Сокин Даламан, эртакнамо Гўжек ва жўшқин Мармарис. Туркиянинг албатта бориш керак бўлган 5 нуқтасидан фоторепортаж
Asialuxe Travel туроператори янги сайёҳлик йўналишларини очмоқда. Энди ўзбекистонликлар Туркия жануби-ғарбидаги янги манзилларга отланиши, Даламан, Гўжек ва Мармарис билан яқиндан танишиши мумкин.
Эгей денгизи соҳиллари яқинидаги Даламан шаҳри Туркиянинг бошқа шаҳарлари каби машҳур эмас - ҳудуд яқиндан туристик марказ сифатида ривожлана бошлаган. Бу кўплаб мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон аҳолиси вакиллари учун мисоли очилмаган қўриқ кабидир.
Сайёҳлик ривожи учун биринчи навбатда талаб этиладиган шароит - денгизга яқин бўлган мазкур ҳудудда ўтган аср охирларида дастлаб аэропорт қурилган, кейин илк меҳмонхоналар, ресторанлар пайдо бўлган, пляжлар жиҳозланган ва турли томондан сайёҳларни ўзига жалб эта бошлаган.
7 июн куни Ўзбекистондан ҳам мазкур шаҳарга биринчи рейс амалга оширилмоқда. Бу орқали ушбу ҳудуддаги сайёҳлик марказларига янада тез ва янада осон етиб олиш мумкин бўлади.
Ҳилтон Даламан - ҳаловат ўлкаси
Бу атрофда ҳашаматли ва қулай меҳмонхоналар жуда кўп, аммо энг ўзгачаси - Hilton Dalaman Sarigerme. 2009 йилда қурилган ушбу беш юлдузли меҳмонхона Туркиядаги биринчи курорт меҳмонхона ҳисобланган. У асосан икки қисмдан иборат - дастлаб қурилган иккита беш қаватли бино ва кейинги йилларда барпо этилган соҳил уйлари (Lake house).
Бу маҳалладаги ҳар бир уй олдидан канал оқиб ўтган ва унинг илиқ сувида беармон чўмилиш мумкин. Хоналар кенг, ёруғ ва тоза, хизматчилар хоналарни ҳар куни тозалашади ва музлаткични тўлдириб кетишади.
Меҳмонхонада катта ҳудуд овқатланиш учун ажратилган ва меҳмонхона бир вақтнинг ўзида мингдан ошиқ мижозга хизмат кўрсатса-да, жойлар ва хизматчилар сони ҳам кўплигидан ҳеч қандай ноқулайлик сезилмайди. Нонушта, тушлик ва кечки овқат учун турли ресторан ва кафелар мавжуд, асосий ресторан эса шведча стол форматида хизмат кўрсатади. Ва бу нуқталарнинг барчасида турли-туман таомларнинг барчаси мазали ва ҳар куни меню ўзгариб боришига қарамай, таъм ҳамда хизматчиларнинг хушмуомилалиги ўзгармайди.
Ўзига хос курорт шаҳарчага айланган меҳмонхона ҳудудида вақтни мароқли ўтказиш учун барчаси бор - улкан бассейнлар, денгиз соҳилидаги улкан ва ораста пляж, концерт зали, бир қанча спорт турлари билан шуғулланиш учун майдонлар, болалар учун аквапарк ва ҳатто ҳайвонот боғи ҳам бор - зерикиб қолмаслик кафолатланган. Бундан ташқари, меҳмонхона яқинида жойлашган Саригерме қишлоғига чиқиб, кичик бозорчада маҳаллий аҳоли вакиллари ясаган турли буюмлардан харид қилиш мумкин.
Шу билан бирга, курортнинг ўзига хослиги шундаки, одам кўплигига қарамай, бу ерда шовқин йўқ, бу кўпроқ ҳаловат истаб келганларни бирлаштирган маскан - дарахтлардан таралаётган хушбўй ҳиддан маст бўлиб, шунчаки дам олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда - оилавий дам олиш учун идеал меҳмонхона. Ва у ердан кетганингдан кейин оҳанрабо каби ўзига чорлайверадиган жой.
Далян - улкан тошбақалар дарёси
Кўйжегиз кўлидан бошланадиган Далян дарёси бўйида қадимий Ликия давлатига мансуб археологик ёдгорликлар сақланиб қолган. Бу ўша даврнинг зодагон кишилари кўмилган сағаналардир. Бундай антиқа ёдгорликлар дарёнинг ёқалаб ажойиб пейзаж ҳосил қилади.
Кичик кема ва қайиқлар тинимсиз сузиб юрадиган бу дарёни Туркия Венецияси деб ҳам аташади. Дарёнинг ўзига хослиги - у дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Туркияда ҳам қизил китобга киритилган ноёб каретта тошбақалари учун ватанга айланган. Туркия ҳукумати тошбақаларнинг узунлиги бир метргача, вазни 200 килограммгача борувчи ушбу турини ҳимоялаш учун тегишли чораларни амалга ошириб келмоқда, хусусан ушбу дарёда қатнов ҳам тошбақаларга халақит берилмаслиги учун маълум соатларда чекланган.
Сайёҳлар дарё бўйлаб денгизга яқинлашганида махсус жойда тошбақаларни озиқлантириши мумкин. Қисқичбақа, моллюска, балиқлар ташланганида улар сув юзасига чиқиб, ўз рақсини намойиш этиб бериши мумкин.
Шу ергача сузиб келган сайёҳлар учун денгиз соҳилида катта пляж ҳам тайёрланган.
Боботоғ - унутилмас тоғ саёҳати
Муғла вилоятидаги яна бир диққатга сазовор жойлардан бири - Babadag' канат йўлидир. Туркия жанубидаги туристик марказлардан бири саналган Фетҳие шаҳри чеккасидаги Боботоғ ва Ўлудениз сайёҳлар албатта ташриф буюриши лозим бўлган масканлардир.
Ҳар мавсум бу ерга тоғ чўққисидан парапланда сакраш учун дунёнинг турли чеккаларидан минглаб спортчилар ва ҳаваскорлар ташриф буюришади. Сиз парапланда учишдан қўрқсангиз ҳам, бу тоғ чўққисига кўтарилишингиз керак.
Юқорига икки усулда чиқиш мумкин: автомобил (вездеход) ва фуникулер. Кўпчилик иккинчисини танлайди - унинг дастлабки бекати 1200 метрда. Бу баландликда тушиб, атрофни кузатиш, суратга тушиш мумкин. Қолаверса, ресторан, концерт саҳнаси (дарвоқе, бу ерда ҳар йили машҳур мусиқа фестивали ўтказилади), парк ҳамда парапланчиларнинг сакраш нуқтаси мавжуд. Бу ердан профессионал ва тажрибали парапланчилар ҳамроҳлигида оддий сайёҳлар ҳам учиши мумкин.
Кейинги бекат - 1700 м баландликда. Бу ерда ҳам ресторан, шунингдек сайр қилиш учун шиша кўприк, атрофни кузатиш майдони ва парапланчиларнинг сакраш ҳудуди мавжуд.
Шу ердан фуникулер ҳаракати тўхтаб, юқорига канат йўлида усти очиқ икки кишилик креслода ёки машинада чиқиш керак бўлади. 1800 м баландликдаги учинчи бекатда бургерхона, сайр қилиш ва суратга олиш ҳудуди ва парапланчилар нуқтаси бор.
Охирги баландлик - 1900 м. Бу ерда ҳам тамаддихона, вертолёт қўниш-учиш майдони ва албатта парапланчилар сакраш нуқтаси ўрнатилган. Спортчилар ҳаво шароитига қараб шу тўрт нуқтадан биридан сакрашади. Парвоз 25-30 дақиқа давом этади ва улар Ўлудениз соҳилига оҳиста қўнишади. Канат йўлида тушишда кўтарилишдаги каби ҳаракат бўлади, ҳаракат бир томонга, яъни 1700 метрга тушилгач, қайтиб 1800 метрга чиқиб бўлмайди.
Келинг, чиқинг, барча гўзалликка ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлинг.
Гўжек - миллионерлар шаҳри
Бу ерга исталган усулда етиб бориш мумкин, у Даламан аэропортидан 20 км масофада жойлашган. Туркиянинг шарқини ғарби билан боғлайдиган асосий шоссе ҳам шу шаҳардан ўтади. Бундан ташқари, Гўжек - денгиз орқали ҳаракатланувчиларнинг қуруқликка чиқиш ва сувга тушиш жойи ҳисобланади.
Шаҳарда кўп қаватли биноларни умуман учратмайсиз. 1998 йилги янги қурилиш нормаларига кўра, бу ерда биноларни икки қаватдан юқори қилиб қуриш тақиқланган, бу эса шаҳарни асл ҳолида сақлаб қолиш имконини берган. У айниқса кун ботганда эртакнамо кўриниш олади.
Шаҳарнинг сайёҳларни ўзига жалб қилувчи хусусиятларидан бири - ҳар қандай мавсум учун идеал об-ҳавога эгалигидир. Эрта тонгда момақалдироқ гулдираб, жала қуйиши, бир соат ўтмай қуёш чарақлаб қизитиши мумкин.
Бу ердаги энг яхши меҳмонхоналардан бири - Rixos Premium Gojek. Бу каттагина майдонни эгаллаган меҳмонхонадаги ресторан ва кафеларда миллий ва европача таомлардан лаззатланиш, ҳовузларда чўмилиш, дарахтзорлар оралаб сайр қилиш мумкин.
Меҳмонхона катерлари мижозларни бир зумда яқиндаги орол соҳилига элтиб қўяди, бу ерда Secret beach жойлашган, истовчилар кунни шу ерда мароқли ўтказиши учун ҳам барча шароитлар муҳайё қилинган.
Гўжекнинг яна бир машҳур нуқтаси - Port villa ҳисобланади. Канал ёқасидаги хусусий уйлар ҳосил қилган ажойиб манзара фонида бошқа жойда такрорланмас суратларга тушиш мумкин.
Мармарис - ёшлар учун курорт
Бу ерни Туркиядаги Ибица ҳам дейишади. Бу ерда мамлакатдаги энг узун пляж соҳили жойлашган, унинг бошидан охирига қадар сизга кафе ва ресторанлар, дўконлар тизилган. Соҳил айниқса тунда гавжум бўлиб, ёшлар учун мусиқа ва рақс кечалари ташкил этилади.
Бундан ташқари, денгизнинг тиниқ сувида чўмилиш, круиз ёки кичикроқ қайиқларда денгиз саёҳатига отланиш мумкин.
Шаҳарнинг эътиборли жойларидан яна бири - Мармарис қалъаси. Қалъа 1522 йилда Сулаймон буюк фармони билан ҳарбий мақсадда қурилган ҳамда Родос ороли учун жангларда кемаларни кўздан пана қилиш учун фойдаланилган. Ҳозирда қалъанинг бир қисми яхши сақланиб қолган ва музейга айлантирилган.
Доим қуёш чарақлаб турадиган бу курорт албатта келишга арзийди.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
19:36 / 18.12.2024
“Asialuxe Travel” билан Малдив ва Анталияда ҳақиқий байрамни ҳис қилинг
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
18:39 / 14.12.2024