 фоизи, яъни 2 млн 169 минг 538 нафари боғчага боради. Қолган 800 мингга яқини эса мактабгача таълимга қамраб олинмаган, айнан боғчалар етишмовчилиги сабаб.

Нима қилиш керак? – “Тарбиячиларнинг ишдан розилиги ва психологик ҳолати ўрганилиши керак”

Габдулҳакова боғча болаларига бўлаётган зўравонликлар нафақат оила ва жамият, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам путур етказишини айтмоқда. Унинг айтишича, болаларга шикаст дейилганда фақат жисмоний жароҳат тушунилиши керак эмас.

Болани калтаклаб, қаеринидир майиб қилиш шарт эмас, агар бола доимий равишда уйдан ташқарида, боғчада стресс ҳис қиладиган бўлса, бу бутун оила ҳамда иқтисодий жиҳатдан давлатга ҳам катта зарар олиб келади. Чунки хавотири юқори бўлган бола ўз-ўзидан касал бўлаверади. Ота-оналар эътибор берганда ҳам болалар боғчага боришни бошлаганда, кўп йиғлаганда, кўп хавотирланганда бундай болаларда стресс ҳолати бўлгани учун касал бўлиш даражаси юқорироқ. Бундан ташқари, шундай хавотири юқори бўлган болаларнинг ўқиш, ўрганиш салоҳияти ҳам пастроқ бўлади. Яъни хавотирланиб, қўрқиб турганида ниманидир ўрганишга уларнинг тоқати етмай қолиши мумкин. Одам қўрқиб турган вақтда яшаб кетиш учун курашаётган бўлади, ақли бирор янги маълумотни олиб ривожлана олмайди”, – дейди у.

Психолог бу борада тарбиячиларнинг ишдан розилик даражаси ўрганилиши лозимлигини ҳамда турли психологик тестлар ўтказишни тизимли йўлга қўйиш самара беришини билдирди.

Тарбиячиларга кўпгина талаблар қўйишимиз мумкин, лекин уларга етарлича шароит, яъни уларнинг ишдан рози бўлишини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Яъни уларнинг ишдаги вазифаларини минималлаштириш, ойликларидан рози бўлиши, ишни жон-жаҳди, меҳр билан қилишига шароит ҳам яратиб беришимиз керак. Ҳозир тарбиячилардан ниманидир талаб қиладиган бўлсак, улар шунга яраша жавобан ҳеч нарса олмаяпти. Фақатгина ота-оналарнинг байрамларда берадиган совғаларни олаётган бўлиши мумкин. Боғча тизими яхшиланиши учун унга бир нечта тизимни киритган яхши. Масалан, мактаб ўқитувчилар шифокор қабулидан бир йилда бир маротаба ўтиб туриши керак. Худди шундай психологик тестларни ҳам қўшганимиз яхши. Психологик тест тарбиячиларнинг педагогик маҳоратини текшириш, уларнинг шахсиятини ўрганиш ва 3-бўлимда ишдан розилигини билиш бўйича тестларни киритиш жуда ҳам яхши, мана шу тестларнинг натижасига қараб умумий муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Инсоннинг руҳий бузилишлари бор ёки йўқлигини аниқловчи DSM4, DSM5 деган тизимлари ҳам бор. Шу тизимлар бўйича суҳбатлар, тестлар ўтказиб, тарбиячиларнинг руҳий саломатлигини аниқлаш керак. Тарбиячининг педагогик маҳоратидан ташқари, унинг шахсий қобилиятларини ҳам тестлар орқали билиб олиш мумкин. Масалан, стрессга чидамлилик, агрессивлик даражаси, конфликт вазиятларда ўзини тутиш қобилиятлари каби нарсаларни ҳам тестлар орқали аниқлаш мумкин, дунёда шундай махсус тестлар бор. Иложи борича болаларнинг олдига агрессивлиги юқори бўлган, ўзининг эмоцияларини бошқара олмайдиган одамларни қўймаган маъқул”,– деди у.

“Муаммонинг асосий илдизи – пул, ҳаммаси пулга бориб тақалаверади”

Мутахассиснинг айтишича, Мактабгача таълим агентлигининг боғчалардаги текширувлари қониқарсиз чиққан, атиги 20 фоиз муассаса талабга жавоб бериши аниқланган. Шарипова агар тизим шу тарзда ишлашда давом этаверса, болалар ва тарбиячилар жабр кўраверишини айтмоқда.

