Мирзиёев Бухорода йирик мажмуалар қурилишини бошлаб берди
Бухоро туманида халқаро аэропорт, Қоракўлда MTO газ-кимё мажмуаси, Олот туманида қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди.
Бухоро вилоятида йирик энергетика ва транспорт мажмуаларининг қурилиши бошланди. Қайд қилинишича, ҳудудда газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси, Бухоро халқаро аэропорти қурилиши режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур мажмуалар қурилишини бошлаб берди.
Улардан бири «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида қуриладиган газ-кимё мажмуасидир. У «мethanol to оlefins» (MTO) технологияси асосида ишлайдиган биринчи завод бўлади.
Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, юртимиз ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.
Янги заводда 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам қурилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг «ACWA Power», Хитойнинг «Gezhouba» компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари барпо этилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилиши мумкин.
Шу билан бирга, хусусий шериклик шартлари асосида Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қуриш кўзда тутилган. 226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмаси ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
20:23 / 10.12.2024
Ёғ-мой маҳсулотлари экспортига рухсат берилиши мумкин
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024