Ўзбекистон | 19:47 / 05.06.2024
29887
5 дақиқада ўқилади

«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун қабул қилинди

Президент томонидан «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ҳужжат давлат органлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ компанияларга нисбатан татбиқ этилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли ташкилот этиб белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.

Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади, дейилади хабарда.

Унга давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилган.

Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:

  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
  • улар қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.

Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек иш жойи ва лавозими;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР).

Декларация ҳар йили 15 февралгача умумлаштирилади ва таҳлил қилинади

Қонунга мувофиқ, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими шахсга доир маълумотлари ўзгарган тақдирда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тўлдириши ва ҳар йили 15 январдан кечиктирмай махсус бўлинмага тақдим этиши керак.

Давлат органига ёки бошқа ташкилотга ишга қабул қилинаётган номзод, шунингдек бошқа ишга ўтказилган ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги белгиланган шаклдаги декларацияни тўлдириши ва тақдим этиши керак.

Махсус бўлинма:

  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ҳар йилги декларацияни ҳар йили 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади;
  • эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) таъминлаш учун ҳар йили 1 мартга қадар одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритади;
  • одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинган хулосага асосан эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг бевосита раҳбарига ёхуд давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг юқори турувчи раҳбарига таклиф киритади.

Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлигига номзод ишга қабул қилинаётганда ёхуд давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими бошқа ишга ўтказилаётганда, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияни тақдим этганидан кейин махсус бўлинма юқорида назарда тутилган ишларни 5 кунлик муддатда амалга оширади.

Мавзуга оид