Муаммонинг асосий илдизи – пул, ҳаммаси пулга бориб тақалаверади. Бу тизимдаги муаммоларни тарбиячининг ойлигини кўтармасдан туриб, бартараф қилиб бўлмайди. Тарбиячининг хотиржамлиги бўлмаса, бола билан яхши ишлаб бўлмайди. Уларда шунчалик босим каттаки, рағбатлантириш ҳам йўқ. Рағбатлантириш ҳам фақат раҳбарларга яқин одамларга бўлади. Кейин гуруҳбозлик ҳам боғчаларда кўпайиб кетган. Тарбиячилар шундай босимда қолганидан кейин болаларга таълим ҳам беришмайди, шахсий ривожланишмайди ҳам. Уларда шахсий ривожланишга бўлган мотивация йўқ.

Тизим ярадор, ҳеч соғломлашмаяпти. Тарбиячиларнинг ойлигини оширишса, ҳеч бўлмаса, пулнинг мотивацияси сабаб яхшироқ ишлармиди... Лекин бунақанги носоғлом муҳитда барибир яхшиланмайди деб ҳам ўйлаб қоламан. Методика умуман ўлиб ётибди. Тизимга моддий ва маънавий-ахлоқий ечим керак. Маънавий-ахлоқий деганда бошқарувдагиларни тўғрилашни назарда тутяпман, чунки шу вақтгача бошқарувни тоазалай олишмаяпти.

Мактабгача таълимнинг ривожланиши учун унга ажратилаётган суммалар оширилиши ва тўғри йўналишларга сарфланиши муҳим. Аслида мактабгача таълим учун ажратилаётган маблағлар ҳам кам эмас, лекин шунча млрд суммалар тарбиячиларнинг чўнтагига бораётгани йўқ”, – деди мутахассис.

Тизимнинг ўзи тузалишни истайдими?

Агентлик ходими педагогларнинг болалар билан ишлаш кўникмасини текшириш, руҳий ҳолатини ўрганиш мақсадида махсус тестлардан ўтказилишини, ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини айтди. Унга кўра, тест жараёнлари 2024 йил июл ойидан бошланади, босқичма-босқич республикага татбиқ қилинади. Бу нафақат Мактабгача таълим агентлиги, балки Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Меҳнат инспекцияси билан биргаликда амалга оширилади.

Шунингдек, Асқархўжаева Мактабгача таълими агентлиги тизим сифатида мактаб таълимига қўшилиши соҳани ортга тортаётганини, вазирлик сифатида алоҳида қолиши муҳим бўлганини қайд этди.

Бизни [Мактабгача таълим агентлиги] 2023 йилда қисқартиришганида, айнан мактабгача таълим йўналиши қисқарган. Бу бизни яна олдинги ҳолатимизга қайтариб олиб келишга туртки бўлаяпти деб ўйлаяпман. Чунки айрим ҳудудларимизнинг қамров кўрсаткичи -18, -20 фоизга етган ҳолатлари бўляпти. Яъни қамров камаймоқда.

Албатта, бу борада зудлик билан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилинди. Айнан кимда қамров кўрсаткичи кам бўлгани юзасидан ҳокимлар билан учрашув ўтказилди. Бу нарсалар бартараф этиляпти, лекин шу вақтгача бундай ҳолат кузатилмаган-да. Идеал деганингизда шу тизим [алоҳида] қолиши керак эди”, – деди агентлик вакили.

У ҳудудлар кесимида мактабгача таълим соҳасида кадрлар камайиб кетганини, уларнинг ўрнини мактаб соҳаси мутахассислари эгаллаганини айтиб ўтди.

Умуман олганда маълум вақт давомида соҳада ўсиш кузатилгани рост. Болалар қамровида хусусий секторнинг кенгайгани, қайсидир маънода давлат боғчаларидаги юкламаларни олди. Аммо 2017 йилгача мавжуд бўлган 5 мингдан зиёд давлат боғчаси 7 йил ичида атиги 1,5 мингтага кўпайгани қувонарли эмас.

Бизнингча, давлат инсон сифати учун хизмат қиладиган ижтимоий объектларни, айниқса таълим муассасаларини қуришда давом этиши керак, энг кўп маблағлар ҳам шу ерга сарфланиши лозим.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид