Истанбулда 4 қаватли турар жой биноси қулаб тушди
Оқибатда 1 киши ҳалок бўлиб, 8 киши жароҳатланди. Аниқланишича, 1988 йилда қурилган бино архитектура-муҳандислик стандартларини бузган ҳолда барпо этилган, боз устига кейинроқ бино устида бир қават қўшимча ноқонуний қурилиш қилинган.
Истанбулнинг ғарбий қисмида 4 қаватли турар жой биноси қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 8 киши жароҳатланган.
Кучукчекмеже туманида жойлашган бино якшанба куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:45 да қулаган. Ҳодиса сабаблари аниқ эмас, портлаш ёки сейсмик фаоллик белгилари кузатилмаган.
Воқеа жойига келган шаҳар мэри Довуд Гул вайроналар остидан 7 киши чиқариб олинганини айтди. Кейинроқ мэрия яна бир киши қутқарилгани, 1 кишининг жасади топилганини маълум қилди.
Бино бундан 36 йил аввал қурилган бўлиб, унинг юқори икки қаватида одамлар яшаган, пастки икки қаватида эса тадбиркорлар фаолият юритган.
Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Меҳмет Ўзҳасекининг сўзларига кўра, бино қуриб битказилгач, унинг устига бир қават қўшимча ноқонуний қурилиш қилинган. Бирламчи текширувларда бино архитектура-муҳандислик стандартларини бузган ҳолда қурилгани, қурилишда денгиз қуми ишлатилгани аниқланган.
Воқеа Истанбулдаги уй-жойларнинг зилзилага бардошлилиги бўйича хавотирларни кучайтирди. Ўтган йили февралда Туркия ва Сурия ҳудудларида рўй берган 7,8 магнитудали зилзила ва кўплаб афтершоклар оқибатида Туркияда 53 мингдан ортиқ, Сурияда 6-8 минг атрофида қурбонларга олиб келганди.
Бу ҳалокатли зилзиладан кейин Истанбулда “исталган дақиқада” қулаб тушиши мумкин бўлган уйларни бузиш бошланган эди. Шаҳар мэриясига кўра, гап 10 минг киши истиқомат қилаётган 318 та бино ҳақида кетяпти. Яна 1,5 мингта турар жой юқори хавф гуруҳига киритилган.
16 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Истанбул шаҳри Шимолий Анадолу тектоник плита ёриғи яқинида жойлашган. 1999 йилдаги зилзилада Истанбулда 18 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
17:52 / 17.12.2024
WSJ: АҚШ Сурия чегарасида турк қўшинлари тўпланаётганидан хавотирда
18:39 / 14.12.2024
Туркия АҚШдан Газпромбанкка қарши санкцияларни юмшатишни сўради
18:23 / 09.12.2024